«Ўзбек халқи эришган муваффақиятлари билан фахрланишга ҳамда келажакка ишонч билан қарашга ҳақлидир»
  • 12 Июль 2016

«Ўзбек халқи эришган муваффақиятлари билан фахрланишга ҳамда келажакка ишонч билан қарашга ҳақлидир»

Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида хорижий мамлакатлар ижтимоий-сиёсий доиралари вакиллари -халқимизни тобора яқинлашиб келаётган қутлуғ сана билан табриклашмоқда.

Масалан, Германия Федератив Республикаси Бундестаги (парламенти) Сайёҳлик қўмитасининг раиси Хайке Бремер ўзининг самимий тилакларини изҳор этар экан, қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:  

— Мамлакатларимиз ўртасида турли йўналишларда икки томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бормоқда.

Икки йил бурун БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг Самарқандда бўлиб ўтган 99-сессияси мажлисида иштирок этиш учун Ўзбекистонга борган эдим. Ушбу ташриф менда сира унутилмас таассуротлар қолдирди. Чунки кўҳна меъморий ёдгорликлар, шаҳарнинг замонавий қиёфаси, мамлакат табиатининг гўзаллиги ва ўзбек халқининг меҳмондўстлиги мени ҳайратга солган эди.  

Шундай бой салоҳиятга эга бўлган, яъни сайёҳларга турли-туман — маданий, экологик, табобат сайёҳлиги ҳамда туризмнинг бошқа хизматларини таклиф этаётган Ўзбекистон оммабоп ва машҳур сайёҳлик йўналиши сифатида ажойиб истиқболга эга мамлакатдир, деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, сайёҳлик муҳим иқтисодий омиллардан бири бўлиб қолмасдан, халқлар ўртасида бир-бирини тўғри тушуниш ишига ҳам салмоқли ҳисса қўшади. У, шунингдек, одамлар онгини кенгайтиришга ҳамда хурофот ва бидъатларни бартараф этишга ҳам кўмаклашади.

Ўйлайманки, ҳар бир сайёҳ маданиятлар алмашувига ҳамда халқларни бир-бирига яқинлаштиришга ўзининг муайян ҳиссасини қўшади. Сайёҳлик одамлар ўртасига кўприк қуради, тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга кўмаклашади.  

Мен БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг “Ипак йўлида сайёҳлик” дастурида республика фаол иштирок этаётганини табриклайман. Бу хорижлик саёҳатчиларнинг, жумладан, немис сайёҳларининг Ўзбекистондаги кўҳна шаҳарлар бағрида жойлашган диққатга сазовор масканларга бўлган қизиқишларини янада орттиришга кўмаклашади.  

Сўнгги 25 йил давомида Ўзбекистон тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворини қўйди, мамлакатда тинчлик ҳамда осойишталик  таъминланмоқда. Ўйлайманки, бу респуб-ликанинг мустақиллик йилларидаги энг асосий муваффақияти ҳисобланади. Шу боисдан ҳам ўзбек халқи ўзи эришган муваффақиятлар билан фахрланишга ҳамда келажакка ишонч билан қарашга ҳақлидир.  

Мен ушбу фурсатдан фойдаланиб, барча ўзбекистонликларни мустақилликнинг юбилей санаси билан чин дилдан қутлайман. Шу билан бирга, демократик ислоҳотлар ва ўзгаришлар йўлидан бораётган Ўзбекистонни Германия бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини қайд этишни истар эдим. 

«Жаҳон» АА.

Берлин

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn