«Ўзбекистон ишончли ва барқарор ҳамкоримиздир»
  • 11 Август 2016

«Ўзбекистон ишончли ва барқарор ҳамкоримиздир»

Тобора яқинлашиб келаётган қутлуғ байрамимиз — Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан хорижий мамлакатлар вакилларидан халқимиз номига йўлланган табриклар келиши давом этмоқда. Уларда самимий тилаклар билдирилиб, республикамиз тараққиёти хусусидаги фикр-мулоҳазалар ўз ифодасини топган.

Херберт ДОРФМАНН, Европа парламенти депутати, Европа парламентининг Марказий Осиё -мамлакатлари бўйича делегацияси аъзоси:

— Мен Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, энг аввало, халқ фаровонлигини юксалтириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган ислоҳотлардан яхши хабардорман. 2009 йилдан буён Европа парламентидаги фаолиятим доирасида ўзбек ҳамкасбларим билан қатор учрашув ва музокараларда иштирок этиш, республикада босқичма-босқич рўёбга чиқарилаётган ўзгаришларнинг эътиборга молик натижалари билан танишишга муваффақ бўлганман.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган ривожланиш стратегияси хом ашёга асосланган марказлашган иқтисодиётдан бозор муносабатларига ўтиш имконини берди. Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон жаҳон майдонида ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга, халқаро ҳамкорликни, шу жумладан, Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга эришди.

Республиканинг Европа давлатлари билан ҳамкорлиги ҳақида тўхталар эканмиз, ўзаро алоқалар иқтисодий жабҳада бўлгани сингари таълим, илмий алмашувлар, сайёҳлик соҳаларида ҳам фаол ривожланиб бораётганини қайд этишни истар эдим. Ўзбекистон ишончли ҳамда барқарор шерик ҳисобланади, республика билан кўп қиррали муносабатларни кенгайтириш икки томонлама фойдалидир, деб ҳисоблайман.

Бутун дунёга машҳур бўлган тарихий шаҳарлар — Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкентга ҳар бир европалик бориши, мамлакатнинг бой тарихи ҳамда маданияти билан танишиши керак.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек халқини мамлакат мустақиллигининг 25 йиллиги билан табриклаб, янада юксак тараққиёт, фаровонлик ҳамда замонавий демократик давлат қуриш йўлида янги муваффақиятлар тилайман.

 

Доминик ТИЛЬМАНС, Бельгия фахрий сенатори, EURISY Европа ассоциацияси президенти:

— Суверен ривожланиш йилларида Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ислоҳотлар олиб бориб, кенг кўламли институционал ўзгаришларга, тараққиётга эришди. Қишлоқ жойларда замонавий уйларнинг барпо қилинаётгани, мамлакатдаги шаҳарлик бўлмаган аҳолининг яшаш тарзи сифат жиҳатидан янада юқори даражани касб этаётгани республикада олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари кўламининг катталигидан далолат беради.

Буларнинг ҳаммаси, яъни иқтисодиёт, таълим, қишлоқ хўжалигидаги ўзгаришлар, изчил демократик ислоҳотлар, жамият ҳаётининг барча соҳасини либераллаштириш ҳамда модернизациялаш борасидаги натижалар ўзбек халқига мустақил ривожланишнинг 25 йиллик йўли билан ҳақли равишда фахрланиш имконини беради.

Албатта, Ўзбекистон ҳам худди Бельгия сингари кўп ишларни амалга оширмоғи лозим, чунки эришилган даража катта имкониятлар эшигини очмоқда. Шубҳа йўқки, республикада ҳукм сураётган сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, миллатлараро ҳамда динлараро ҳамжиҳатлик бундан кейинги ривожланишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Юртингиз аҳлини юксак марралар қўлга киритилгани билан табриклайман, олдинда турган вазифаларнинг амалга оширилиши йўлида энг эзгу тилакларимни билдираман.

 

Патрисия ЛАЛОНД, Европа прогнозлаш ва хавфсизлик институтининг катта илмий ходими (Франция):

— Мамлакатингизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда, ўлканинг замонавий тараққиётида аҳолининг иштирокини -фаоллаштиришга ҳамда кенгайтиришга кўмаклашадиган фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Аёллар фаоллигини, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳамда мақомини оширишга кўмаклашадиган салмоқли ўзгаришлар алоҳида эътирофга сазовордир.

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллик юбилей санаси муносабати билан республика аҳолисини чин дилдан табриклайман ва бардавом тинчлик, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.

 

Зильке ДОБРОНСКИ, “Kulturring in Berlin e.V.” ташкилоти аъзоси  (Германия):

— Ўзбекистон мустақиллик йилларида арзирли ютуқларга эришди. Мамлакатингизда -сайёҳликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам алоҳида -таҳсинга лойиқ. Бухорода ўтказиладиган “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивали ажойиб -анъанага айлангани ҳақидаги маълумотлар менда алоҳида қизиқиш уйғотган. Бундай -маданиятлараро анжуманларнинг ташкил қилиниши хорижий элларда ўзбек халқининг бой -меросини ўрганишга бўлган интилишни янада оширишга ҳамда маданий мулоқотнинг қўллаб-қувватланишига кўмаклашиши, шубҳасиз. Яқин вақт ичида Бухоро ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига боришга муяссар бўламан, деб умид қиламан.

Ушбу ажойиб имкониятдан фойдаланган ҳолда, тобора яқинлашиб келаётган байрам — Мустақиллик куни билан барча ўзбекистонликларни муборакбод этарканман, ўзимнинг самимий изҳорларимни йўллашдан беҳад мамнунман.

 

Пак Ки ПУНГ, Корея Республикаси Пудратчилар халқаро ассоциациясининг раиси:

— Республикангизда саноатни ривожлантириш, унинг тизимларини янгилаш бўйича эришилган ютуқлар менда катта таассурот қолдирди. Юқори технологияга асосланган замонавий корхоналарнинг ишга туширилиши, ишлаб чиқаришнинг модернизациялашуви ҳамда диверсификациялашгани эътиборга лойиқ. Бу ўзбек иқтисодиётининг рақобатдошлиги ошишига кўмаклашади. Мамлакатда самарали сармоявий сиёсат ҳаётга татбиқ қилинаётгани туфайли бундай натижаларга эришишнинг имкони бўлди, деб ўйлайман.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида яқин ҳамда дўстона алоқалар мавжуд. -Жанубий Корея компаниялари газ-кимё заводлари, электростанциялар, инфратузилма объектлари барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишда фаол қатнашмоқда.

Жанубий Кореянинг барча қурилиш компанияси номидан меҳмондўст ўзбек халқини яқинлашиб келаётган ғоят муҳим воқеа — Ўзбекистон мустақиллигининг юбилей байрами билан табриклаш мен учун катта шарафдир. Халқингизга бардавом фаровонлик, бахт-саодат ва мустаҳкам саломатлик тилайман.

 

Шин Бом СУК, Сеул миллий университети ҳузуридаги Осиё тадқиқотлари маркази директори:

— Суверен ривожланиш йиллари мобайнида Ўзбекистон турли жабҳаларда зўр муваф-фақиятларни қўлга киритди. Жумладан, республикада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партиялар, жамоатчилик ҳаракатлари, бирлашма ҳамда жамғармалар, касаба уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил оммавий ахборот воситалари сингари фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш учун ташкилий-ҳуқуқий ҳамда моддий-техникавий шароитлар яратилди.

Дўст Ўзбекистон халқини мамлакатингизнинг улуғ байрами билан чин қалбимдан табриклайман.

 

Йе ЯО, Чжэцзян провинцияси Ташқи ишлар департаменти директори (Хитой):

— Кучли ижтимоий сиёсат мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлабоқ Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ қилинаётган тараққиётнинг “ўзбек модели”даги муҳим жиҳат ҳисобланади. Ҳар томонлама ривожланган авлодни тарбиялаш, оила институтини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни эса алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистонда ҳар бир йил муайян ижтимоий йўналишга бағишланиши ўта муҳим вазифаларнинг ҳал этилишига ҳамда муҳим ташаббусларнинг бажарилиши юзасидан давлат ва жамиятнинг эътиборини қаратиш имконини яратадики, бу мамлакат тараққиётида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. 2016 йил республикада “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлди.

Шу нуқтаи назардан, “Save the Сhildren” нуфузли халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олгани бежиз эмас.

Ўзбекистон болалари ҳамиша жисмонан соғлом, интеллектуал кучли бўлишини тилайман. Мамлакатингиз аҳлига яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами қутлуғ бўлсин.

 

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn