Инвестициялар ҳажмини қисқартирди
  • 28 Июль 2016

Инвестициялар ҳажмини қисқартирди

Жорий йилнинг иккинчи чорагида “BP” нефть-газ концерни (Буюк Британия)нинг соф фойдаси 45 фоиз камайиб, 720 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Бунга хом ашё, масалан, “Brent” маркали “қора олтин” қиймати тўрт баробар арзонлашгани асосий сабаб бўлди. Шу боис компания лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш учун йўналтириладиган инвестициялар ҳажмини қисқартирди.

Савдода пасайиш кузатилди
АҚШнинг алоқа воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Apple” компанияси маҳсулотлари савдоси апрель — июнь ойларида 15 фоиз тушиб кетди.
Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Мисол учун, “айфон” қурилмалари келтирган даромад 27 фоиз камайган. Мазкур кўрсаткич, айниқса, унинг энг асосий бозори ҳисобланган Хитойда кескин пасайган.

Энг кучли автоулов
Германиянинг “Mercedes-Benz” компанияси келгуси йилда дунёдаги энг кучли дурагай енгил автомобиль яратишини маълум қилди.
“Mercedes-AMG R50” номини олган мазкур автоулов қуввати 1300 от кучига, оғирлиги эса 1300 килограммга тенг бўлади. Унга 4 цилиндрли двигатель ўрнатилади.


Митти батарея
Дунёдаги энг ихчам сафарбоп батарея омма эътиборига ҳавола этилди.
Океанортидаги “Kickstarter” брендига тегишли ушбу қувватлагичнинг номи “Zoose” бўлиб, оғирлиги 18 граммга тенг. Уни чўнтак ёки автомобиль калити тўпламига қўшиб, олиб юриш мумкин. Мазкур миниаккумулятор ярим соатда тўлиқ қувват олади.


Янги технология афзаллиги
Австриянинг “Austrian Plasser und Theurer” компанияси томонидан темир йўллар барпо этишда қўл келадиган инновацион қурилма ишлаб чиқарилди.
“RU-800 S” номини олган мазкур механизм бир ўтишда эски рельсларни йиғиб олиб, уларнинг ўрнига янгисини ўрнатади. Унинг вазни 692 тонна, узунлиги қўшимча платформалари билан ҳисоблаганда, 800 метр, бир кунлик иш қуввати эса 2 километрга баробар.
Мутахассислар янги технологиянинг самарадорлиги, ҳақиқатан ҳам, юқори эканини таъкидлашмоқда.



Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn