Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг Латвиядаги тақдимоти
  • 17 Июнь 2016

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятининг Латвиядаги тақдимоти

Латвиянинг Салацгрива шаҳрида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда мазкур шаҳар кенгаши, ўлка Думаси, ишбилармон доиралар ва жамоатчилик вакиллари ҳамда сайёҳлик соҳасининг мутахассислари иштирок этди.

Учрашув чоғида ўзбек халқининг бой маданий-тарихий мероси, мамлакатимизнинг бетакрор сайёҳлик имкониятлари, жумладан, ишлаб чиқилган янги саёҳат йўналишлари ва Ўзбекистоннинг ривожланган транспорт инфратузилмаси ҳақидаги атрофлича маълумотлар тадбир қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. 

Шуни қайд этиш лозимки, тақдимот чоғида сайёҳлик соҳасида республикамиз минтақалари эга бўлган салоҳиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг сўлим гўшаларидан бири – Фарғона водийси, унинг иқлими, меҳмондўст аҳолиси, минтақа бағрида жойлашган тарихий ёдгорликлар, кўп тармоқли транспорт-коммуникация имкониятлари ҳамда юқори даражада хизмат кўрсатиладиган меҳмонхоналар ҳақидаги маълумотлар маросим иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Фарғона вилояти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиши эса -тасаввурларни янада бойитди.

Тақдимотда мамлакатимиз пойтахтини Латвия билан, шунингдек, Хива, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Термиз сингари сайёҳлик ганжиналари ва бошқа ҳудудлар билан боғлайдиган мунтазам ҳаво қатновларига доир маълумотлар ҳақида ҳам атрофлича фикр юритилди.  

Тадбир якунида унинг айрим қатнашчилари мамлакатимиз сайёҳлик индустриясининг ривожланиши тўғрисидаги ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашдилар. 

Дагнис Страубергс,  Салацгрива ўлкаси Думасининг раиси:

— Бугун тақдим этилган маълумотлар ҳамда минтақаларимиз ўртасида сайёҳлик жабҳасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш истиқболлари бизни фаол ҳамкорлик қилишга рағбатлантиради.

Биз, шубҳасиз, икки томонлама сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун мамлакатларимиз туркомпаниялари ўртасидаги ўзаро  муносабатларни янада ривожлантиришга тайёрмиз. Бундан ташқари, ҳар икки томонда сайёҳлик инфратузилмасини равнақ топтириш, сайёҳлар учун аниқ саёҳат пакетларини ишлаб чиқиш соҳасида тажриба алмашиш юзасидан қизиқиш мавжуддир. 

Лиене Соме-Тиеснесе, Салацгрива ўлкасидаги Сайёҳлик ахборот маркази директори:

— Ўзбекистонда фаолият кўрсатадиган сайёҳлик компаниялари ва туроператорлар билан ҳамкорликнинг янги қирраларини ўрнатиш ҳамда мавжуд ўзаро алоқалар кўламини янада кенгайтириш мамлакатларимиз ўртасидаги сайёҳлик алмашувларини ривожлантиришга кўмаклашади. Шу боисдан ҳам жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтадиган XXII Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида иштирок этиш, ўзбек шерикларимиз билан тўғридан-тўғри амалий алоқаларни йўлга қўйиш ниятидамиз. Биз, шунингдек, республика минтақаларидаги мавжуд сайёҳлик салоҳияти билан бевосита танишиш ва саёҳатлар ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишни ҳам режалаштирганмиз.

«Жаҳон» АА.

Рига — Салацгрива

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn