Келажакка умид
  • 20 Май 2016

Келажакка умид

Буюк Британиянинг “Vodafone” телекоммуникация компанияси ўтган молиявий йилда 3 миллиард 818 миллион фунт стерлинг зарар кўрди. Шунга яраша қарзлари ҳам 31 фоиз кўпайиб, 29 миллиард 200 миллион фунт стерлингга етди.

Сабаби, мазкур бренд ўтган ҳисобот даврида мобиль тармоқларини модернизациялаш учун катта миқдорда харажат қилди. Бундай янгиланишлар компаниянинг келгусидаги фаолиятида ижобий натижаларга эришилишида қўл келиши кутилаяпти.

Сурункали ёмғир оқибати

Шри-Ланкада кузатилган кучли ёмғир туфайли тупроқ кўчиши содир бўлди. Пойтахт Коломбодан 100 километр Шимоли-Шарқдаги Аранаяка шаҳрида рўй берган ушбу ҳодиса туфайли 36 киши ҳаётдан кўз юмди. Юздан ортиқ одам бедарак йўқолган. Лекин уларнинг омон қолгани даргумонлиги айтилмоқда. Сабаби, тош ва лой оқимлари уй ҳамда бошқа иншоотларни бутунлай босиб қолиб, вайронага айлантирган.

Жабрланганлар вақтинча яшаш жойларига кўчирилди. Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун ҳарбий хизматчилар ва техника воситалари жалб қилинган.

Қайтадан бошламоқчи

Финляндиянинг “Nokia” компанияси ушбу мамлакатдаги яна бир бренд — “HMD” билан ҳамкорликда мобиль телефонлар ҳамда планшетлар ишлаб чиқаришни қайтадан йўлга қўйишга қарор қилди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “Microsoft” корпорациясидан смартфонлар тайёрлашга бўлган ҳуқуқ сотиб олинади ва яқин уч йил ичида 500 миллион долларлик сармоя йўналтирилади.

Дўконлари жозибадор шаҳарлар

Глобал миқёсда машҳур бўлган “JLL” консалтинг компанияси томонидан дўконлари энг жозибадор бўлган шаҳарлар рейтинги эълон қилинди.

Унга кўра, қатор халқаро компаниялар жойлашган ҳамда энг кўп турдаги люкс товарлар сотиладиган Лондон биринчи ўринни эгаллади. Рўйхатдан, шунингдек, Гонконг, Париж, Дубай, Нью-Йорк, Сингапур, Пекин, Шанхай, Ал-Кувайт, Токио каби шаҳарлар жой олди. Бу ҳақда “The New Retail” манбаси хабар тарқатди.

Эгасини огоҳлантирувчи чамадон

Хитойнинг “Xiaomi” компанияси томонидан “Bluetooth 4.0” ёрдамида мобиль телефонга уланувчи “ақлли” чамадон яратилди.

“90 Minutes Smart Suitcase” номини олган ушбу буюмдаги қурилмалар ўғирлик ёки унинг қулфини бузишга уриниш бўлаётганда, ўз эгасини огоҳлантиради. Қолаверса, юк ташиш воситасини масофадан туриб бошқариш мумкин. Унинг корпусига алюминий-магнийли қотишма билан ишлов берилган. Оғирлиги 4,4 килограмм бўлса, ўлчами 550x375x215 миллиметр, ҳажми 31 литрга тенг.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn