Ўзбекистон «World Travel Fair» халқаро сайёҳлик анжуманида
  • 01 Июнь 2016

Ўзбекистон «World Travel Fair» халқаро сайёҳлик анжуманида

Яқинда Шанхайда бўлиб ўтган “World Travel Fair” халқаро сайёҳлик ярмаркасида дунёнинг 56 мамлакатида фаолият кўрсатадиган 10 мингдан зиёд сайёҳлик компанияси ўз хизматларини таклиф этди.

Унда мамлакатимиз вакиллари ҳам қатнашди. Халқимиз тарихи ва маданияти, республикамиздаги диққатга сазовор масканлар, кўҳна меъморий ёдгорликлар, қисқача айтганда, Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик имкониятлари ҳақидаги маълумотлар ушбу кўргазма экспозициясидан жой олди. Бундан ташқари, жорий йилнинг октябрь ойида мамлакатимизда бўлиб ўтадиган “Ипак йўлида сайёҳлик” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасига доир ахборотлар ҳам тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.

Тақдимотда Қорақалпоғистон Республикасининг ҳамда Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг туризм салоҳиятига алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, бу минтақаларда саёҳатчиларни ноёб табиат гўзалликлари, бетакрор тарихий осориатиқалар, ажойиб экотуризм масканлари кутмоқда.

“World Travel Fair” халқаро сайёҳлик анжумани ташкилотчиларининг айтишича, Ўзбекистоннинг иштироки ушбу ярмаркага ўзгача мазмун, эртакмонанд шарқона муҳитни бахш этди.

— Юртингизнинг ноёб туризм салоҳияти менда жуда катта қизиқиш уйғотди, — деди “Xinjiang Navigatоr International Tours” компанияси бош менежери Ли Ёнгвэй. — Ўзбекистонда хитойлик сайёҳларнинг катта оқимини жалб этиш учун зарур бўлган барча имконият мавжуд. Республика Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашгани, турли давр ҳамда цивилизацияларга доир 7 мингдан зиёд тарихий ёдгорликларга эгалиги ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан жой олгани сайёҳлик жабҳасининг жадал ривожланишида муҳим омил бўлмоқда, деб ўйлайман. Биргина Самарқанднинг ўзида бутун дунёга донғи кетган кўплаб тарихий ёдгорликлар бор. Умуман олганда, хитойлик саёҳатчиларнинг кўпчилигини Ўзбекистондаги тарихий ёдгорликлар ўзига жалб этиб келмоқда.

“SMG” телерадиоканали медиагуруҳи халқаро бўлими раҳбари Хуань Чэнюнс ўтган йили эфирга узатилган “Ўзбекистон бўйлаб унутилмас саёҳат” номли уч қисмдан иборат ҳужжатли фильм миллионлаб телетомошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинганини маълум қилди. “Ноёб тарихий мероси ҳамда бой сайёҳлик имкониятлари машҳур “Getaway” дастури орқали намойиш этилиши Ўзбекистоннинг таниқли сайёҳлик маркази сифатидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилишига ишончим комил”, деди хитойлик журналист.

“Дунфан Цзабао” (“Шарқ тонги”) газетасининг халқаро ахборотлар департаменти директори Вэй Син икки давлат расмий делегацияларининг олий ва юқори даражалардаги ўзаро ташрифлари муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. “Бундай ташрифлар Хитой оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади. ХХР Раиси Си Цзиньпин 2013 йили Самарқандга боргани мамлакатимиз жамоатчилигида алоҳида қизиқиш уйғотган эди”, деди у.

Вэй Син икки мамлакат сайёҳлик компаниялари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши якка ҳамда гуруҳ бўлиб Ўзбекистонга борадиган саёҳатчилар сонини оширишга кўмаклашишини таъкидлади. “Чунки Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг юрагида жойлашган”, дея фикрини изоҳлади хитойлик шарҳловчи.

«Жаҳон» АА.

Шанхай

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn