Владимир Тюрденев: «Мустақиллик куни — мамлакат фуқаролари бирлигининг ёрқин рамзи»
  • 03 Август 2016

Владимир Тюрденев: «Мустақиллик куни — мамлакат фуқаролари бирлигининг ёрқин рамзи»

Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллик байрами арафасида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири Тошкентда аккредитациядан ўтган дипломатия миссияларининг айрим раҳбарлари билан суҳбатда бўлди.

Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев ушбу муҳим сана муносабати билан ўз фикр-мулоҳазаларини ҳамда самимий тилакларини изҳор этди.

— Владимир Львович, суҳбатимиз муҳим воқеа — Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида кечмоқда. Давлат ҳамда жамият қурилиши соҳасида юртимиз эришган муваффақиятлар юзасидан Сизнинг фикрларингизни билишни истардик.

— Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ўсувчанлиги, давлат ҳамда жамоатчилик тизимларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаган чуқур ислоҳотлар ўтказилди.

Маълумки, тараққиётнинг “ўзбек модели” моҳиятан кучли ижтимоий йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Мамлакатда оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, кекса авлод вакилларига ғамхўрлик кўрсатиш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Ёшларга бениҳоя катта эътибор кўрсатилмоқда — болалар ҳамда қизлар ўз иқтидорларини намоён қилишлари ва сифатли таълим олишлари учун тобора кенг имкониятлар эшиклари очилмоқда. Соғлиқни сақлаш, спорт, илм-фан, маданият соҳаларини ривожлантириш юзасидан жиддий ишлар олиб борилаётир. Муносиб инфратузилма, замонавий спорт мажмуалари, тиббиёт муассасалари, барча шарт-шароитга эга бўлган дам олиш масканлари барпо этилгани диққатга сазовор.

Шубҳа йўқки, бу муваффақиятлар — меҳнаткашлиги, юксак маънавияти, аниқ мақсад сари интилувчанлиги ҳамда қийинчиликларни бартараф қилиш қобилияти билан ҳурмат ва ном қозонган ўзбек халқининг хизмати. Айнан ана шундай сифатлар давлат ҳамда жамият барқарор тараққиётининг гарови ҳисобланади.

— Иқтисодий ривожланиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлайдиган ҳаракатлантирувчи куч нима деб ўйлайсиз?

— Юртингизнинг иқтисодий ютуқлари танланган самарали стратегия — миллий иқтисодиётни тараққий топтиришнинг “ўзбек модели” билан боғлиқ. Кўп жиҳатдан мулкчилик шаклларини тубдан ўзгартириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, корпоратив бошқарув тамойиллари ва ёндашувларини ўзгартириш бўйича тизимли чора-тадбирлар туфайли иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатларига эришилаяпти.

Республикада саноатни модернизациялаш ишлари изчил олиб борилаётгани, мулкдорлар ҳамда хусусий тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқларини кафолатлаш ва муҳофаза этишни кучайтириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламининг қабул қилингани, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш соддалаштирилгани ҳамда енгиллаштирилгани иқтисодиётга жалб этилаётган сармоялар ҳажми оширилишини таъминламоқда.

Мева-сабзавотчилик, боғдорчилик ва чорвачилик ҳамда маҳсулотларни саноат асосида қайта ишлаш изчил ривожланиб бораётир. Аҳоли даромадларини кўпайтириш ва одамларнинг ҳаёт даражаси ҳамда сифатини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг барқарорлигида муҳим ўрин тутади.

Шуни айтишни истардимки, Россия — Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқалари изчил ривожланиб бормоқда ҳамда яхши истиқболларга эга. Иқтисодий ҳамкорлик, ҳеч муболағасиз, мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг асосий қирраларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳамон Россиянинг Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари орасидаги асосий савдо шерикларидан биридир. Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг қарийб 18 фоизи бизнинг мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. Россия Ўзбекистоннинг энг йирик сармоявий шерикларидан ҳисобланади. Сўнгги йилларда Россия компаниялари томонидан ўзбек иқтисодиётига 6 миллиард АҚШ долларидан зиёд миқдорда сармоя киритилди. Республикада Россия иштирокидаги салкам 900 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда, Россияда эса ўзбек капитали асосида 500 дан зиёд корхона тузилган.

— Анъанага кўра, Ўзбекистонда ҳар бир йил муайян ижтимоий йўналишга бағишланади. Жорий йилда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда. Шу ўринда ушбу дастур ҳамда республикада ижтимоий соҳанинг ривожланиши тўғрисидаги фикрларингизни билдирсангиз.

— Ўтган йили мамлакатда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури амалга оширилди, 2016 йили эса Президент Ислом Каримов ташаббуси билан “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу ижтимоий йўналтирилган давлат сиёсатининг ҳаққоний ҳамда мантиқий давоми бўлди. Аёллар ва болалар саломатлиги муҳофазаси, жисмонан ҳамда маънан соғлом авлод тарбияси ушбу сиёсатдаги устуворлик ҳисобланади.

Жумладан, бу йўналишда муваффақиятларга эришиш учун оила, оналик ва болалик муҳофазасига оид қонунчилик ҳамда меъёрий-ҳуқуқий заминни мустаҳкамлаш, зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитларни яратиш бўйича ишларни изчил давом эттириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, жисмоний тарбия ҳамда спортни оммалаштириш, таълим тизимининг ролини кучайтириш устувор вазифа этиб белгиланди.

2016 йил юртингизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланиши Ўзбекистон раҳбариятининг гуллаб-яшнайдиган давлатни барпо қилиш йўлида янги марраларга эришишга бўлган қатъий содиқлигидан далолат берадики, бунда соғлом авлоднинг ўрни алоҳидадир. Оналик муҳофазаси ҳар қандай мамлакат учун муҳимдир, чунки соғлом бола — кучли давлат ҳамда миллат келажагининг асоси.

— Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилади. Миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича “ўзбек модели”нинг ноёблигини бугун дунё жамоатчилиги юксак эътироф этмоқда. Элчи жаноблари, бизни ўзбек жамиятида ҳукм сураётган толерантлик муҳити борасидаги фикрларингиз ҳам жуда қизиқтиради.

— Толерантлик Ўзбекистонда ўзининг кўп асрлик илдизларига эга. Айнан шу заминда турли-туман миллатлар, динлар ҳамда анъаналар ўзаро яқин ҳамкорликда, ёнма-ён ҳаёт кечирган. Турли цивилизациялар бир-бирига қўшни бўлган, дунё маданиятлари бир-бирини глобал бойитиш жараёнлари рўй бергани тарихдан маълум.

Мустақиллик йилларида кўп миллатли Ўзбекистон барқарорликни, миллатлараро ва динлараро тинчлик муҳитини сақлаб қолди. 130 дан зиёд миллат ҳамда элатлар, 16 диний конфессия вакиллари истиқомат қиладиган, Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп мамлакатда ҳамжиҳатлик ва толерантлик муҳитининг қўллаб-қувватланиши бўйича яратилган ўзбек тажрибаси дунёда ноёб ҳисобланади. Бу, шубҳасиз, мазкур масалага катта эътибор қаратаётган ҳамда самарали ижтимоий сиёсат юритаётган республика раҳбариятининг хизматидир.

Шуни таъкидлаш зарурки, миллатлараро ва динлараро ҳамжиҳатлик ўзбек халқи феъл-атворидаги фазилат, кўп асрлик яхши қўшничилик ҳамда меҳмондўстлик анъаналарининг инъикоси ҳисобланади. Бу, айниқса, Иккинчи жаҳон урушида эвакуация қилинган 1,5 миллион нафар одамни Ўзбекистон ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилганида яққол намоён бўлган эди. Улар орасида қамалдаги Ленинград, Беларусь, Польша ва Украинадан олиб келинган қарийб 300 минг нафар етим бола бор эди.

— Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти...

— Мамлакатимиз ХХI асрда давлатлараро ҳамкорлик фақат халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТнинг марказий мувофиқлаштириш роли асосида, том маънодаги тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатлари ўзаро ҳисобга олинган ҳолда қурилиши мумкин, деб билади.

Россия Федерацияси иттифоқчимиз ҳамда стратегик шеригимиз — суверен Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланишига катта аҳамият қаратади. Конструктив сиёсий мулоқот амалга оширилаяпти, иқтисодий алоқалар мустаҳкамланаётир, гуманитар ҳамкорлик кўламлари кенгаймоқда.

— Шу ўринда, давлатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларингизни ўртоқлашсангиз.

— Биз Россия — Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик борасида ажралиб турадиган бир-бирини тўғри тушуниш ҳамда ўзаро ишончнинг юқори даражасини қадрлаймиз. Мамлакатларимиз бир-бирининг барқарор ривожланиши ва гуллаб-яшнашидан, минтақа ҳамда халқаро майдондаги нуфузининг ошиши ва ўрнининг мустаҳкамланишидан манфаатдордир.

Россия ҳамда Ўзбекистон халқаро минбарларда, биринчи навбатда, БМТ, МДҲ ва ШҲТ доирасида мазкур ташкилотлар ваколатига алоқадор бўлган кенг қамровли масалаларда ўзаро фикр алмашиш бўйича муваффақиятли ҳамкорлик қилмоқда.

Давлатларимиз етакчилари — Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўртасидаги мунтазам мулоқот икки томонлама ҳамкорлик ривожида катта роль ўйнайди. Мамлакатингиз раҳбарининг жорий йил 25-26 апрель кунлари Россияга ташрифи чоғида қатор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, савдо-иқтисодий хавфсизлик, маданият ва спорт соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари белгилаб олинди.

Ҳукуматлараро комиссия Россия — Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантиришнинг муҳим механизми ҳисобланади. Унинг навбатдаги ўн еттинчи йиғилиши жорий йил 24-25 март кунлари Москвада бўлиб ўтди.

Изчил мустаҳкамланиб бораётган Россия — Ўзбекистон муносабатларининг асосини мамлакатларимиз халқлари ўртасидаги асрий дўстлик ҳамда ўзаро кўмаклашиш анъаналари ташкил этади. Ишончим комилки, улар бундан кейин ҳам шитоб билан ривожланиб бораверади.

— Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига тилакларингиз.

— Ушбу фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларни мамлакат барча фуқароси миллий бирлигининг ёрқин рамзи бўлган Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги куни байрами билан чин қалбимдан табриклайман!

Мустаҳкам сиҳат-саломатлик, эзгулик, омонлик ва фаровонлик ҳамда тинчликка хизмат қиладиган барча эзгу ниятларнинг рўёбга чиқишини тилайман. Ҳар бир оилада осойишталик, фаровонлик ва қут-барака ҳукмрон бўлсин!

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn