«Франция Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори»
  • 29 Апрель 2016

«Франция Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш тарафдори»

Яқинда Франциянинг Париж I Пантеон-Сорбонне университетида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболларига бағишланган магистрлик конференцияси бўлиб ўтди.

Сенаторлар, Иқтисодиёт ҳамда Молия вазирликлари, Франциянинг эксперт ва дипломатик доиралари вакиллари, профессорлар, Париждаги қатор олий таълим муассасалари талабалари қатнашган мазкур тадбирда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий алоқаларнинг бугунги ҳолати, шунингдек, уларни кенгайтириш имкониятлари, бунинг учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда сўзга чиққан Франция Сенати ҳузуридаги “Франция — Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ив Поццо ди Борго Буюк Ипак йўли -чорраҳасида жойлашган Марказий Осиё ҳудуди қадимдан Шарқ ва ўарбни боғловчи муҳим маданий ҳамда савдо маркази бўлиб келганини таъкидлади.

— Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги нуфузи тобора ортиб бораётганини алоҳида қайд этиш жоиз, — деди у. — Франция ҳамда Европанинг бошқа мамлакатлари юртингиз билан ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори. Умид қиламанки, ўтказилган конференция ва фикрлар алмашинуви иштирокчиларга дунёнинг стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуди марказида жойлашган мазкур давлатнинг бугунги жадал тараққиёти ҳақида атрофлича маълумот олиш имконини берди.

“Business France” агентлигининг Марказий Осиё бўйича вакили Франсуа Марк Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий муваффақиятларини юқори баҳолагани ҳолда, янги жабҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида улкан салоҳият мавжудлигига эътибор қаратди. 

— Ўзбекистон диверсификациялашган ҳамда жадал тараққий этаётган саноати билан минтақада етакчи ўринни эгаллайди. Ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишига кичик бизнеснинг иқтисодиётдаги улушини кўпайтириш орқали эришилаётгани диққатга сазовор, — деди у. — Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт модели ва инқирозга қарши курашиш бўйича вақтида қабул қилинган дастурлар жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган муаммоларнинг салбий таъсирини -камайтиришга замин яратди.

Бой хом ашё ҳамда юқори малакали кадрларга эга мамлакатингиз ўзининг сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлиги билан ҳам ажралиб туради.

Шунингдек, конференция доирасида юртимизнинг иқтисодий, сармоявий, сайёҳлик салоҳиятлари тақдимоти ўтказилди. Унда республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, қулай ишбилармонлик муҳити, иқтисодиётни янада либераллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, саноатни модернизациялаш ҳамда замонавий технологик ускуналар билан қайта жиҳозлаш, хусусийлаштириш, корпоратив бошқарувнинг илғор усулларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самаралари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Таъкидланганидек, ҳаётга татбиқ қилинаётган изчил чора-тадбирлар натижаси жаҳоннинг нуфузли ташкилотлари рейтингида ўз ифодасини топмоқда. Бу борада Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” тадқиқоти хулосалари мисол тариқасида келтирилди. Унга кўра, республикамиз рейтингини қисқа давр ичида 70 ўринга яхшилади. Шунинг-дек, Ўзбекистон дунё бўйича иқтисодиёти энг жадал ривожланаётган мамлакатлар бешталигидан ўрин олди. 

Париж I Пантеон-Сорбонне университети профессори Жан-Лук Ле Бидо юртимизда кузатилаётган иқтисодий ўсиш суръатларини юқори баҳолади.

— Мамлакатингиз жаҳон ҳамжамиятида ғоят муҳим ўринга эга, — деди у. — Ўзбекистон нафақат улкан табиий бойликлар, балки интеллектуал, иқтисодий, сармоявий ва сайёҳлик салоҳиятга ҳам эгадир. Бир неча йил аввал юртингизга ташриф буюриб, Буюк Ипак йўлидаги чинакам дурдоналар ҳисобланган Самарқанд, Бухоро ҳамда Хива сингари кўҳна шаҳарлар тароватидан баҳра олиш бахтига муяссар бўлган эдим. 

Франция Марказий Осиёнинг муҳим давлати бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида дадил қадамлар ташлаши лозим, деб ўйлайман. Париж I Пантеон-Сорбонне университети Ўзбекистон — Франция ўртасида таълим соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш борасида ҳар томонлама амалий ёрдам беришга тайёр.

 

«Жаҳон» АА.

 Париж

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn