ШҲТ Тошкент саммити якунлари Францияда муҳокама қилинди
  • 25 Июль 2016

ШҲТ Тошкент саммити якунлари Францияда муҳокама қилинди

Парижда “Ўзбекистон раислиги ва Тошкент саммити якунлари нуқтаи назаридан Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг истиқболлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Франция Сенати ҳамда қатор вазирликлари, Сорбонна, Гавр университетлари, Европа истиқболлари ва хавфсизлик институти (IRSE), шунингдек, Халқаро ва стратегик муносабатлар институти (IRIS)нинг нуфузли экспертлари қатнашди.

Тадбирда иштирокчилар Ўзбекистоннинг ШҲТга учинчи раислиги доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йил 23-24 июнь кунлари Тошкентда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей саммити якунлари ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан танишишди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташкилот саммитида сўзлаган нутқига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбати чоғида бўлиб ўтган мунозаралар доирасида ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш, дунёда ушбу бирлашманинг нуфузи ва умуман, унинг ўрни ҳамда аҳамиятини юксалтиришга мамлакатимиз қўшган ҳиссаси Франция томонидан юқори баҳоланди.

Жумладан, Европа истиқболлари ва хавфсизлик институти президенти Эммануэль Дюпюи қайд этганидек, ШҲТ ўзининг 15 йиллик иш жараёнида турли соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорлик учун самарали минтақавий минбарга айланди. ШҲТнинг Тошкент саммити ҳамда мазкур учрашув давомида имзоланган ҳужжатлар ташкилотнинг аҳамияти унга қўшни бўлган минтақаларда ҳам ортиб бораётганидан далолат беради.

— Ўзбекистон ўзининг 2003/2004, 2009/2010 ҳамда 2015/2016 йилларда ШҲТдаги раислиги даврларида тузилмага аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар ва сармоявий ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларида ташкилот салоҳиятини намоён қилишга, шунингдек, минтақада тинчлик ҳамда барқарорлик мустаҳкамланишига кўмаклашди, — деди эксперт.

Сенатор, мамлакат Сенатидаги “Франция — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Ив Поццо ди Борго фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янги геостратегик аҳамият касб этмоқда ва у глобал хавфсизлик меъморчилигида муҳим бўғин бўлиб бораётир.

— Тузилмага аъзо давлатларда мавжуд демографик, иқтисодий, илмий-технологик, саноат ҳамда хом ашё ресурслари ҳисобга олинса, ШҲТ улкан салоҳиятга эга эканлиги аён бўлади, — деди Франция парламенти аъзоси. — Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислиги ушбу мамлакатнинг минтақа ва жаҳондаги нуфузи ҳамда таъсирини, унинг халқаро дипломатиядаги ошиб бораётган ролини тасдиқлади. Тошкент саммитидан сўнг ШҲТнинг жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги аҳамияти янада ортди. Шубҳа йўқки, инсоният рўпара бўлаётган замонавий хавф-хатарларни Шанхай клуби сингари ташкилотлар билан биргаликда бартараф қилиш афзалдир.

Ўз навбатида, Париж университетининг Ҳуқуқ, иқтисодиёт ва бошқарув факультети профессори Пьер-Эммануэль Дюпон ШҲТнинг тинчлик ҳамда барқарорликка таҳдид ва хавф солиши мумкин бўлган халқаро келишмовчиликларни ҳал этиш соҳасидаги муваффақиятларига эътибор қаратди.

— ШҲТ Хартиясида унга аъзо давлатлар БМТ Низомидаги мақсадлар ҳамда тамойилларга ва халқаро тинчлик, хавфсизлик, яхши қўшничилик, шунингдек, дўстона муносабатларни, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга доир халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа тамойиллари ҳамда меъёрларига содиқликларини аниқ-равшан баён этишган, — деди эксперт. — Шуни таъкидлаш керакки, ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси унга аъзо давлатларнинг бундан кейин ҳам мазкур мақсад ва тамойилларга таянишларини, шу жумладан, мустақиллик, тенглик, суверенитетни ўзаро ҳурмат қилиш, ҳудудий яхлитлик, чегаралар дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмасликка доир интилишларини тасдиқлайди. Буларнинг барчаси ШҲТ глобал хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги салмоқли ташкилот сифатида жаҳонда муҳим ўрин тутишидан далолатдир.

Франция Халқаро ва стратегик муносабатлар институти (IRIS) етакчи таҳлилчиси Бартелеми Курмон ушбу тузилманинг аҳамияти ҳамда ташкилот сўнгги саммитининг якунлари юзасидан ўз мулоҳазаларини баён қилар экан, Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ташкилот ривожланишидаги энг муҳим босқичлардан бири бўлганини таъкидлади.

— Ташкил топганидан буён ўтган 15 йил ичида ШҲТ халқаро муносабатлар тизимининг нуфузли иштирокчиларидан бири сифатида ўзини яққол кўрсатди, — деди мутахассис. — Ўзбекистоннинг ШҲТдаги раислиги якунлари уч муҳим истиқболни очади — булар терроризм ва радикализм билан курашни давом эттириш, қуролсизланиш соҳасида ҳамкорлик, қуролланиш устидан назорат, ядро қуролларини тарқатмаслик, хавф-хатар ҳамда таҳдидларни қурол-яроғ тарқатмаслик режими билан сиёсий йўллар асосида ҳал қилиш, Ҳиндистон ва Покистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси мақомини олиши истиқболи ҳамда иқтисодий-сармоявий ҳамкорликнинг фаоллашувидир.

Гавр университети профессори Пьер Шабаль баҳо берганидек, ШҲТ минтақа ва жаҳон геосиёсатида алоҳида ўрин тутгани ҳолда, улкан ресурслар салоҳиятига эга бўлган, изчил ривожланаётган кенг миқёсли минтақанинг шаклланишида иштирок этаяпти.

— Бугунги кунда ШҲТ кўп ҳолларда тузилмага аъзо давлатлар манфаатларига жавоб берадиган йирик иқтисодий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш минбари ролини бажараётир, — деди П. Шабаль. — Бу жараён ўзининг сиёсий ҳамда иқтисодий натижаларини бериши керак. Ташкилотнинг ривожланиш суръатлари шуни кўрсатмоқдаки, мазкур институт континент келажагининг шаклланишида муҳим ўрин тутади. Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ташкилот учун тарихий аҳамиятга эга. Шу ўринда қуйидаги концептуал жиҳатларни алоҳида таъкидлашни истардимки, улар Ўзбекистон раҳбариятининг ШҲТ ривожланишига бўлган фалсафий ёндашувини ўзида акс эттиради — ўз вақтида республика бу ташкилотда блокларга қўшилмасликдек фундаментал тамойилни ва юзага келаётган минтақавий ҳамда халқаро муаммоларни ҳал қилишда бундан кейин ҳам мафкуралашган ва қарама-қаршиликка асосланган ёндашувларга йўл қўймаслик ҳамда бундан огоҳлантириш заруратини киритган эди.

«Жаҳон» АА.

Париж

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn