«Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг юраги»
  • 15 Июль 2016

«Ўзбекистон — Марказий Осиёнинг юраги»

Мамлакатимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида Европанинг ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари вакиллари ўзбек халқини ушбу юбилей санаси билан қутлашар экан, республикамиз суверен ривожланиш йиллари давомида эришган муваффақиятлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам билдиришмоқда.

Жумладан, Амстердам Индустриал клубининг раиси Хелен Овер де Линден “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида нидерландияликлар Ўзбекистонни минтақанинг энг муҳим мамлакати, Марказий Осиёнинг юраги, деб билишини қайд этди.

— Ҳозирги пайтда республика шитоб билан ривожланаётган индустриал давлатга айланиб, замонавий демократик жамият барпо этиш йўлида катта натижаларга эришмоқда, — деди у. — Шуни ҳам таъкидлаш керакки, ўтган йиллар давомида ўзбек халқи ҳаётида улкан ижобий ўзгаришлар рўй берди. Мамлакат кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш борасида салмоқли ютуқларни қўлга киритди. Пировардида Ўзбекистон аҳолиси бахтли ҳаёт кечирмоқда, ўз Ватанининг порлоқ истиқболи йўлида астойдил меҳнат қилаяпти.

Диёрингизда тинчлик ва осойишталик барқарорлиги ҳамда мустаҳкамлиги, мамлакатда миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳити ҳукмронлиги энг муҳим жиҳатлар, деб ўйлайман. Бу омиллар ҳамда қулай ишбилармонлик ва сармоя муҳити яратилгани хорижлик инвесторлар, жумладан, Голландия компаниялари эътиборини ўзига тортишига сабаб бўлмоқда.

Республика раҳбарияти томонидан соғлиқни сақлаш, таълим, оналик ва болалик муҳофазаси ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани катта эътиборга сазовордир. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояси таъминланиши бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар юқори баҳога лойиқдир. 2016 йил Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилингани давлатнинг эртанги кун учун ғамхўрлик қилаётганини англатади. Зеро, соғлом она ва бола ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлигидир. Ишончим комилки, Ўзбекистонда бу йўналишда ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар ҳар томонлама баркамол, жисмонан соғлом, маънан етук авлодни тарбиялашда ўзининг салмоқли натижаларини беражак.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 25 йиллиги байрами билан чин дилдан табриклаб, янгидан-янги муваффақиятлар, бардавом тинчлик ва фаровонлик тилайман.

«Жаҳон» АА.

Амстердам

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn