«Ўзбекистон Буюк Ипак йўлида порламоқда»
  • 27 Июль 2016

«Ўзбекистон Буюк Ипак йўлида порламоқда»

Жанубий Кореяда инглиз тилида нашр қилинадиган “The Korea Herald” кундалик газетаси саҳифасида “Ўзбекистон Буюк Ипак йўлида порламоқда” сарлавҳаси остида мақола чоп этилди.

Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган ушбу материалда минг йиллик тарихга, бой маданият ва бетакрор меъморий обидаларга эга бўлган Ўзбекистон дунёнинг энг гўзал гўшаларидан бири эканлиги ўз эътирофини топган.

Нашрда юртимизга оид кенг маълумотлар, жумладан, диёримиз бағрида жойлашган Самарқанд, Бухоро, Хива ҳамда бошқа тарихий шаҳарлар хусусида ҳикоя қилиниб, бу шаҳарлар бир неча асрлар мобайнида кўҳна цивилизациялар маркази бўлгани алоҳида таъкидланади.

“Ўзбекистон беназир маданий-тарихий мерос ва гўзал табиати билан дунёга машҳур. Шарқу ўарбни боғловчи кўприк ҳисобланган ушбу замин Буюк Ипак йўли ҳудудидаги турли халқлар маданиятини мужассамлаштирган. Бинобарин, у ердаги шаҳарлар бутун минтақа гўзаллигини ўзида жо этган бебаҳо дурдоналардир”, дея ёзилади газетада.

Шунингдек, нашрда юртимизнинг сайёҳлик соҳасидаги улкан салоҳияти, жумладан, Ўзбекистон тарихий қадамжолар сони бўйича жаҳондаги етакчи ўн давлат қаторидан жой олгани алоҳида таъкидланган.

Мақолада урғу қаратилганидек, “Мамлакатда 7 мингдан зиёд сайёҳлик объектлари мавжуд бўлиб, улар хорижлик саёҳатчиларда чексиз ҳайрат уйғотаяпти”.

Бундан ташқари, республикамизда туризм инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган кенг кўламли чора-тадбирлар самарасида ўлкамизга келаётган сайёҳлар оқими янада ошиб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтилган. “Мамлакатга ҳар йили дунёнинг 70 дан зиёд давлатидан 2 миллиондан ортиқ турист келади. Ўтган йили Жанубий Кореядан 27 минг нафардан зиёд меҳмон Ўзбекистонга борди”, дея хабар берилади нашрда.

Ўз навбатида, мақолада Ўзбекистон — Жанубий Корея ўртасидаги стратегик аҳамиятга молик бўлган икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани ҳақида ҳам фикр билдирилган. Шунингдек, юртимизда корейс диаспораси маданий мероси, анъаналари ва санъатини асраб-авайлаб ҳамда равнақ топтириш учун қулай шароитлар яратилгани қайд этилган. “2014 йили Тошкент шаҳри марказида “Сеул боғи” очилди. Барпо қилинаётган Корея маданияти ва санъати уйини эса 2017 йилда қуриб битказиш мўлжалланмоқда”, дея таъкидланади “The Korea Herald” газетасида чоп этилган мақолада.

«Жаҳон» АА.

Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn