Нархдаги беқарорлик
  • 21 Апрель 2016

Нархдаги беқарорлик

Лондон ва Нью-Йорк биржаларида нефть нархи яна пасайди. Масалан, “WTI” типидаги “қора олтин” қиймати 2,46 фоиз тушиб, бир баррели 40,07 АҚШ долларидан сотилган. “Brent” маркаси эса 1,98 фоиз арзонлашди ва ҳар баррели учун 43,16 доллардан таклиф қилинган.

Талаб камайиб бормоқда

АҚШнинг компьютерлар тайёрлашга ихтисослаштирилган “Intel” компанияси раҳбарияти жорий йил давомида иш ўринлари сони 12 мингтага қисқартирилишини билдирди.

Бундай чора-тадбир қўлланилиши унинг маҳсулотларига бўлган талаб камайиб кетаётгани билан боғлиқ. Қолаверса, мазкур брендга тегишли қимматбаҳо қоғозлар баҳоси шу ҳафтада 2,5, йил бошидан буён эса 8,4 фоиз тушиб кетган.

Компания бизнесини реструктуризация қилиш доирасида 1,2 миллиард доллар сарфлаш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнини замон талаблари асосида янада такомиллаштириш ниятида.

Умуман, шу йилнинг биринчи чорагида дунё бўйича шахсий компьютерлар савдоси 11,5 фоиз камайган. Бундай ҳолат 2007 йилдан бери илк бор кузатилди.

 

Мураккаб жараёнларда фойдаланилади

Норвегияда сув юзаси ва остида ҳаракатлана оладиган робот-илон яратилди.

“Statoil”, “Kongsberg Maritime” компаниялари ва “Eelume” фирмаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган мазкур қурилма денгиз ҳамда океанлар тубида тадқиқот ўтказиш, турли иншоотларни ўрнатиш ва таъмирлашда фойдаланишга мўлжалланган. Мисол учун, у ҳажми ҳамда эгилувчанлиги туфайли кириш қийин бўлган жойларга бемалол бора олади.

 

Митти смартфон

Жаҳондаги энг кичик смартфон омма эътиборига ҳавола этилди. “Posh Mobile Micro X S240” русумидаги алоқа воситасининг ўлчови 89х47х11.6 миллиметрга, оғирлиги эса 52 граммга тенг.

Кўриниши содда бўлса-да, кўрсаткичлари бўйича ҳеч бир мобиль телефонидан қолишмайди. Жумладан, унга 2,4 дюймли сенсор дисплейи ўрнатилган, 512 мегабайтли оператив ва 4 гигабайтли флеш хотирага эга. Олд ҳамда орқа томонида камералари бор. Аккумулятори тўлиқ қувватлантирилса, суҳбат чоғида 4 соат, ишлатилмай турган вақтда эса 180 соатга етади.

 

Ишонч ва омад белгиси

Франциянинг “Cartier” заргарлик-соатсозлик уйи навбатдаги маҳсулотлари коллекциясини намойиш қилди.

Эътиборлиси, узук, сирға, билагузук, шода каби тақинчоқларда, асосан, оқ, сариқ, қизил олтин, ёғоч ҳамда малахит (яшил рангли тош)дан кенг фойдаланилган. 

Уларни яратганларнинг айтишича, бунинг сабаби ёғоч ўзига бўлган ишонч, малахит эса омад рамзи бўлса, тилла ички энергияни кучайтирар экан.

 

“Атмосфера” 40 кундан кўп давом этади

Швециялик режиссёр Андрес Веберг томонидан энг узоқ вақт давом этадиган фильм суратга олинмоқда.

2020 йилда тугалланиши кутилаётган ва “Атмосфера” номини олган ушбу картина давомийлиги 40 кундан ҳам кўп. Бу ҳақда “The Independent” нашри хабар тарқатди.  Яна бир қизиқ томони, мазкур ижод маҳсулига оид етти соатлик ролик (трейлер) тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn