Ижобий натижа
  • 17 Май 2016

Ижобий натижа

Жорий йилнинг биринчи чорагида евроҳудудда ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 0,5 фоиз ўсди, деб хабар берди “Евроньюс” телеканали.

Бу борада энг яхши кўрсаткич Германияга тегишли бўлиб, ушбу мамлакат иқтисодиёти 0,7 фоиз ошган. Ички талабнинг кўпайиб бораётгани, Европа марказий банкининг пул сиёсати, қурилиш индустриясига йўналтирилаётган инвестициялар ҳажми ортгани ана шундай ижобий натижага эришилишида муҳим омилга айланди.

Франция ва Италияда ўсиш нисбатан камроқ — 0,5 ҳамда 

0,3 фоиз. Ялпи ички маҳсулоти ҳисобот даврида 0,4 фоиз қисқарган Грецияда эса вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

 

 «Қора олтин» ҳажми кўпайди

Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПЕК) ўтган ойда бир кунлик “қора олтин” қазиб олиш ҳажмини 330 минг баррель кўпайтириб, уни 32,76 миллион баррелга етказган.

Бу 2008 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Ташкилотга аъзо айрим давлатларда углеводород хом ашёсини қазиб олиш ҳажми ортгани ана шу натижага эришишда асосий сабаб бўлди.

 

Нуқсон туфайли қайтарилади

Япониянинг “Honda” компанияси хавфсизлик ёстиқчаларида учраган нуқсонлар туфайли 21 мингта автоуловини қайтариб олади. Бу ҳақда “Блумберг” манбаси хабар тарқатди.

Аниқланишича, улар йўл ҳаракати ҳодисаси рўй берганда, ёки очилмай қолади ёхуд ёрилиб кетиб, ҳайдовчига жароҳат етказади. Ана шундай камчилик боис 2004 йилдан бери саккиз киши ҳаётдан кўз юмган.

Компания раҳбарияти мазкур муаммони бартараф этиш учун 2015/2016 молия йилида 4 миллиард АҚШ доллари сарфлаган.

 

Тинчлантирувчи кўйлак

Дунёга машҳур “Microsoft” компанияси томонидан ўзига хос “ақлли” кўйлак яратилди.

Ушбу либос инсоннинг юрак уриши, ҳаракатлари, тана ҳароратини ўлчайди ҳамда кайфияти ва асаб тизими ҳолатини аниқлаб, унга ижобий таъсир кўрсатади, тинчлантиради. Ундаги махсус қисмлар қон босимини бир маромда сақлаб туриш билан бирга, мусиқа оҳангини ҳам таратади.

Бундай намунадаги кийим, энг аввало, имконияти чекланганлар ва кексалар учун жуда мос келиши айтилмоқда.

 

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn