«Ўзбекистоннинг ШҲТга бу галги раислиги ҳам ташкилот тарихида катта из қолдиради»
  • 28 Май 2016

«Ўзбекистоннинг ШҲТга бу галги раислиги ҳам ташкилот тарихида катта из қолдиради»

Испаниянинг Валенсия шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги халқаро ҳамкорлик мавзуига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Испаниянинг Стратегик тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил ва академик доиралари вакиллари қатнашди. Улар Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ доирасидаги фаолияти ҳамда юртимизнинг ушбу ташкилот ривожидаги ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.

Тадбирда мамлакатимизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотини институционал мустаҳкамлаш ва барқарор ривожлантиришга йўналтирилган асосий ташаббуслари мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилар экан, Ўзбекистоннинг ташкилотдаги раислиги даврларида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар ҳамда қарорлар ҳақидаги маълумотлар йиғилганларда катта таассурот уйғотди.

Қайд этилганидек, республикамиз ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги амалий ва мустаҳкам ҳамкорлик тамойилларига қатъий риоя қилаётгани ҳолда, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқаро майдондаги обрў-эътибори янада юксалишини таъминлашга интилмоқда.

Давра суҳбати иштирокчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг асосий тамойиллари, мамлакатимиз раҳбариятининг минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим ташаббуслари билан ҳам танишдилар.

Испания Конгресси депутати Хосе-Мария Чикийо “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизлик таъминланишида Ўзбекистоннинг ўрни ўта муҳим эканлигини қайд этди.

— Мамлакат мустақилликни қўлга киритганидан сўнг тинчликни сақлаш ҳамда иқтисодий тараққиёт масалаларида қатъий йўлни тутди, — деди у. — Бугунги тадбир Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолиятидаги позицияси тўғри эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш имконини берди. Ушбу фурсатдан фойдаланиб, мамлакатингизнинг ШҲТга раислиги доирасидаги фаолияти янада самарали бўлишига тилакдош эканлигимни айтмоқчиман.

— Ўзбекистоннинг ШҲТга ҳозирги раислиги мазкур ташкилотнинг 15 йиллик юбилейига тўғри келгани чуқур рамзий маънога эга, — деди Валенсиядаги Европа университети профессори Хорхе Местре. — Шу давр оралиғида, жумладан, Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли мазкур бирлашма эътиборли тизимга айланиб, унинг нуфузи кескин равишда ошди. Ўзбекистоннинг ШҲТ фаолиятида иқтисодий йўналишни кучайтириш зарурлиги борасидаги нуқтаи назари жуда мақбул ва тўғридир. Чунки бу йирик минтақадаги барқарорликнинг қўллаб-қувватланишида аҳоли фаровонлигини юксалтириш жуда муҳимдир.

Мамлакатингизнинг бундан олдинги раислиги даврларида унинг ташаббуси билан ШҲТ доирасида муҳим қарорлар қабул қилиндики, улар бирлашмага аъзо давлатларнинг манфаатларига мос келади. Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига бу галги раислиги ҳам ташкилот тарихида катта из қолдиради.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn