Словакия элчиси: «Ўзбекистон — халқаро ҳамжамиятнинг фаол ва муносиб аъзоси»
  • 01 Сентябрь 2016

Словакия элчиси: «Ўзбекистон — халқаро ҳамжамиятнинг фаол ва муносиб аъзоси»

Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 25 йиллиги байрами арафасида «Жаҳон» ахборот агентлиги мухбири Словакия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Иван Павол билан суҳбатлашди. Бўлиб ўтган мулоқот чоғида Словакия дипломатик миссиясининг раҳбари ўзбек халқини ушбу қутлуғ сана билан чин дилдан муборакбод этар экан, республикамизнинг суверен ривожланиш йиллари давомида эришган муваффақиятларини юқори баҳолади.

— Ўзимнинг дипломатик миссиям доирасида Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан ўтказиладиган байрам -тадбирларида иштирок этиш мен учун катта шарафдир, — деди Словакия элчиси. — Шуниси алоҳида қувонарлики, жорий йилда мустақилликнинг 25 йиллик юбилей санаси нишонланмоқда.  

Кўп йиллар бурун, дипломатия университетининг талабаси бўлган  чоғларимда ўзбеклар заминига илк маротаба сайёҳ сифатида келганимни айтишни истар эдим. 2013 йилнинг август ойида эса, орадан 30 йилдан кўпроқ вақт ўтганидан сўнг, юртингизга мустақил Словакия Республикасининг мустақил Ўзбекистон Республикасидаги элчиси сифатида келдим. Мамлакатингиздаги ўз миссиямнинг ўтган даври мобайнида турли шаҳар ҳамда ҳудудларда бўлдим, ҳамма жойда дўстона -самимиятга рўбарў келдим, ўзбек халқининг илиқ меҳмондўстлигини ҳис қилдим.  

Шуни қайд этиш жоизки, мустақиллик қўлга киритилганидан сўнг ўтган чорак аср давомида республикангиз миллий иқтисодиётни ривожлантириш, инфратузилмалар қурилиши, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш борасида катта ютуқларга эришди.

Сайёҳлик салоҳияти юксалгани ҳамда маданий мерос ёдгорликларини асраб-авайлаш, уларни қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига давлат томонидан қаратилаётган эътибор алоҳида таҳсинга лойиқ.  

Халқаро ташкилотлар ҳамда экспертлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг юқори, изчил ўсиб бораётганини, мамлакатингиз саноатни ривожлантириш мақсадини кўзлаганини қайд этишаётир. Агар эслайдиган ва ўтган асрнинг 90-йиллари бошларига таққослайдиган бўлсак, кўпгина давлатларга, жумладан, Ўзбекистон ҳамда Словакияга ҳам ўша кезлари иқтисодий жиҳатдан осон бўлмаган. Бугун шуни ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатингиз ўз анъаналари ва салоҳиятига таянган ҳолда, тараққиётнинг ўзи танлаган модели асосида мустақил давлат барпо этишнинг муҳим босқичини муваффақият билан адо этди.

Ҳозирги пайтда тинчлик ҳамда барқарорлик шароитида Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётни мустаҳкамлаш мақсадида кўпгина ўзгаришларни амалга оширмоқда, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари интилаяпти. Бу жараёнда дунёнинг ривожланган мамлакатлари тажрибаси ҳисобга олинаётгани ижобий омил саналади. 

Ўзбекистонда ҳар бир йил муайян ижтимоий йўналишни ривожлантиришга бағишланишини қизиқарли ва ноёб анъана, деб ҳисоблайман. Жумладан, жорий йилда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури амалга оширилмоқда. Оналик ҳамда -болаликни муҳофаза қилиш, саломатликни мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган авлодни баркамол этиб тарбиялаш бўйича кенг қамровли тадбирлар мажмуи ҳаётга татбиқ этилаётир. Бу Ўзбекистон давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Чунки оналик ва болалик ҳамда бутун аҳоли саломатлиги ҳақида, энг аввало, унинг асосий бўлаги бўлмиш оила тўғрисида ғамхўрлик қилиш давлат ва фуқаролик жамияти вазифасининг ажралмас бўлагидир.   

Бугунги Ўзбекистон Республикаси — халқаро ҳамжамиятнинг муҳим, фаол ҳамда муносиб аъзоси.  Мамлакат 25 йил ичида ўзининг миллий суверенитетини мустаҳкамлаб олди. Давлатнинг масъулиятли, тинчликсевар сиёсатини ва унинг мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига, ўзаро ишонч, глобал ҳамда минтақавий хавфсизлик мустаҳкамланишига йўналтирилган ташаббусларини қайд этиш муҳимдир.

Биз айнан Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудудга айланганини, сўнгра БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари томонидан қарор қабул қилинганини эслаймиз ва қадрлаймиз. Шу билан бирга, Ўзбекистон бошқа давлатлар, хусусан, Словакия билан биргаликда Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш ҳамда барқарорлаштириш жараёнида ҳамкорлик қилиш ва кўмак кўрсатишни давом эттирмоқда. 

Жорий йилнинг иккинчи ярмида Словакия Европа Иттифоқи Кенгашида раислик қилаяпти. Шу боисдан ҳам кўҳна цивилизация ўчоғи, минтақанинг асосий марказларидан бири ҳамда Марказий Осиёда хавфсизлик таъминланишининг замонавий кафолати бўлган Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи фаол ҳамкорлик қилаётганини қайд этишни истар эдим. Муштарак қизиқишнинг мавжудлиги туфайли Европа Иттифоқининг республика билан ўзаро манфаатли шериклик муносабатлари кейинги йиллар давомида жадал ривожланаётир.

Словакия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг 23 йили ичида биз сиёсий соҳада ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида, шунингдек, савдо алмашувлари ва ўзаро манфаатли иқтисодий кооперация, маданий ҳамда илмий алмашувлар, университетлараро алоқалар, сайёҳлик, спорт жабҳаларидаги  ҳамкорликнинг асосий заминини барпо этишга муваффақ бўлдик.  Ҳозирги босқичда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси вакиллари билан биргаликда ҳамкорликни фаоллаштириш устида иш олиб -бормоқдамиз. Биз иқтисодий алоқалар даражасини юксалтириш ва сармоявий-технологик ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш учун мавжуд салоҳиятлардан фойдаланмоғимиз лозим. 

Шуниси қувонарлики, стипендия ҳамда дастурлар йўналишида Словакия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони тобора кўпаймоқда, шу тариқа таълим соҳасидаги алоқа ва алмашувлар муваффақият билан ривожланаётир. 

Рио-де-Жанейрода ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ўзбек спортчиларини, жумладан, ўз тоифалари бўйича тўртта олтин, иккита кумуш ҳамда еттита бронза медални қўлга киритган  бокс, оғир атлетика, дзюдо ва кураш усталарини ғалаба билан табриклаймиз. Бундай аъло натижаларга эришган  Ўзбекистон ўзининг Олимпия ўйинлари ғолиблари билан ҳақли равишда фахрланса арзийди, зеро, улар мамлакатда вояга етаётган иқтидорли спортчилар учун намуна бўлишларига асло шубҳа йўқ. 

Ўзбекистон аҳолисини республика мустақиллигининг 25 йиллиги билан чин дилдан қутлайман. Уларнинг барчасига мус-таҳкам саломатлик, тинчлик, фаровонлик ҳамда мамлакатга янада улкан тараққиёт тилайман.

 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn