Ишсизлик даражаси таҳлили
  • 13 Апрель 2016

Ишсизлик даражаси таҳлили

Февраль ойида евроҳудуддаги ишсизлик даражаси 0,1 фоиз камайиб, 2011 йилдаги каби 10,3 фоизга тенглашди. Хусусан, бу борада энг яхши кўрсаткич Германия (4,3 фоиз) ва Чехия (4,5 фоиз)га тегишли бўлди. Аксинча, энг юқори даража Испания (20,4 фоиз) ҳамда Греция (24 фоиз)да кузатилган. Умуман, мазкур минтақада бандлик кўрсаткичи барқарор равишда ижобий томонга ўзгариб бораётгани ҳақида хабар қилинса-да, айни пайтда Европа Иттифоқи давлатлари аҳолисининг 21,6 миллион нафари иш билан таъминланмаган.

Ўтган йилдагига нисбатан кам
Кийим-кечак дўконлари тармоқлари орасида дунё бўйича иккинчи ўринда турадиган “Hennes & Mauritz”(Швеция)нинг жорий йил биринчи чорагидаги даромади 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан камайган.
Яъни у ҳисобот даврида 356 миллион евро ишлаб топган. Ваҳолонки, 2015 йилда ушбу кўрсаткич 500 миллион еврони ташкил этган эди. Март ойида кузатилган совуқ об-ҳаво юқоридаги ҳолатни келтириб чиқаргани айтилмоқда. Айнан ўтган ойда савдо-сотиқ ҳажми, бор-йўғи, 2 фоиз ўсган.

Инновацион мегаполис
Японияда 2018 йилга бориб навбатдаги замонавий мегаполис — “ақлли” Цунасима пайдо бўлади. Айни пайтда мамлакатдаги ўнта компания ушбу бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этаяпти.
Шаҳарда савдо марказлари, тадбиркорлик субъектлари, илмий-тадқиқот лабораториялари, кўнгилочар масканлар, талабалар учун тураржой барпо қилинади. Маҳаллий аҳоли эса экологик жиҳатдан тоза энергия манбалари асосига қурилган “ақлли” уйларда истиқомат қилади, экомобилларда ўз манзилларига етиб олади.
“Кунчиқар юрт”да бундан аввал яратилган юқоридаги каби ҳудуднинг номи “ақлли” Фужисава эди.

Электр самолётлар яратилади
“Airbus Group SE” авиаконцерни (Франция) “Siemens AG” саноат бирлашмаси (Германия) билан электр токида ҳаракатланадиган самолётлар технологиясини яратиш бўйича ҳамкорлик қилишни режалаштираяпти.
Жумладан, 2020 йилгача авиация учун электр ва гибрид энергия манбалари яратилади. Мазкур жараёнга икки юзга яқин муҳандис жалб этилади.
Лойиҳа муаллифларининг билдиришича, 2030 йилга бориб қисқа йўналишларга қарийб 100 ўринли инновацион самолётлар парвозлари йўлга қўйилади. Бундай тежамкор ҳаво лайнерлари, ўз навбатида, атмосферага чиқариладиган зарарли газларни қисқартиришга ҳам хизмат қилади. 


Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.





Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn