«Буюк Ипак йўлидаги мовий гумбазлар»
  • 21 Май 2016

«Буюк Ипак йўлидаги мовий гумбазлар»

Яқинда испан тилида чоп этиладиган “El Pais” газетасида “Буюк Ипак йўлидаги мовий гумбазлар” сарлавҳали мақола босилиб чиқди. У юртимизнинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда сайёҳлик салоҳиятига бағишланган.

“Ўзбекистон — Осиё юраги. Унинг бағрида Самарқанд, Бухоро, Хива сингари кўҳна ва навқирон ҳамда гўзал шаҳарлар жойлашган. Қарийб икки минг йил давомида бу мамлакат орқали ипак, нефрит, чинни, қоғоз, камёб зираворлар ва бошқа турли-туман маҳсулотлар юкланган карвонлар Шарқдан ўарбга йўл олган. Ортга қайтишда эса қаҳрабо, мис, тери маҳсулотлари, шиша, фил суяги, қимматбаҳо тошлар, металл ҳамда атир сингари буюмлар келтирилган. Бироқ бу қадимий йўлдаги энг муҳим жараён турли халқлар ва динлар ўртасидаги ўзаро илмий ҳамда маданий алмашувлар эди”, дея ёзилади -нашрда.

Муаллиф Рафаэль Пола диёримиздаги тарихий шаҳарларнинг диққатга сазовор масканлари хусусида ёзар экан, Ўрта асрларда бунёд этилган ноёб меъморий ёдгорликларнинг бутун гўзаллиги ва беқиёслигини газетхонларга етказишни ўз олдига энг асосий мақсад сифатида қўйган.

“Масжиду мадрасаларнинг мовий гумбазлари, ҳашаматли миноралар, қалъа деворлари кишини “Минг бир кеча” эртаги муҳитига олиб киради, — деб таъкидлайди у. — Хива кўчаларида сайр қилар экансиз, кўҳна савдо йўли бўйлаб ҳаракатланган карвонлар учун бу шаҳар орзудаги воҳа бўлганини ҳис этасиз”.

Жаноб Пола ўқувчиларни Хивадаги Ўрта асрларга оид меъморий ёдгорликлар билан таништириб, Калтаминор, Тош ҳовли саройи каби обидалар хусусидаги маълумотларга алоҳида тўхталиб ўтган.

Кейинги сатрларда ислом ҳамда дунё маданиятига улкан ҳисса қўшган Бухоронинг таърифу тавсифи қаламга олинган.

“Х асрда Бухоро мусулмон дунёси илм-фани ва адабиётининг пойтахти ҳисобланган. Инсоният учун бу шаҳар ўз даҳоси, тиббиёт асосчиси — Абу Али ибн Сино ҳамда бошқа кўплаб олимлар, шоиру мутафаккирларга бешик бўлган”. Муаллиф Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси, кўҳна Арк қалъаси, “Лаби Ҳовуз” тарихий мажмуи сингари қадамжолар ҳақида ўз ҳаяжонларини баён этган.

Сўнгра испан ижодкори нашр муштарийларини Шарқ дурдонаси — Самарқанд томон “етаклаб”, унга “Дунёдаги энг бой ва энг қизиқарли мозийга эга шаҳарлардан бири”, дея баҳо беради.

“Самарқанд Буюк Ипак йўлининг муҳим марказларидан саналган. Шаҳар икки минг йил давомида жаҳон маданиятлари ҳамда цивилизациялари билан ўзаро туташгани ва уларни бойитгани ҳолда, ривожланган, гуллаб-яшнаган. Кастилия қироли элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг бу бетакрор замин ҳақида қолдирган хотиралари ўқувчини -хаёлан буюк Амир Темур даврига олиб боради”, деб айтиб ўтади журналист.

Бинобарин, соҳибқирон ҳамда унинг авлодлари томонидан амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларига нашрда алоҳида эътибор қаратилган. Материалда қудратли давлат пойтахти бўлган мазкур шаҳар бир неча бор вайроналикка юз тутганига қарамасдан, қайта қад ростлаб, ўз гўзаллиги ва аҳамиятини янада оширгани қайд этилган: “Шаҳар маҳобатли меъморчилик ансамблига эга бўлгани ҳолда, ўз даврининг жаҳон миқёсидаги маданият ҳамда илм-фан марказларидан бири эди”.

Р. Пола “El Pais” газетасида Самарқанднинг ноёб гўзаллигини тасвирлар экан, “Биби Хоним масжиди, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуи, Регистон майдони сингари тарихий ёдгорликлар ён-атрофдаги замонавий бинолар ва инфратузилмалар билан уйғунлашиб, шаҳарнинг жозибасию мўъжизакорлигини янада оширади”, дея ўз фикрига якун ясаган.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn