Нефть нархи кўтарилди
  • 13 Май 2016

Нефть нархи кўтарилди

Жорий ҳафта бошида нефть нархи сезиларли даражада кўтарилди. Масалан, “Брент” маркали “қора олтин”нинг бир баррели 46 АҚШ долларидан ошди. Гап шундаки, Канаданинг Альберта провинцияси шимоли-шарқида кузатилаётган ўрмон ёнғинлари сабабли ушбу ҳудудда углеводород хом ашёсини қазиб олиш миқдори 40 фоиз қисқартирилган.

 

Молиявий йил таҳлили

“Toyota Motor” автоконцерни (Япония)нинг 2015 йил бошидан то жорий йил мартигача бўлган даврни қамраб оладиган молиявий йилдаги соф фойдаси 6,4 фоиз ўсиб, 2,31 триллион иена (21,3 миллиард АҚШ доллари)ни ташкил қилди. 

Бунда ташқи бозорларда шу моделдаги автоуловларга талаб сезиларли даражада ортгани муҳим омил бўлди. Яъни мазкур вақт оралиғида 10,15 миллионта машина сотилган. Лекин апрелдан бошлаб унинг фаолиятида бир нечта тўхталишлар рўй берди. Сабаби, компанияга зарур таркибий қисмларни етказиб берадиган пўлат қуювчи заводлардан бирида ёнғин содир бўлди. Унинг кўплаб корхоналари жойлашган Кюсю оролида эса бир неча бор кучли зилзилалар кузатилди. Шу боис навбатдаги молиявий йилда у кўрадиган фойда 35 фоиз тушиши прогноз қилинаяпти.

 

 Қимматбаҳо брендлар

Дунёга машҳур “Forbes” журнали томонидан жаҳондаги энг қиммат брендлар рейтинги эълон қилинди.

Унга кўра, биринчи ўрин  “Apple” корпорациясига насиб этди. Мазкур савдо белгисининг нархи 154,1 миллиард АҚШ доллари дея баҳоланди. Кейинги поғоналардан “Google” (82,5 миллиард доллар) ва “Microsoft” (75,2 миллиард доллар) жой олди. Рўйхатга, шунингдек, “Coca-Cola”, “Facebook”, “Toyota”, “IBM”, “Disney” каби номлар ҳам киритилган.

 

Инновацион юк машинаси

АҚШнинг “Nikola Motor Company” компанияси томонидан 2000 от кучига эга, электр ёрдамида ҳаракатланадиган замонавий 

юк машинаси ишлаб чиқарилиши режалаштирилаяпти.

“One” номи берилган мазкур автоуловга 320 киловатт-соат ҳажмли батарея қўйилади. Транспорт воситаси тўлиқ қувватлантирилса, 1930 километр масофагача бора олади. -Эътиборлиси, гибрид юк ташувчига ҳозирданоқ буюртмалар кела бошлади.

 

 «Қудратли» смартфон

Хитойнинг “Xiaomi” компанияси томонидан энг катта смартфонлардан бири яратилди.

Унга 16 мегапикселли камера, металл корпус ва илғор процессор ўрнатилган. “Mi Max” номи берилган алоқа воситаси экранининг ўлчами 6,44 дюймга тенг. Бу “iPhone 6s” дан 87 фоиз катта деганидир. Қурилма кумуш, тилла ва кулранг кўринишларда -мижозларга тақдим этилади.

 

Ёшлик ифори таралади

Буюк Британиянинг “Penhaligon’s” компанияси томонидан қадимги юнон мифларидаги қаҳрамонлардан бири Эндимионга аталган икки турдаги янги атир тақдим этилди.

Уларнинг муаттар ҳидларида мускат ёнғоғи, мармарак ва ёронгул ислари уйғунлаштирилган.

Афсоналарга қараганда, Эндимион ўзининг ҳамиша навқирон гўзаллиги билан маш-ҳур бўлган. Ишлаб чиқарувчиларнинг айтишича, янги маҳсулотлардан абадий ёшлик ифори таралиб туради.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn