«Ҳинд ишбилармонлари Ўзбекистон бозорида фаолият юритишдан манфаатдор»
  • 25 Август 2016

«Ҳинд ишбилармонлари Ўзбекистон бозорида фаолият юритишдан манфаатдор»

Аввал хабар қилинганидек, хорижий мамлакатлар жамоатчилиги вакиллари Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан халқимизни самимий табриклаб, ўтган давр мобайнида юртимизда эришилган муваффақиятлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Жумладан, Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ходимларининг қуйидаги қутловлари ҳам шу ҳақда. 

Автар СИНГХ, “Business Central Asia” журналининг бош маслаҳатчиси:

— Бугунги кунда Ўзбекистонда муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Энг асосийси, улар бутун минтақа тараққиётига -дахлдорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Шу боис юртингиз мустақил ривожланиш йилларида барча соҳада, айниқса, иқтисодий жабҳада салмоқли муваффақиятларга эришди. -Ишлаб чиқариш тармоқлари илғор ҳамда замонавий технологиялар ҳисобига доимий равишда модернизация қилинаётгани диққатга сазовор.

Бундан ташқари, яратилган мустаҳкам қонунчилик тизими мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳити шаклланишига, жалб этилаётган хорижий сармоялар ҳажмининг ўсишига ва ушбу мўъжизакор давлатга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими ортишига хизмат қилаяпти. 

Тараққиётнинг “ўзбек модели” самарали амалга оширилаётгани ҳиндистонлик бизнесменлар учун республиканинг аҳамиятини янада оширувчи омиллардан бири ҳисобланади. Шу маънода, айтиш мумкинки, бизнинг мамлакат ишбилармонлари ўзбек бозорида фаолият юритишдан манфаатдор бўлгани боис қўшма корхоналар сони тобора кўпаймоқда.

Ўзбекистонга бир неча маротаба борганман. Ҳар сафар барқарор тараққиёт ҳамда аҳоли турмуши тобора яхшиланаётганига гувоҳ бўлганман. 

Меҳнатсевар ўзбек халқини ҳурмат қиламан ва юксак қадрлайман. Республиканинг барча аҳолисини мустақиллигингизнинг 25 йиллиги билан табриклайман. Ўзбекистон ҳамиша ривожланиб, гуллаб-яшнайверсин. 

 

Депанжан ЧАУДХУРИ, “The Economic Times” газетасининг сиёсий масалалар бўйича бош муҳаррири ўринбосари:

— Юртингизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳиндистонликлар катта қизиқиш билан кузатиб боришади. Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганидан сўнг мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстона алоқалар сифат жиҳатидан янгича мазмун касб этганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Сиёсий шарҳловчи сифатида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ривожланишида Ўзбекистоннинг тутган ўринни алоҳида қайд этишни истардим. Мамлакатингизнинг 2015-2016 йилларда ШҲТга раислиги даврида амалга оширилган ишлар мазкур ташкилот фаолиятини юксак даражага кўтарди. Айнан шу даврда Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзолангани Ўзбекистоннинг юқори нуфузга эга эканлигини яна бир карра тасдиқлайди.

Ўзбек халқи ҳаётидаги энг муҳим ва улуғ байрам — Мустақиллик куни муносабати билан ўзимнинг самимий қутловларимни йўллар эканман, дўст ўзбекистонликларга тинчлик ҳамда эзгулик, янгидан-янги муваффақиятлар тилайман.

 

«Жаҳон» АА.

Деҳли

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn