«Ўзбекистонда соғлом авлод тарбиясига катта эътибор қаратилаяпти»
  • 11 Май 2016

«Ўзбекистонда соғлом авлод тарбиясига катта эътибор қаратилаяпти»

Испаниянинг Толедо шаҳрида юртимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг амалиётга татбиқ этилишига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан “HM Hospitales” университети клиникаси билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Учрашувда Толедо шаҳрининг ижтимоий муассасалари вакиллари, “HM Hospitales” университети клиникаси мутахассислари, докторант ҳамда талабалари қатнашди. Улар “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган мақсад ҳамда вазифалар, мазкур дастур доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли тадбирлар билан яқиндан танишдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йилни “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббуси мамлакатимизда “Соғлом она — соғлом бола” концепцияси изчил амалга оширилишида навбатдаги муҳим босқични бошлаб берди.

Давра суҳбати чоғида ушбу Давлат дастури республикада соғлиқни сақлаш тизимини узлуксиз такомиллаштириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ҳамда тизимли ишларнинг ўзига хос “йўл харитаси” сифатида хизмат қилаётгани эътироф этилди. Хусусан, мазкур муҳим ҳужжатда оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга оид қонунчилик базасини такомиллаштириш, тиббиёт муассасалари моддий-техника асосини ҳамда кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш сингари вазифалар назарда тутилган.

— Бугун ўтказилган анжуман туфайли биз Ўзбекистон соғлиқни сақлаш масалаларига, жумладан, соғлом авлод тарбиясига катта эътибор қаратаётганидан воқиф бўлдик, — деди “HM Hospitales” клиникасининг институционал масалалар бўйича директори Мария-Луиза Кальдерон. — Бу йўналишдаги ишлар изчиллик билан ва тизимли равишда олиб борилаётгани эътиборга молик. Мамлакатингиз мустақилликнинг тарихан қисқа давридаёқ барқарор ривожланиш соҳасида БМТнинг асосий мақсадларига эришиш йўлида муваффақиятли равишда ҳаракат қилмоқда. Ўз-ўзидан аёнки, бу жараёнда “соғлом миллат” тушунчасини чуқур ҳис қилиш катта аҳамият касб этади. Чунки оналик ҳамда болалик муҳофазаси масаласига алоҳида эътибор қаратмасдан туриб, соғлом миллатни шакллантириш мумкин эмас.

«Жаҳон» АА.

Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn