«Ўзбекистон изчил ривожланаётган мамлакат эканлиги бутун дунёда ўз эътирофини топмоқда»
  • 20 Июль 2016

«Ўзбекистон изчил ривожланаётган мамлакат эканлиги бутун дунёда ўз эътирофини топмоқда»

Маълумки, мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида юксак баҳоларга сазовор бўлмоқда. Давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Вьетнам Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фам Ван Фао “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда республикамизда қўлга киритилаётган улкан муваффақиятлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

— Ўзбекистон изчил ривожланаётган мамлакат эканлиги бутун дунёда ўз эътирофини топмоқда, — деди элчи жаноблари. — Бу ерда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда кучли фуқаролик жамиятини барпо қилишга йўналтирилган туб ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. Айниқса, ўзбек халқи тарихан қисқа давр мобайнида миллий давлатчилигининг мустаҳкам пойдеворига айланган Конституцияси билан ҳар қанча -фахрланса, арзийди.

Вьетнамда мамлакатингизнинг ижтимоий-сиёсий соҳаларда эришаётган юксак -натижалари ҳақида яхши билишади. Хусусан, 2014 ва 2015 йилларда Асосий Қонунингизда муҳрлаб қўйилган қоидаларга тўла мувофиқ равишда, очиқ-ошкоралик муҳитида ўтган парламент ҳамда Президент сайловлари юртингизда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги тобора ўсиб бораётгани, улар жамиятда рўй бераётган янгиланишларни қўллаб-қувватлаётганини яққол кўрсатди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан ҳам изчил равнақ топаяпти. Жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётганига қарамасдан, республикангизда ялпи ички маҳсулот ўсиши барқарор суръатларда сақланмоқда. Дунёда бундай давлатлар бармоқ билан санарли. Бу каби юксак чўққиларга, энг аввало, ислоҳотлар, иқтисодиётни либераллаштириш ҳамда модернизациялаш бўйича узоқни ўйлаб, истиқболни кўзлаган ҳолда, вазминлик билан амалга оширилаётган сиёсат шарофати туфайли эришилаётир.

Бугунги кунда ана шу стратегия дунё ҳамжамиятининг ҳақли эътирофига сазовор бўлаяпти. Бозор иқтисодиётининг аниқ ифодаланган асослари, унинг ҳаётга татбиқ қилинаётган механизмлари, яратилган институциявий инфратузилма, замон талабларига жавоб берадиган молиявий тизим Ўзбекистоннинг том маънодаги тарихий ютуқлари ҳисобланади.

Мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб давлат томонидан самарали ва кучли ижтимоий сиёсат олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу тараққиётнинг “ўзбек модели” узвий қисмидир. Бинобарин, юртингизда оналик ҳамда болалик муҳофазаси энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олинган. 2016 йил Президент Ислом Каримов ташаббуси билан “Соғлом она ва бола йили” деб номлангани Ўзбекистонда инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланишининг яна бир тасдиғидир. Умуман, чорак аср мобайнида соғлом авлоднинг дунёга келиши ҳамда вояга етказилиши учун барча зарур шарт-шароитни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич бажарилмоқда.

Шу билан бир қаторда, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётда хотин-қизларнинг ўрнини мустаҳкамлаш юзасидан республикангизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлашни истар эдим. Бугунги кунда уларнинг бандлик даражаси жуда юқори. Ўзбекистон аёллари юқори малакали мутахассислар сифатида замонавий касбларни ўзлаштираяпти, меҳнатсеварлиги, тадбиркорлиги ҳамда масъулиятни теран ҳис эта олиши боис барча тармоқда катта натижаларга эришишаётир.

Айни чоғда динлараро ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш бўйича ўлкангиз тажрибаси биз учун алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Мамлакатда барча миллат ва эътиқод вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда яшайди. Эътиборлиси, бу кўп асрлардан буён маънавий қадрият сифатида авлоддан-авлодга ўтиб келади. Қолаверса, инсонпарварлик ҳамда умуминсонийлик тамойилларига асосланган миллий сиёсатнинг мантиқий натижаси ҳисобланади.

Замонавий Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъектидир. У бошқа давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўз ташқи сиёсатини мустақил равишда олиб бораяпти. Бу суверенитет ва ҳудудий яхлитликка ҳурмат, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, баҳсли масалаларни тинч йўл билан ҳал қилиш, куч ишлатмаслик ҳамда куч билан таҳдид қилмаслик сингари умуммиқёсда эътироф этилган халқаро меъёрларга муштаракдир. Мамлакатнинг ташқи сиёсий йўли хорижий давлатларда ўзининг кенг эътирофини топгани баробарида, жаҳондаги нуфузини, минтақавий ва халқаро ишлардаги ўрни ҳамда аҳамиятини янада юксалтирди.

Ўзбекистон ҳамда Вьетнам кўҳна анъанавий дўстона алоқаларга эгадир. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорлик борасида ҳали ишга солинмаган улкан салоҳият мавжуд. Бизнинг олдимизда ўзаро савдо айланмаси, сармоялар ҳажмини оширишдек муҳим вазифалар турибди. Уларнинг ҳал қилинишида, шубҳасиз, мунтазам равишда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон — Вьетнам ҳукуматлараро комиссияси катта ўрин тутади. Халқларимиз манфаатлари йўлида ўзаро ҳамкорлигимиз кўламлари янада кенгайишидан умидворман.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини тобора яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан самимий қутлайман, мангу тинчлик, бахту иқбол ва фаровонлик тилайман.

«Жаҳон» АА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn