«Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистон»
  • 18 Май 2016

«Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистон»

Испаниянинг Валенсия шаҳрида “Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистон” мавзуида конференция бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг Мадриддаги дипломатия ваколатхонаси томонидан Ўрта Ер денгизи минтақасидаги ЮНЕСКО маркази ва ЮНЕСКО билан ҳамкорлик бўйича Испания комиссияси кўмагида ташкил этилган мазкур тадбирда ушбу давлат ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ҳамда эксперт доиралари, сайёҳлик агентликлари ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Анжуманда Буюк Ипак йўлининг пайдо бўлиши ҳамда ривожланишида ўзбек халқининг тутган ўрни, Шарқ ва ўарб ўртасидаги савдо, илмий-маданий алоқаларнинг кенгайишига қўшган бебаҳо ҳиссаси хусусида атрофлича фикр юритилди. Таъкидланганидек, афсонавий йўл маркази ва цивилизациялар чорраҳасида жойлашган бу замин юзлаб йиллар давомида илм-фан, технология ҳамда инновациялар, фалсафий ғояларнинг манбаи бўлган.

Конференцияда тарихий ёдгорликлар бугунги кунда Ўзбекистонда кўз қорачиғидек асраб-авайлаётгани, улар жаҳон маданий меросининг бўлаги сифатида мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳларнинг диққатга сазовор қадамжоларига айлангани алоҳида таъкидланди.

2014 йили Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ўтказилгани Буюк Ипак йўли бўйида туризмни ривожлантириш ва маданий мулоқот ҳамда ўзаро ҳамкорликни жадаллаштириш борасида навбатдаги муҳим босқич бўлди.

Тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик муҳити, ўзбекона меҳмондўстлик, шунингдек, замонавий сайёҳлик инфратузилмасининг мавжудлиги мамлакатга келаётган туристлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилаётган омиллар сирасига кириши Валенсия анжуманида алоҳида қайд этилди.

— Ўзбекистон Буюк Ипак йўлидаги ўта муҳим мамлакатдир, — деди Ўрта Ер денгизи минтақасидаги ЮНЕСКО марказининг директори Хосе-Мануэль Хиронес “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюсида. — Мустақиллик -туфайли ҳамда бой тарихий ва маданий меросни асраш бўйича олиб борилаётган самарали ишлар натижаси ўлароқ, дунёда ўзбек заминининг бутун гўзаллиги ҳамда аҳамияти намоён бўлди. Чунки буюк аллома, алгебра фани асосчиси Ал-Хоразмий, “Тиб қонунлари” деб аталган бебаҳо фундаментал асари билан бир неча юз йиллар учун тиббиёт фанлари тараққиётининг устувор йўналишларини олдиндан белгилаб берган олим ва файласуф Абу Али ибн Сино ҳамда бошқа кўплаб улуғ мутафаккирлар инсоният тамаддуни тараққиётига бебаҳо ҳисса қўшганлар.

Шу ўринда Буюк Ипак йўли бўйида маданий ва сайёҳлик алоқаларини қайта тиклаш ишига ЮНЕСКО доирасида қаратилаётган эътиборни ҳам қайд этишни истар эдим. 1994 йили қабул қилинган Самарқанд декларацияси ташкилотимиз томонидан бу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларда алоҳида ўрин тутади. Биз нафақат ноёб буюмлар, балки билим, маданият ҳамда санъат карвонлари ўтган шаҳарлар ўртасида кўп қиррали алоқаларни тиклашни истардик.

— Мамлакатингиз улкан сайёҳлик салоҳиятига, ажойиб ва бетакрор маданий-меъморий ёдгорликларга эга, — деди “Viajes Azul” сайёҳлик агентлиги директори Maрино Фернандо Санчес. — Улар ҳамиша дунёнинг турли нуқталаридаги санъат ҳамда маданият ихлосмандларини ўзига жалб этиб келган. Ўзбекистонга борган сайёҳлар Буюк Ипак йўлининг Самарқанд, Бухоро, Хива сингари афсонавий шаҳарларида кўҳна Шарқ жозибасини кўришлари баробарида, ўзбек миллий ошхонасининг жуда мазали таомларидан баҳраманд бўлишади. Шу боис республикангиз тобора европалик, жумладан, испаниялик туристлар учун энг севимли саёҳат йўналишига айланмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлашни истардимки, улар юртингиздан, ўзбекона меҳмондўстликдан улкан таассуротлар билан қайтишаяпти.

Яқинда бизнинг агентлигимиз ва ЮНЕСКО билан ҳамкорлик бўйича Испания комиссияси шериклигида “Ипак йўли бўйлаб саёҳат” номли янги лойиҳа ишга туширилди. Унда Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади. Яқин вақт ичида -мамлакатингизга Валенсиядан сайёҳларнинг навбатдаги гуруҳини жўнатамиз.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn