Соф фойда кўрди
  • 29 Июль 2016

Соф фойда кўрди

Буюк Британиянинг “Lloyds Banking Group PLC” банки  жорий йилнинг дастлабки ярмида 1,59 миллиард фунт стерлинг соф фойда кўрди ва дивидендлари ҳажмини 13 фоиз оширди.

Ваҳолонки, ўтган йилнинг шу даврини у 211 миллион фунт стерлинг зарар билан якунлаганди. Бироқ молия муассасаси сарф-харажатларни камайтириш ҳамда даромад барқарорлигини таъминлаш мақсадида яқин келажакда қарийб 200 та бўлинмани ёпиш ва 3 мингта иш ўрнини қисқартиришини ҳам маълум қилди.

Самолёт-амфибия

Хитойда сувга қўна оладиган энг катта самолёт-амфибия яратилди. “AG600” русумли мазкур ҳаво лайнери қутқарув ишларини бажариш ҳамда ўрмон ёнғинларига қарши курашишда фойдаланишга мўлжалланган.

Унинг узунлиги 37, қанотлари эса 38 метр, максимал учиш масофаси 4,5 минг километрга тенг. Мазкур гидросамолёт бортига 20 сонияда 12 тонна сув олиш имкониятига эга. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги маълум қилди.

Жисмоний тарбиянинг аҳамияти

Норвегиялик, австралиялик ва АҚШлик шифокорлар томонидан идора ходимлари саломатлигини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган жисмоний машғулот билан шуғулланишнинг оптимал давомийлиги аниқланди.

“Lancet” журналида шу мавзуда илмий мақола чоп этилди.

Унда ёзилишича, хонада ўтириб ишлайдиганлар бир кунда камида 60 — 75 дақиқани спортга бағишлаши керак. Пиёда юриш, велосипед ҳайдаш шулар жумласидандир. Бундай турмуш тарзи уларнинг руҳий ҳолати, саломатлиги ҳамда иш унумдорлигини яхшилашга хизмат қилар экан.

Янги нав яратилди

“Туманли Альбион”даги Ноттингем университети генетиклари тез пишадиган, хуштаъм ва узоқ сақланадиган табиий помидор генини яратишди.

Ушбу модда резавор маҳсулотнинг юмшаб, тезда айниб қолишининг олдини олиши қаторида, ундаги кислота, шакар ҳамда бошқа хусусиятлар сақланишини таъминлайди.

Рейтинг эълон қилинди

Таркиби энг қиммат ўйинчилардан иборат футбол клублари рейтинги эълон қилинди.

Унга кўра, Испаниянинг “Реал” (Мадрид) (783 миллион евро), “Барселона” (768 миллион евро) ҳамда Германиянинг “Бавария” (582 миллион евро) жамоалари кучли учликни ҳосил қилди. Рўйхатдан, шунингдек, “Челси”, “Манчестер Сити”, “Арсенал”, “Манчестер Юнайтед” (Англия), “Ювентус” (Италия), “ПСЖ” (Франция) каби клублар ҳам жой олган.

Трансфер нархи энг юқори бўлган чарм тўп усталари сифатида эса аргентиналик Лионель Месси (120 миллион евро), португалиялик Криштиану Роналду (110 миллион евро) ва бразилиялик Неймар (100 миллион евро) эътироф этилган.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn