«Хавфли» ёстиқчалар
  • 14 Июнь 2016

«Хавфли» ёстиқчалар

Япониянинг автомобиль ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Honda” концерни 780 мингта автоуловини қайтариб олади.

Бунга уларнинг хавфсизлик ёстиқчаларидаги нуқсонлар сабаб бўлди. Гап шундаки, мазкур эҳтиёт қисми йўл транспорти ҳодисаси рўй берганда, нотўғри очилиши ёки ёрилиб кетиши кузатилган. Оқибатда салондагилар хавфсизлигини таъминлаши ўрнига уларга зарар етказиши аниқланган. Ҳозирги кунгача шу каби ҳодисалар туфайли 11 киши ҳалок бўлган. 

 

Иқтисодий тушкунлик

Жанубий Африка Республикаси иқтисодиётида жорий йилнинг дастлабки уч ойида жиддий пасайиш ҳолати кузатилган.

Масалан, биринчи чоракда ялпи ички маҳсулот 1,2 фоиз камайди.

Бундай салбий ҳолат ушбу давлат тараққиётида етакчи ўринлардан бирида турадиган тоғ-кон саноатидаги таназзул боис вужудга келган. Хусусан, мазкур секторда хом ашё қазиб олиш ҳажми январь — март ойларида 18,1 фоиз қисқарди.

  

Бир моторли самолёт қулаб тушди

АҚШнинг Арканзас штатида бир моторли самолёт ҳалокатга учради. Оқибатда бир киши қурбон бўлди, яна бири жароҳатланди. 

Воқеа сабаблари ўрганилаяпти.

 

Минг от кучига эга

Италиянинг “Mazzanti Automobili” компанияси томонидан дунёдаги энг кучли енгил автомобиллардан бири тақдим этилди.

“Millecavalli” номини олган мазкур транспорт воситасига 7,1 литр сиғимга эга 8 цилиндрли қўш турбо мотори ўрнатилган. Унинг қуввати 1000 от кучига, вазни эса 1300 килограммга баробар. У 2,7 сонияда 100 км/соат тезликка чиқа олади. Энг катта тезлиги эса 400 км/соатга тенг.

 

 

Смартфонга уланувчи чўтка

Голландиянинг “Philips” компанияси томонидан “Bluetooth” модули ўрнатилган ўзига хос тиш чўткаси яратилди.  

Шу асосда смартфонга уланувчи мазкур қурилма эгасининг тишлари ва милкларидаги ўзгаришлар ҳақидаги маълумотларни тўғридан-тўғри  стоматологга юбориш имкониятига эга. Бу ҳақда “The Verge” манбаси хабар тарқатди.

 

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn