Буюртмалар ҳажми камайган
  • 28 Апрель 2016

Буюртмалар ҳажми камайган

Жорий йил биринчи чорагида Япониядаги электрон маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йирик компанияларга буюртмалар келиб тушиши ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 4 фоиз камайган. 

Бу ҳақда “Nikkei” нашри маълум қилди. Хусусан, январь — март ойларида “Kyocera”, “Murata” “TDK” каби савдо белгилари остида тайёрланадиган яримўтказгич, сенсорли дисплей ва бошқа маҳсулотларни сотиб олиш бўйича 11,33 миллиард АҚШ долларилик таклифлар қабул қилинган. Ваҳолонки, 2015 йилнинг мазкур даврида ушбу кўрсаткич 49,36 миллиард АҚШ долларига тенг эди. 

 

Ўзи таъмирлаб беради

Германиянинг “Volkswagen” ва “Daimler” автоконцернлари ўзларига тегишли “Audi”, “Porsche”, “Mercedes”, “Volkswagen” ва “Opel” русумларидаги 630 мингта автомобилни техник носозлиги туфайли қайтариб олади. 

“Die Welt” нашрида баён қилинишича, ана шу транспорт воситаларидаги ис газини тозалаш механизмида нуқсонлар аниқланган. Улар ишлаб чиқарувчилар томонидан таъмирлаб берилади.

 

Такомиллаштирилган модель

“Breitling” (Швейцария) соатсозлик компанияси томонидан ўтган аср биринчи ярмида дунёда жуда машҳур бўлган “Navitimer 1884” брендининг такомиллаштирилган модели яратилди.

У санани кўрсатувчи мил, ҳафта ва ойни акс эттирувчи иккита туйнукча, тақвим, авиация логарифми чизғичи билан бойитилган. Корпусининг диаметри 46 миллиметр бўлиб, тасмалари тимсоҳ териси ҳамда каучукдан тайёрланган. Уларга самолёт шассиси тасвири туширилган. 

  

Ихчам ҳамда тежамкор

Буюк Британиянинг “Shell” нефть компанияси дунёдаги энг тежамкор ва ихчам автомобиллардан бирининг концепциясини тақдим этди.

Шаҳар шароитига мўлжалланган “Shell Concept Car” намунаси кузови узунлиги 2500, эни  1350, баландлиги эса 1600 миллиметрга тенг. Олти метр айланада қайрила олади. У 43 от кучига эга бўлиб, максимал тезлиги соатига 145 километрни ташкил этади. Ҳар юз километр масофага 2,64 литр ёнилғи сарфлайди.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ўсиш бор ЯИМ ҳажми ва барқарорлик »