Мустақил Ўзбекистоннинг улкан ютуқлари эътирофи
  • 26 Июль 2016

Мустақил Ўзбекистоннинг улкан ютуқлари эътирофи

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарига -республикамиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан халқимиз номига йўлланган табриклар келмоқда. Уларда самимий қутловлар ва эзгу тилаклар билан бир қаторда, юртимиз истиқлол йилларида турли жабҳаларда қўлга киритган салмоқли муваффақиятлар ҳам алоҳида эътироф этилаяпти. Қуйида уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Дэйна РОРАБАХЕР, АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг Европа, Евроосиё ва юзага келадиган хавф-хатарлар бўйича кичик қўмитаси раиси, Калифорния штатидан конгрессмен:

— Ўтган йиллар давомида Ўзбекистон барқарор ҳамда гуллаб-яшнаётган мамлакатга айландики, тараққиётнинг бундай модели кўпгина давлатлар учун яққол намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин. Президент Ислом Каримовнинг оқилона сиёсати туфайли республика халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларининг минтақадаги энг муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Икки мамлакат дўстона муносабатларни ривожлантиришда давом этаётир. Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик масалаларига мутасадди бўлган парламент аъзоси сифатида Вакиллар палатасида Марказий Осиё бўйича ташаббус гуруҳи яратилишига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман. Бундан ташқари, конгрессменлар делегацияси парламентлараро алоқаларни ва бошқа йўналишлардаги ўзаро ҳамкорлик кўламларини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида яна юртингизга боришни мўлжалламоқда.

Ушбу ажойиб имкониятдан фойдаланган ҳолда, қутлуғ сана муносабати билан Ўзбекистон аҳолисига ўзимнинг эзгу тилакларимни изҳор этишни истардим. Халқларимиз манфаатлари йўлида муносабатларимиз янада чуқурлашишига умид қиламан.

 

Хартмут КОШИК, Германия Бундестаги аъзоси, ГФР Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги кўчиб келганлар ва миллий озчилик масалалари бўйича мамлакат федерал ҳукумати вакили:

— Германия Федератив Республикаси 1991 йил 31 август куни ўз мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистонни биринчилардан бўлиб тан олган ҳамда Тошкентда ўз элчихонасини очган мамлакатлардан биридир.

Ҳадемай истиқлолининг 25 йиллигини нишонлайдиган халқ тарихи илдизлари асрлар қаърига бориб туташади. Унинг маданий мероси эса умумбашарий аҳамиятга молик.

Шуни мамнуният билан қайд этаманки, изчил равнақ топиб бораётган икки томонлама алоқалар заминингизда яшаётган немис диаспораси фаровонлигига ҳам хизмат қилмоқда. Мустақиллик барча миллат ва элатлар вакилларининг эркин ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратди.

Мамлакатингиздаги миллатдошларимиздан келаётган кўп сонли мактублар орқали шуни яхши биламанки, улар Ўзбекистонни ўз Ватани деб билади ҳамда унинг ободлиги йўлида елкама-елка туриб меҳнат қилишаётир. Немис диаспораси у ерда муносиб ўринга эга бўлиб, ўзларини мустақил Ўзбекистоннинг тенг ҳуқуқли фуқаролари сифатида ҳис этишади.

Германия федерал ҳукумати давлатингизни ўзининг кучли ва ишончли шериги деб билади.

Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда халқини мустақилликнинг 25 йиллик айёми билан самимий қутлар эканман, немис жамоатчилигига нисбатан кўрсатилаётган ғамхўрлиги, шунингдек, самарали ҳамкорлиги учун миннатдорлигимни изҳор этаман. Халқингизга бардавом бахту иқбол ва фаровонлик тилайман.

 

Ярек ЗОЖЕФЧИК, “SARO” энергетика компанияси раҳбари (Польша):

— Ўзбекистон тарихан қисқа давр ичида давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий институтлар ҳамда фуқаролик жамияти тизимини шакллантириш ва мустаҳкамлаш борасида салмоқли тараққиётга эришди. Мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий тараққиётининг юқори даражаси, аҳолининг фуқаро сифатидаги фаоллиги ҳамда унинг ҳуқуқий маданияти, қолаверса, ёшларнинг катта интеллектуал салоҳияти барқарорлик ва изчил фаровонлик сақланиб қолишининг кафолати ҳисобланади.

Янги автомобиль ҳамда темир йўлларининг қурилиши, мавжуд транспорт йўлаклари реконструкция қилиниши, юк ва йўловчи ташиш самарадорлигининг ошиши республиканинг хорижий давлатлар билан экспорт-импорт алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашмоқда.

Кўпгина мамлакатлар Ўзбекистон билан дўстона муносабатларни қуриш, бизнесни равнақ топтириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга интилади. Республика минтақанинг турли русумдаги енгил автомобилларни ишлаб чиқарадиган ягона мамлакати ҳисобланади. У ердаги замонавий автосаноат мажмуи тараққиётнинг, миллий иқтисодиётнинг салмоқли салоҳияти рамзидир.

Ўзбекистон янгидан-янги чўққиларни забт қилгани ҳамда жамиятда бирдамликни сақлагани ҳолда, юксалиш йўлида ишонч билан одимлаётир.

 

Ризар НОВИК, Люблин воеводаси Экспортчилар уюшмаси президенти (Польша):

— Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан сўнг сиёсий ва иқтисодий тараққиётга эришиш борасида тўғри стратегияни танлаган. Шуниси қувонарлики, республикада кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, меҳнат бозори, аҳоли даромадларини ошириш бўйича самарали чора-тадбирлар кўрилди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари нуқтаи назаридан катта салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон истиқболли мамлакат ҳисобланади.

Банк-молия тизими ҳамда иқтисодиёт реал сектори тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ислоҳотлар ижобий самараларини бераяпти. Рақобатдошликни ошириш мақсадида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ҳамда технологик жиҳатдан янгилаш билан боғлиқ ишлар изчил амалга оширилмоқда.

 

Майкл ЛИ, “Xing Asia Travel” сайёҳлик компанияси директори (Сингапур):

— Диёрингиз сайёҳлик соҳасида улкан салоҳиятга эга. Ўлканинг ноёб табиати, бой тарихи ва ўзига хос маданияти уни туристлар учун севимли гўшага айлантирган. Республиканинг Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашгани ҳамда турли давр ва цивилизацияларга хос 7000 дан зиёд ёдгорликлар мавжудлиги сайёҳлик тармоғи изчил тараққий этишида муҳим мезон бўлаётир.

Мустақиллик йилларида кенг қамровли ижобий ўзгаришлар рўёбга чиқарилгани туризм инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш имконини яратди. Жумладан, жаҳондаги илғор андозаларга мувофиқ, барча қулайликка эга меҳмонхоналар, аэропортлар қурилди ҳамда замонавийлаштирилди. Кўпгина маданий-тарихий обидалар таъмирланди, сервис хизмати кўрсатиш юқори даражага кўтарилди.

Пировардида юртингизга иштиёқманд саёҳатчилар оқими ўсиб бормоқда. Компаниямиз ҳам 2014 йили Ўзбекистонга сайёҳлар гуруҳлари мунтазам жўнатилишини йўлга қўйди. Сингапурликлар нафақат юртингиз табиати гўзаллиги ва бой тарихидан, балки ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналари, очиқкўнгиллиги, меҳмондўстлиги, шунингдек, бетакрор миллий таомларидан баҳраманд бўлиб, унутилмас таассуротлар олиб қайтишади.

Бу йил Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 25 йиллик тантанасини кенг нишонлайди. Ишончим комилки, чорак аср давомида қўлга киритилган муваффақиятлар бундан кейин ҳам барча йўналишда изчил равнақни таъминлайди.

Ўзбекистонликларни мазкур қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этаман.

«Жаҳон» АА.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn