Мамлакатимиз энг оммабоп туризм йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда
  • 01 Июнь 2016

Мамлакатимиз энг оммабоп туризм йўналишларидан бири сифатида эътироф этилмоқда

Япониядаги “Saitama International Fair — 2016” халқаро сайёҳлик ярмаркаси доирасида Ўзбекистон туризм салоҳиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Япониянинг Саитама шаҳри мэрияси, ижтимоий-сиёсий, ишбилармон доиралар, Саитама Халқаро дўстлик уюшмаси, сайёҳлик компаниялари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Тақдимот иштирокчилари Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги имкониятлари, жумладан, унинг бой тарихи ҳамда замонавий тараққиёти хусусидаги маълумотлар билан яқиндан танишиб, ўзига хос маданияти, шунингдек, кўп асрлик анъаналарига алоҳида эътибор қаратишди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аждодларнинг бой меросини ўрганиш, маданий ёдгорликларни таъмирлаш, асраб-авайлаш, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг натижалари кўпгина давлатлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Маросим чоғида Ўзбекистоннинг айрим вилоятларидаги мавжуд сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдимот қатнашчиларининг эътиборига ҳавола қилинди. Жумладан, Сурхондарё вилоятидаги имкониятлар — турли туризм йўналишларининг мавжудлиги, тарихий ёдгорликлар, маҳаллий аҳолининг ўзига хос урф-одатлари катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон ҳунармандчилик санъати ва халқ ижодиёти намуналари кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Ўзбек халқ миллий либослари, сўзаналар, ёғоч ва сополдан ишланган турли маҳсулотлар, миниатюра, графика асарлари ҳамда бошқа буюмлар намойиши тақдимотга алоҳида мазмун бағишлади.

— Ўзбекистон Буюк Ипак йўлидаги энг муҳим мамлакат ҳисобланади, — деди Саитама шаҳри Халқаро қўмитаси раиси Фумико Шига “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбат чоғида. — Юртингиздаги ноёб тарихий ва маданий мерос кўп замонлардан бери японларнинг эътиборини ўзига тортиб келади.

Ўзбек халқи ўз анъаналарини қай даражада эъзозлашини, келажак авлодлар олдидаги масъулиятини теран идрок этишини ушбу кўргазмадан ҳам билиш мумкин. Намойиш этилган халқ амалий санъати намуналари эса мамлакатдаги мавжуд бой маданиятдан дарак бериб турибди. Ишончим комилки, бўлиб ўтган Ўзбекистон тақдимоти давлатларимиз ўртасида икки томонлама сайёҳлик алоқаларини янада -кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

— Ўзбекистон жаҳон маданиятининг кўҳна ва бетакрор ўчоқларидан биридир, — дейди TBS телеканали бошловчиси Жунко Акисава. — У гўзал ҳамда маҳобатли меъморий ёдгорликларга эга. Япониянинг марказий телеканалларида мамлакатингизга, ўзбек халқи маданияти ва анъаналарига бағишланган кўрсатувлар, ҳужжатли фильмлар мунтазам намойиш этилади. Улар япон телетомошабинлари ҳамда саёҳат ишқибозлари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинади.

Япон саёҳатчилари ўртасида Ўзбекистон энг оммабоп туризм йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили минглаб ҳамюртларимиз Ўзбекистонга боришади. Улар Шарқнинг ҳақиқий ганжиналари, Буюк Ипак йўлининг афсонавий шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз билан танишадилар.

Биз яқин вақт ичида мамлакатингизда ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ҳақида янги фильм тайёрлашни режалаштираяпмиз. Халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб бораверади, деб ўйлайман.

«Жаҳон» АА.

Токио

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn