Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти Бельгияда намойиш этилди
  • 31 Май 2016

Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти Бельгияда намойиш этилди

Бельгиянинг Валлония экспорт ва сармоялар агентлигида Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамда сармоявий имкониятларига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси томонидан Валлония экспорт ва сармоялар агентлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда  мазкур агентликка аъзо бўлган компаниялар вакиллари қатнашиб, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар хусусидаги маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Тақдимотда 2016 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ҳамда технологик янгилаш бўйича умумий қиймати 41 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги, салкам 900 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини кўзда тутувчи 2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш дастурлари, шунингдек, мамлакатимизда хорижлик сармоядорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ҳам маросим иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди.

Унда сўзга чиққан Валлония экспорт ва сармоялар агентлигининг бош ижрочи директори П. Делкомминет мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш, экспорт ва сармоявий салоҳиятни ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

— Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг афзалликларини алоҳида қайд этишни истар эдим, — деди П. Делкомминет. — Яъни улар барқарор иқтисодий тарақ-қиёт жараёнида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни тобора ўсиб бораётгани, махсус индустриал ҳудудлар ёки логистика марказлари фаолияти ҳамда жозибали сармоявий муҳит билан изоҳланади.

Мамлакатда европалик сармоядорларга яратилган имконият ва мавжуд улкан салоҳиятдан янада унумли фойдаланилишига умид қиламан. Валлония компанияларини Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтиришга даъват этаман.

Ўз навбатида, Бельгиядаги “Audiofocus” электр жиҳозлари компаниясининг савдо ишлари бўйича директори А. Костенк ўз фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик борасида тажрибага эга эканлигини маълум қилди.

— Глобал миқёсдаги молиявий-иқтисодий инқироз оқибатида кўпгина давлатларда иқтисодий пасайиш кузатилмоқда, — деди у. — Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари нафақат иқтисодиёт ва банк-молия тизимининг барқарорлигидан, балки кейинги йилларда кўрилган чора-тадбирларнинг тўғрилиги ҳамда ўз вақтида қабул қилинганидан ҳам далолат беради.

Яна шуни қайд этиш керакки, республика банк тизимининг муваффақиятли ислоҳ этилиши Жаҳон банкининг йиллик таҳлилий маърузаси ва Халқаро молия корпорациясининг тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш шароитлари бўйича “Doing Businees — 2016” умумлашма маълумотномасида ҳам ўз аксини топмоқда. Уларнинг ҳисоботида келтирилишича, кейинги уч йил мобайнида “Кичик бизнес субъектларига кредит бериш” деб номланувчи кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 154-ўриндан 42-ўринга кўтарилди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон бугунги кунда сармоя киритиш учун минтақадаги энг жозибали мамлакат ҳамда юқори қўшимча қийматга эга бўлган экспортбоп тайёр маҳсулотларнинг кенг мажмуини ишлаб чиқариш учун истиқболли бозор ҳисобланади.

Тақдимот қатнашчилари Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришнинг афзалликлари ҳақидаги маълумотларни катта қизиқиш билан қабул қилдилар. Тадбир доирасида бўлиб ўтган мунозаралар чоғида логистика, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, ахборот техноло-гиялари ва бошқа жабҳалардаги ҳамкорликнинг истиқболлари юзасидан ўзаро фикр -алмашилди.  

Бельгиянинг “Joskin” компанияси менежери Ж. Магирон “Жаҳон” ахборот агент-лигига берган интервьюси чоғида республикамизда аграр сектор ҳамда чет эл компанияларининг сармоявий фаолиятини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларга ижобий баҳо берди.

— Ўзбекистонда корпоратив бошқарув тизимидаги принцип ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш бўйича амалга оширилган ишлар таҳсинга лойиқдир, — деди у. — Чунки илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида ишлаб чиқилган акциядорлик жамиятларининг янги намунавий тузилмаси бозор иқтисодиёти талабларига тўла жавоб беради.  

Биз 2015 йилдан буён Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият юритиб, Самарқанддаги “Ўзавтотрейлер” заводида аграр тармоқ ва бошқа жабҳалар учун тиркама ҳамда махсус техника воситалари ишлаб чиқараяпмиз. Келажакда бундай техникаларимиз сони ва турини янада кўпайтириш ниятидамиз.

Бельгиянинг “Sarens” қурилиш-транспорт компанияси менежери М. Редуан Ўзбекистонда жадал ривожланаётган қурилиш бозори европалик шериклар учун жозибали ва истиқболли эканлигини қайд этди.

— Бугун бўлиб ўтган тақдимот маросими Ўзбекистон ҳақида, унинг қурилиш соҳасидаги салоҳияти тўғрисида янада кўпроқ маълумотларга эга бўлишимиз учун яхши имконият яратди, — деди М. Редуан. — Шуниси эътиборга моликки, мамлакатда 2015 йилда умумий қиймати 7 миллиард 400 миллион долларлик 158 та йирик ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилган. Шу рақамнинг ўзиёқ мамлакатда қурилиш соҳаси -жадал суръатда ривожланаётганидан далолатдир.

«Жаҳон» АА.

Брюссель

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn