«Ўзбекистон ўз йўлидан бориш ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан нусха кўчирмаслик қарорида қатъийдир»
  • 17 Май 2016

«Ўзбекистон ўз йўлидан бориш ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан нусха кўчирмаслик қарорида қатъийдир»

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий соҳада ва бошқа жабҳаларда эришган муваффақиятлари дунёда ўзининг кенг эътирофини топаётгани баробарида, хорижий давлатлар ҳукумат, илмий-академик ҳамда ишбилармон доираларининг эътиборли вакиллари томонидан диққат билан ўрганилмоқда.

Масалан, Европарламентнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле Ўзбекистон ўзининг 25 йиллик ривожланиш йўлини қай тариқа ва қандай мерос билан бошлаганидан хабардор эканлигини маълум қилар экан, юртимиз истиқлол йилларида улкан ютуқларни қўлга киритишга муяссар бўлганини айтди. “Бугун Ўзбекистон барча соҳада изчил ўсувчан ривожланишни намоён қилаётгани ҳолда, гуллаб-яшнаётган давлатга айландики, у ўз фуқароларининг хавфсизлиги таъминланиши, моддий фаровонлиги ҳамда ижтимоий ҳимояси ошиши, турли хизматлардан фойдаланиш -имкониятига эга бўлиши масалаларига катта аҳамият қаратмоқда”, деди Европарламент аъзоси.

Мамлакат ҳукумати томонидан 2016 йилга белгиланган мақсадлар, И. Григуленинг фикрича, ижобий баҳога лойиқдир. Хусусан, у бизнес соҳасида қонунчилик асоси янада такомиллаштирилиши, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун шароитларнинг оширилишига алоҳида эътибор қаратар экан, бу омиллар миллий иқтисодиётнинг турли жабҳаларига чет эл сармоялари жалб этилиши ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилишини билдирди.

Сўнгги йиллар давомида Ўзбекистон томонидан рўёбга чиқарилган ишлар кўламини назарда тутган ҳолда, Европарламент депутати республикамиз бир неча йиллар давомида ялпи ички маҳсулот ўсишининг юқори суръатларини намойиш этиб, барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаётгани дунёнинг иқтисодиёти тез ривожланаётган беш мамлакати қаторидан жой олишга имкон берганини табиий ҳол, деб ҳисоблайди.

“Ҳар қандай мамлакат фаровонлиги, иқтисодиёти ва тараққиётининг асосини ўқимишли одамлар ташкил этади. Давлат ҳамда жамиятнинг барқарор ривожланиши мутахассислар маълумоти ва билими даражасининг ошиши билан боғлиқдир. Шубҳа йўқки, таълим масаласи дунёнинг энг тараққий топган давлатлари қаторидан жой олишга интилаётган Ўзбекистонда энг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади”, деди у.

И. Григуленинг айтишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида саноат ишлаб чиқаришини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш ҳисобига иқтисодиётни янада диверсификациялаш зарур эканлигини тасдиқлайдиган қатор ишончли далилларни келтирди.

“Буларнинг барчаси муҳим вазифалар мажмуига кирадики, улар жорий йилда ҳаётга татбиқ этилиши керак. Кейинги 25 йил мобайнидаги миллий ривожланиш ва ўсиш йўли олдинга қўйилган барча мақсад ҳамда вазифаларга эришилишига ишонч -бағишлайди”, дея баён қилди у.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм Ўзбекистон ҳукуматининг бизнес юритиш учун шароитларни соддалаштириш ва енгиллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берди. Унинг сўзларига қараганда, республиканинг ҳар йиллик иқтисодий кўрсаткичлари ҳамда мамлакат иқтисодиётига жалб этилаётган хорижий сармояларнинг ҳажми эътиборга сазовордир. “Мўлжалланган сармоявий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида АҚШ компаниялари Ўзбекистоннинг асосий сармоявий ҳамда савдо шериклари бўлишига умид қиламиз”, деди у.

К. Лэмм жаҳон иқтисодиётида молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистонда ўсувчан тараққиёт кузатилаётганини, саноатни янада модернизациялаш ҳамда юқори қўшимча қийматли товарлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган мажмуавий ва тизимли чора-тадбирлар кўрилаётганини алоҳида таъкидлади. У институционал ислоҳотларни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилингани Америка компаниялари учун янги корхоналар тузиш ҳамда амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш учун туртки бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирди.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси Ўзбекистондаги ишбилармонлик ва сармоя муҳитига холис баҳо бериши билан АҚШда танилган. Бизнинг палатамиз аъзоларининг кўпчилиги мустақилликнинг биринчи кунларидан буён республикада фаол иш олиб бормоқда. Улар мамлакатда рўй бераётган ўзгаришларнинг, жумладан, бизнес юритиш учун ҳамда хорижий сармоядорлар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қулай шароитларни яратиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг гувоҳлари ҳисобланишади”, деди К. Лэмм.

“Frondita Biogroup Inc.” компанияси президенти Арунас Ванагас (АҚШ) қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг асосий йўналишларидан бири сифатида қолаётганини қайд этди.

“Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги жабҳасини ислоҳ этиш жараёнида уни замонавий, юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга бўлган, жаҳон талаблари ва андозаларига жавоб берадиган махсус техника ва технологик ускуналар билан жиҳозлашга алоҳида урғу қаратилди. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муваффақиятлари БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан эътироф этилиши республиканинг изчил ривожланаётганини ҳамда қишлоқ хўжалигидаги тизимли ўзгаришларнинг юксак натижали эканлигини тасдиқлайди”, деди у.

А. Ванагаснинг фикрига кўра, ер майдонларини оптималлаштириш ишлаб чиқариш ҳажмларини янада изчил ўстириш, фермер хўжаликларининг самарадорлиги ва рентабеллигини таъминлайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш билан шуғулланадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаш таъми ҳамда сифати юқорилиги билан ажралиб турадиган озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш -имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашади.

“Medtronic” компанияси вице-президенти Тревор Ганн (АҚШ) ўз компанияси Ўзбекистонга минтақадаги муҳим ва истиқболли шерик сифатида қарашини қайд этар экан, мамлакатимиз билан тиббиёт соҳасида узоқ муддатли, стратегик шерикликни ривожлантириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Т. Ганн фақат ижтимоий лойиҳаларга сармоя йўналтирган мамлакатгина буюк келажакни, гуллаб-яшнаш ҳамда фаровонликни кутиши мумкинлигига ишонч билдирди. “Ўзбекистон таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга давлат бюджетининг салмоқли қисмини йўналтираётган камдан-кам мамлакатлардан биридир, — деди у. — Тиббий хизмат сифатини яхшилаш бўйича қатор давлат дастурларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани, соғлиқни сақлаш соҳасига илм-фан ҳамда технологияларнинг илғор ютуқлари жорий қилинаётгани ҳам юқори баҳога лойиқдир”.

Сўнгра у Ўзбекистонда ҳар йил муайян соҳага бағишланиши амалиётининг мавжудлиги, жумладан, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани хусусидаги маълумот ўзида жуда яхши фикр уйғотганини баён этди. “Medtronic” компанияси вице-президентининг айтишича, буларнинг барчаси саъй-ҳаракатларни давлат сиёсатидаги ижтимоий аҳамиятга молик йўналишни ривожлантиришга қаратиш, замонавий жамиятнинг энг долзарб вазифаларини бажариш учун кучларни сафарбар қилиш имконини беради. “Шуниси қувонарлики, соғлиқни сақлаш, оила, оналик ва болалик муҳофазаси тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш мамлакат раҳбарияти эътиборининг марказида турибди”, деди америкалик мутахассис.

Нидерландия озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш ва қадоқлаш бўйича ускуна-жиҳозлар ишлаб чиқарувчилари уюшмасининг директори М. фан Харен Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини муваффақиятли амалга ошириш учун мавжуд шароитдан, жумладан, яратилган қулай сармоявий муҳит, хорижлик сармоядорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазасига қаратилган имтиёз, қулайлик ҳамда кафолатларнинг кенг қамровли тизими ўзида катта тассурот қолдирганини айтди.

“Менинг фикримча, 2015 йили юқори технологияга асосланган ўта муҳим ва замонавий саноат объектларининг ишга туширилиши ҳамда 2016 йилга мўлжаллаб қабул қилинган аниқ режалар иқтисодий жиҳатдан зарурат бўлган ҳамда чуқур ўйланган дастурларнинг, шунингдек, фаол сармоявий сиёсатнинг ҳаётга татбиқ этилиши асосида мамлакат иқтисодиёти изчил ривожланаётганидан далолат беради”, деди нидерландиялик бизнесмен.

Унинг таъкидлашича, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда унинг кўламларини кенгайтириш учун Ўзбекистон минтақада ўзига хос хабга айланди. 

У экин майдонларини оптималлаштириш ҳисобидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кўпайтириш ва замонавий агротехнологияларни қўллаш Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ўрнини бундан-да мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

“Neatkariga Rita Avize” газетаси бош муҳаррири Анита Даукште (Латвия)нинг фикрича, Ўзбекистон раҳбарияти томонидан ҳар томонлама пухта ўйланган ва аниқ ифодаланган истиқбол мўлжаллари республикага стратегик мақсад — дунёнинг ривожланган давлатлари сафига кириш йўлида навбатдаги қадамни ташлаш имконини беради. 

“Ўзбекистонда ишлаб чиқариш қувватлари оқилона жойлаштирилган ҳамда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланилмоқда. Бу мамлакатдаги иқтисодий ўсиш, тинчлик, осойишталик ва барқарорликни ҳам таъминлади. Жаҳон савдосидаги ўсиш суръатларининг сезиларли даражада секинлашуви ҳамда ташқи эҳтиёжнинг камайгани, жаҳонда энг муҳим экспорт товарларига бўлган нархнинг пасайиши Ўзбекистонга ташқи савдо айланмасида ижобий сальдога эришишда халақит бергани йўқ”, деди латвиялик журналист.

Унинг мулоҳазасига кўра, Ўзбекистоннинг 2015 — 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурининг ҳаётга татбиқ этилаётгани, жумладан, Қамчиқ довони орқали ўтадиган туннель қурилиши ва “Ангрен — Поп” йўналиши бўйича темир йўл қатновининг йўлга қўйилиши мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ҳамда йўловчи ташишда катта қулайликлар яратиши баробарида, -республика мустақиллигини мустаҳкамлайди, шунингдек, Ўзбекистоннинг Осиёни Европа билан боғлайдиган транспорт-транзит тизимидаги аҳамиятини янада оширади.

“ИнфоШОС” ахборот портали бош муҳаррири Татьяна Синицина (Россия) эътироф этганидек, Ўзбекистон Марказий Осиёда қандай қудратли давлатга айлангани кишини ҳайратга солмаслиги мумкин эмас. “Мамлакатда улкан тарихий салоҳият мавжуд, бу заминда яшаган ва ижод қилган буюк алломаларнинг қуввати авлодларга ўтган”, деб ҳисоблайди у.

Т. Синицина Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасини диққат билан ўрганиб чиққанини маълум қилар экан, босқичма-босқич ривожланишнинг жаҳонга машҳур “ўзбек модели” пухта экани ва республикани янги чўққиларга кўтараётганига ишонч ҳосил қилганини айтди. “Ўзбекистонда кейинги йиллар давомида бунёд этилган фабрика, завод ва мажмуаларнинг сони ҳам қувонтиради, ҳам ҳайратлантиради. Энг муҳими, бу иншоотлар хом ашёга эмас, балки юқори технологик ишлаб чиқаришларга асосланганки, улар мамлакатни мутлақо бошқа, юксак даражага кўтармоқда”, деди -россиялик журналист.

Т. Синицина Ўзбекистон ўз йўлидан бориш ва бошқа мамлакатлар тажрибасидан нусха кўчирмаслик қарорида қатъий эканини алоҳида қайд этди. “Натижада Ўзбекистон БМТ ҳомийлигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ва халқаро экспертлар -иштирокида 2015 йилда 158 та давлатда ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” мавзуидаги тадқиқотда ушбу индекс бўйича 

44-ўринни эгаллади. Шуниси аёнки, агарда халқ бахтли экан, демак у ўз давлатини янада юқори чўққиларга кўтаради”, деди у.

ХХР Замонавий халқаро муносабатлар академияси Европа ва Осиё институтининг Марказий Осиё бўлими мудири Дин Сяосин Ўзбекистондаги иқтисодий стратегиянинг қатор ўзига хосликлари хусусида алоҳида тўхталди. “Энг -аввало, бу саноатнинг қўллаб-қувватланаётганидир. Шу боис мамлакат бугунги кунда юқори қўшимча қийматга эга бўлган сифатли тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқармоқда ва уларни ташқи бозорларга экспорт қилаяпти. Республикада ишлаб чиқарилаётган автомобиллар, двигателлар, механик ҳамда бошқа маҳсулотларга жаҳон бозорларида катта талаб бор. Ўзбекистон иқтисодиётни инновация йўлига ўтказиш учун ҳам ўзидаги мавжуд юқори интеллектуал салоҳиятдан унумли фойдаланмоқда”, деди эксперт.

У мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарали эканлигини алоҳида қайд этди.

“Кейинги йилларда Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусан, янги бизнесни очиш тартибларини соддалаштириш, давлат органлари томонидан аралашувларни чеклаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди. Раҳбарият томонидан қаратилаётган бу каби доимий эътибор туфайли эса хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси, мазкур жабҳада банд бўлган кишиларнинг сони ҳам муттасил ўсиб бормоқда”, деди Дин Сяосин.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn