Миллиард эмас, миллион
  • 02 Июнь 2016

Миллиард эмас, миллион

Электр лампочкалар ишлаб чиқарадиган “Philips Lighting” (Голландия) компанияси ўтган молиявий йилда 25 фоиз акциясини биржага чиқарганди.

Бироқ бу кутилганидек самара бермади. Мазкур бренд ҳисобот даврида прогноз қилинганидек, 1 миллиард евро эмас, балки 750 миллион евро даромад кўрди. Активларининг бозор нархи 3 миллиард еврони ташкил этди.

Ҳамма умид инвесторлардан

Япониянинг автомобиль эҳтиёт қисмларини тайёрлашга ихтисослаштирилган “Takata” компанияси АҚШнинг “KKR” бренди ҳамда бошқа инвесторлар билан реструктуризация чора-тадбирларини олиб бориш бўйича музокараларни бошлади.

Чунки унинг хавфсизлик ёстиқчаларида аниқланган нуқсонлар компания нуфузига ҳамда молиявий ҳолатига жиддий путур етказди. Сармоядорлар билан келишув амалга ошса, компания иқтисодий аҳволини яхшилаб олишига умид билдирилаётир.

Яна қисқарди

Яқинда Испаниядаги йирик “Banco Popular” молия муассасаси қимматли қоғозлари котировкаси 26 фоиз пасайди. Оқибатда унинг умумий капитали 1,5 миллиард евро камайди.

Шунинг учун мазкур компания охирги тўрт йилда иккинчи бор 2,5 миллиард евролик акция эмиссияга чиқарилишини маълум қилди.

Бундай ҳолат, асосан, ипотека кредитлари ажратиш билан шуғулланган ушбу ташкилот молиявий-иқтисодий инқироздан жиддий зарар кўрган пайтдан бошланганди.

Ҳам спорт, ҳам транспорт воситаси

Нидерландиядаги “Lopifit” компанияси томонидан гибрид велосипедларнинг -навбатдаги электрон моделлари тақдим этилди.

Унда педаллар ўрнига ўзига хос услубда югуриш йўлакчаси ўрнатилган. Ушбу қурилма устида юриб ёки югуриб транспорт воситаси ҳаракатлантирилади. Пировардида ҳайдовчи очиқ ҳавода ҳам спорт билан шуғулланади, ҳам ўз манзилига етиб олади. Айни пайтда у олти хил рангда ишлаб чиқарилаяпти.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn