Глобал иқлим ўзгариши оқибатлари
  • 26 Июль 2016

Глобал иқлим ўзгариши оқибатлари

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2030 йилга бориб, глобал исиш туфайли жаҳон иқтисодиётига йилига 2 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар етиши мумкинлигини маълум қилди.

Бу ҳақда “Independent” нашри хабар тарқатди. Бунга сабаб, жазирама одамларнинг ишлаш лаёқатига салбий таъсир кўрсатиб, иш самарадорлигини тушириб юбораркан. Прогнозларга кўра, бундан, айниқса, Ҳиндистон, Малайзия, Таиланд каби давлатлар нисбатан кўпроқ азият чекади. 

 

Иқтисодий  «тушкунлик»

Буюк Британия иқтисодиётининг ривожланиши 2009 йилдан буён энг паст даражага тушди. “The Guardian” нашрининг маълум қилишича, бунда хизмат кўрсатиш соҳасидаги салбий ҳолат асосий омил бўлди.

Ўз навбатида, шу ойда ҳудудда ишлаб чиқаришнинг умумий индекси 47,4, ишбилармонлик фаоллиги кўрсаткичи 49,1 пунктга камайган. Экспертлар учинчи чоракда мамлакатда ялпи ички маҳсулот ҳажми 0,4 фоиз тушиши мумкинлигини билдиришмоқда.

 

Чидамли қоплама

АҚШнинг ойна маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Corning” компанияси томонидан мобиль телефонлар экранлари учун инновацион қоплама яратилди.

Махсус кимёвий аралашмали ушбу шиша жуда чидамли бўлиб, у билан ҳимояланган смартфон қарийб икки метр юқоридан ерга тушиб кетса ҳам, зарарланмайди. 

Тадқиқотларга қараганда, ўтган йили дунё бўйича мобиль алоқа воситаларидан фойдаланувчиларнинг 85 фоизи ўз телефонларини қўлидан тушириб юборган. 

 

Ҳайдовчисиз автобус

Германиянинг “Mercedes-Benz” компанияси томонидан ҳайдовчисиз бошқариладиган автобус яратилди.

Мазкур транспорт воситаси “GPS” модули, махсус датчиклар, камералар ёрдамида ҳаракатланади. У бекатларда тўхтаб, йўловчиларнинг чиқиб-тушишини назорат қила олади, йўл қоидалари, светофор белгиларига риоя этиш имкониятига эга. Унинг энг юқори тезлиги соатига 70 километрга тенг. Ушбу ташаббусни ривожлантириш учун компания 2020 йилгача 200 миллион доллар инвестиция йўналтиришини маълум қилди.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn