«The Brussels Europe Press Club Magazine» журнали Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида
  • 13 Май 2016

«The Brussels Europe Press Club Magazine» журнали Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳақида

Европадаги “The Brussels Europe Press Club Magazine” журналининг навбатдаги сонида ушбу нашр бош муҳаррири Антонио Бускардинининг “Замонавий Ўзбекистон” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Унда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир батафсил маълумот берилган. Мақолада республикамизда иқтисодиётни ислоҳ қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муҳофаза этиш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий мулк устуворлигини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланган.

Муаллиф журналхонлар эътиборини юртимиз қўлга киритаётган салмоқли муваффақиятлар халқаро молиявий институтлар томонидан юқори баҳоланаётганига қаратар экан, Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ҳамда 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёда энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олганини билдирган. Бундан ташқари, республикамиз 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида -эътироф этилгани ҳам материалда айтиб ўтилган.

“Янги бизнесни қўллаб-қувватлаш” деб аталадиган мезон бўйича Ўзбекистон айни пайтда жаҳонда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни, иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан қўлланадиган банкротлик тизимининг самарадорлиги бўйича 75-ўринни эгаллаб турибди. “Кичик бизнес субъектларига кредит бериш” деб номланадиган кўрсаткич бўйича мамлакат сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-поғонага кўтарилди ва ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 позиция яхшилади”, деб ёзади А. Бускардини.

У Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот шаклланишида кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг ўрни хусусида сўз юритиб, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар натижасида республикамиз ЯИМда иқтисодиётнинг ушбу соҳаси улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошганини айтиб ўтган. Хусусан, унинг қайд этишича, “Айни пайтда мазкур жабҳада жами саноат маҳсулотларининг учдан бир қисми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 98 фоизи -ишлаб чиқарилмоқда. Иш билан банд аҳолининг 77 фоиздан ортиғи ушбу секторда меҳнат қилаяпти”.

Мақолада, шунингдек, республикамиз аграр соҳасида тизимли ўзгаришлар рўй бераётгани айтиб ўтилган. “Мамлакат қишлоқ хўжалигининг мева-сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик ва чорвачилик каби тармоқлари жадал суръатларда ривожланган. Ўтган йили 12 миллион 592 минг тонна сабзавот ва картошка, 1 миллион 850 минг тонна полиз маҳсулотлари, 1 миллион 556 минг тонна узум, 2 миллион 731 минг тонна мева етиштирилди”.

Жаноб Бускардини Ўзбекистоннинг молия жабҳасидаги муваффақиятларига тўхталар экан, банк, суғурта, лизинг, консалтинг ҳамда бошқа турдаги хизматлар барқарор ривожланиб бораётгани, улар хусусий сектор ва кичик бизнес равнақида муҳим омил бўлаётганига урғу берган. Ўз навбатида, банк тизими капиталининг етарлилик даражаси қарийб 24 фоизни ташкил этаётгани, бу умумқабул қилинган халқаро стандартлардан 3 маротаба кўплиги таъкидланган.

Нашр бош муҳаррири сўнгги йилларда иқтисодий ўсишнинг юқори даражасига эришилгани Ўзбекистон аҳолиси даромадлари янада ортишига пухта замин бўлганини ҳам омма эътиборига ҳавола этган. “Аҳоли жон бошига жами реал даромадлар 9,6 фоиз, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар улуши эса 52 фоиз ошдики, бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқоридир”, деб ёзади журналист.

Шу билан бир қаторда, таҳлилда юртимизнинг соғлиқни сақлаш ва таълим-тарбия каби ижтимоий соҳалар бўйича изчил тараққиётига оид маълумотлар ҳам ўз ифодасини топган. Алоҳида қайд этилганидек, таълим-тарбия жабҳасига ҳар йили йўналтирилаётган маблағлар ялпи ички маҳсулотнинг 10 — 12 фоизини ташкил қилаётган бўлиб, бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтирилиши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан қарийб 2 баробар кўпдир.

“Аҳоли саломатлигини муҳофаза этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида кейинги беш йил мобайнида Ўзбекистонда ҳар 100 мингта чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришган”, дея мақоласига хулоса ясаган Антонио Бускардини.

«Жаҳон» АА.

Брюссель

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn