Жамғарма аъзолигига қабул қилинди
  • 15 Апрель 2016

Жамғарма аъзолигига қабул қилинди

Дунёдаги митти давлатлардан бири — Науру Республикаси Халқаро валюта жамғармасининг 189-аъзоси сифатида қабул қилинди.
Унинг мазкур ташкилотдаги дастлабки квотаси 2,8 миллион АҚШ доллари миқдорида белгиланди.

ХВЖ раҳбари Кристин Лагард Науру ҳақида фикр юритар экан, ушбу мамлакат кичик орол давлатлар иқтисодиётларига хос муаммолар, жумладан, географик жиҳатдан узоқ жойлашув ва иқлим ўзгариши оқибатлари билан дуч келаётганини, ХВЖ доирасида глобал иқтисодий тизимда тўлақонли иштирок этиш эса унга ҳар жиҳатдан фойда келтиришини таъкидлади.
Науру Республикаси Тинч океани ҳудудида жойлашган бўлиб, унинг майдони 21,3 квадрат километрга тенг. Бу ерда  қарийб 11 минг аҳоли истиқомат қилади. Мазкур давлат 1999 йилда БМТ таркибига киритилган.

Робот мактабда ўқийди
Япониянинг Васэда шаҳридаги умумтаълим мактабларидан бирига “Pepper” исмли робот ўқувчи сифатида қабул қилинди.
Шу муносабат билан ташкил этилган таништирув маросимида таълим муассасаси ёшлари киберқурилмани ўзгача қувонч ила кутиб олишди. Тадбирда роботга ҳам сўз берилди.
У одамлар билан бир мактабда ўқишни хаёлига ҳам келтирмаганини, берилган ушбу имкониятдан фойдаланиб, дарсларни пухта ўзлаштириш учун бор салоҳиятини ишга солишини билдирди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, “Pepper” 2014 йилда “Softbank” компанияси томонидан яратилган.
У япон ва инглиз тилларида мулоқот қила олади.

Кучли бешликка кирмоқчи
АҚШдаги “Alaska Air” авиаташувчиси океанортининг ғарбий қисмидаги мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида “Virgin America” авиакомпаниясини сотиб олаётганини тасдиқлади.
Шартнома қиймати 2,6 миллиард доллар этиб белгиланган. Харидор сотувчига тегишли ҳар битта акция  учун унинг бозор нархига нисбатан 47 фоиз кўпроқ — 57 доллардан тўлайди. Шу асосда вужудга келган янги оператор эса мамлакатдаги энг йирик бешинчи компанияга айланади.


Ақлни ишлатиб, омон қолди
АҚШнинг Аризона штатидаги ўрмонда йўқолиб қолган 72 ёшли Энн Шарон Рожерс исмли аёл тўққиз кундан сўнг топилди.
“Рейтер” ахборот агентлиги хабарига кўра, у шу йилнинг 31 март куни набираларини кўриб келиш учун йўлга тушади. Бу орада автомобилининг аккумулятори қуввати тугаб, пиёда юришга тўғри келади. Боз устига, етовидаги итини ҳам йўқотиб қўяди. Мазкур ҳудудда мобиль телефон ишламаслиги аҳволни мураккаблаштиради. Рожерс йўл-йўлакай кўринадиган жойларга “Help” (“ёрдам беринг”) деган сўзни ёзиб қолдираверади. Орадан олти кун ўтгач, маҳаллий ҳиндулардан бири аёлнинг итини топиб олади ва бу ҳақда полицияга хабар беради. Ялпи қидирув бошлангач, вертолётдаги мутахассислар у битган ёзувни аниқлашади. Шу туртки бўлиб, кекса аёл соғ-саломат топилади.


Тезликни ошириш оқибати
Покистоннинг Панжоб провинциясидаги Файсалобод шаҳрида йирик йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.
Элликка яқин кишини олиб кетаётган автобус юк ташиш машинаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда 19 нафар одам ҳаётдан кўз юмган. Қолган йўловчилар турли даражада жароҳатланган ва шифохонага ётқизилган. Улардан айримларининг аҳволи жуда оғирлиги айтилмоқда.
Полиция вакилларининг билдиришича, автобус ҳайдовчиси тезликни ҳаддан зиёд ошириб, олдинда бораётган автоуловни қувиб ўтмоқчи бўлган. Бироқ қарама-қарши тарафдан келаётган юк машинасини кўрмай қолган.


XXI асрга хос велосипед
Хитойда замонавий велосипедларнинг навбатдаги модели — “Leopard” яратилди.
У жуда ихчам бўлиб, махсус датчиклар билан таъминланган ҳамда оғирлиги, бор-йўғи,
7,9 килограммга тенг.
Мазкур транспорт воситаси вақт, масофа, тезлик ва педаль айланиш частотасини назорат қилади. Ўз навбатида, GPS қурилмаси асосида манзил, баландлик, об-ҳаво ҳамда юрак уриши меъёрини ҳам аниқлаб беради.


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn