Мамлакатимиз салоҳиятининг Гёттингендаги намойиши
  • 20 Май 2016

Мамлакатимиз салоҳиятининг Гёттингендаги намойиши

Германиянинг Гёттинген (Қуйи Саксония федерал ери) шаҳрида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси томонидан Георг-Август номидаги Гёттинген университети билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчилари юртимизнинг иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда қўлга киритаётган муваффақиятлари, Ўзбекистон Республикасини 2016 йилнинг биринчи чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда амалдаги иқтисодий дастурнинг ҳаётга татбиқ қилинишига оид маълумотлар билан яқиндан танишдилар.

Шунингдек, тақдимот чоғида мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг амалга оширилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда она ва бола саломатлиги муҳофазаси билан боғлиқ масалалар давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

Анжуман доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда бугунги фаровон ҳаётини акс эттирувчи тақдимот бурчаги ташкил қилиниб, унда ўзбек халқ амалий санъати буюмлари, сопол идишлар, тўқимачилик, зардўзлик маҳсулотлари намуналари намойиш этилгани қатнашчиларда катта таассурот -қолдирди.

“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири маросим иштирокчиларидан айримлари билан суҳбатда бўлди.

— Ўзбекистон тақдимотига қизиқиш қанчалик юксак эканини анжуман қатнашчилари сонидан ҳам билиш мумкин, — деди Гёттинген университети Халқаро маркази вакили Кристина Шмидт. — Буни катта залда биронта ҳам бўш ўрин қолмагани тасдиқлаб турибди.

Биз бугун нафақат ўзбек маданияти ва анъаналари, балки мамлакатнинг ижтимоий ривожланиши, жумладан, юртингизда аёллар ҳамда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган, аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар билан ҳам яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришгани ҳақидаги маълумот, айниқса, менда ёрқин таассурот уйғотди.

Дарҳақиқат, соғлиқни сақлаш жабҳасидаги ислоҳотларнинг натижалари, хусусан, оналар ва болалар ўлими кўрсаткичларининг кескин пасайгани эътирофга лойиқдир. Ўзбекистондаги умр давомийлиги индексининг ўсиш кўрсаткичлари ҳам жуда яхши.

— Менга тақдимот чоғида намойиш этилган маданий дастур жуда ёқди, — деди Гёттинген университети талабаси Астрид Яух. — Маълумки, сайёҳлик салоҳияти нуқтаи назаридан Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг энг муҳим мамлакатларидан ҳисобланади. Республикада туризм инфратузилмасини -ривожлантириш ҳамда тарихий-меъморий ёдгорликларни асраб-авайлашга катта аҳамият қаратилаётгани бутун дунёдан, жумладан, Германиядан ҳам Ўзбекистонга ташриф буюрадиган сайёҳлар оқимини кўпайтиришга туртки бериши, шубҳасиз.

Тақдимот маросимидан сўнг яқин вақт ичида Ўзбекистонга боришга, бутун дунёда Шарқ дурдоналари сифатида машҳур бўлган Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларни ўз кўзим билан кўришга қарор қилдим.

«Жаҳон» АА.

Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn