Сурункали ёғингарчилик оқибати
  • 22 Июль 2016

Сурункали ёғингарчилик оқибати

Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Тяньмэнь туманида сурункали ёғингарчилик боис дамба ёрилиб кетди. Оқибатда унинг атрофидаги аҳоли яшаш жойлари сув остида қолди. Қарийб 34 минг киши хавфсиз жойларга кўчирилди. 

Айни пайтда тўғондаги ёриқ ҳажми катталашиб, сув сатҳи кўтарилаётгани айтилмоқда. Умуман, мамлакатнинг турли минтақаларида давом этаётган кучли ёмғир туфайли сел ва тупроқ кўчиши ҳодисалари кузатилаётир. Табиий офат натижасида ҳозиргача 237 киши қурбон бўлган, 93 нафар одам бедарак йўқолган. 

  

Ишсизлик даражаси пасайди

Буюк Британияда ишсизлик даражаси 2005 йил июль ойидан буён биринчи марта 4,9 фоизгача пасайди.

Маълумотларга қараганда, март — май ойларида мамлакат меҳнат биржасида рўйхатдан ўтганлар 54 минг нафар камайиб, 1,65 миллион кишини ташкил қилган. Бандлик кўрсаткичи эса 74,4 фоизга етди. Бу рекорд натижадир. 

Бироқ экспертларнинг фикрича, мазкур ҳолат узоқ давом этмайди. Сабаби, кўплаб компаниялар яқин орада ходим ёллаш жараёни тўхтатилишини эълон қилди.

  

Жазавадаги жазирама

Японияда об-ҳавонинг кескин исиб кетишидан аҳоли жиддий азият чекмоқда. 

Айни пайтгача офтоб уришидан уч киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, 3099 нафар одам шифохонага ётқизилган.

Синоптикларнинг маълумотларига кўра,  июль ойининг охири ҳамда августнинг бошида ҳарорат янада кўтарилиши мумкин.

 

Электр моторли автобус

Швейцариянинг Сьон шаҳрида электр моторли автобуслар синовдан ўтказилди.

Ҳайдовчисиз ҳаракатланадиган ва масофадан туриб бошқариладиган мазкур транспорт воситаси Лозанна федерал политехника мактаби мутахассислари томонидан яратилди. Унинг юқори тезлиги ҳозирча соатига 

20 километр бўлиб, 11 йўловчига мўлжалланган. Автобус кондиционер ҳамда ногиронлар учун махсус жойга эга.

 

Тезкор флеш-карта

Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси томонидан смартфонлар ва бошқа шу каби коммуникация қурилмалари учун дунёдаги энг тезкор флеш-карталар яратилди.

У барча замонавий стандартларга жавоб беради ҳамда ўлчами 11Х15 мм.га тенг. Ўқиш, ёзиш тезлиги 530 ва 170 мегабайт/сония бўлиб, бу ҳозирги пайтда фойдаланилаётганларига нисбатан тегишли равишда 5-6 ҳамда 2 марта каттароқ кўрсаткичдир. Янги турдаги флеш-карталар 32, 64, 128 ва 256 гигабайтлик ҳажмларда ишлаб чиқарилаяпти. 

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn