Амир Темур сиймоси жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборида
  • 09 Апрель 2016

Амир Темур сиймоси жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборида

Жасурлик, мардлик, адолат тимсоли, ўзбек халқининг миллий ифтихори, буюк давлат арбоби соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги хорижий мамлакатлар илмий-академик доиралари вакиллари диққат-эътиборида бўлиб турибди.

Макс Швоерер, Бордо университети профессори, Самарқанд ва Шаҳрисабзга уюштирилган ўзбек — француз экспедицияси иштирокчиси:

— Ҳар йили апрель ойида мени ўзгача бир ҳиссиёт чулғаб олади. Боиси, ҳаётимнинг унутилмас хотиралар қолдирган бир қисмини икки афсонавий шаҳар — Самарқанд ҳамда Шаҳрисабзда ўтказдим. Бундан 680 йил муқаддам айни шу ойда етук давлат арбоби, буюк саркарда, илм-фан, санъат ва маданият ҳомийси Амир Темур таваллуд топган. Самарқанд шаҳри эса у асос солган темурийлар давлатининг пойтахтига айланган.

XIV аср охирида Амир Темур ўзи туғилиб ўсган Кеш шаҳрида Оқсарой ёзги қароргоҳини бунёд этди. Умумий баландлиги 56, минораси билан 72 метрни ташкил қилувчи мазкур муҳташам меъморий обида ўз даврида дунёдаги энг осмонўпар бино ҳисобланган. У Ўрта аср Шарқ меъморчилигининг юксак намунаси эканлигини эътироф этиш жоиз.

2011 — 2014 йилларда ўзбек — француз экспедицияси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Оқсарой обидаси майдонидаги сир билан қопланган сопол кошинларни қайта тиклаш ишларини амалга ошириш шарафига муяссар бўлди. Мазкур лойиҳа мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг яққол намунасидир. Лойиҳамиз шарофати билан бугунги кунда Шаҳрисабзда мураккаб вазифаларни ҳам бажара оладиган кучли реставраторлар -мактаби шаклланганини катта ютуқларимиздан бири, деб ҳисоблаймиз.

Ўз билим ва тажрибамиз билан буюк соҳибқирон қолдирган улкан маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга етказишга, оз бўлса-да, ҳисса қўша олганимиздан бағоят мамнунмиз.

 

Казуюки Кубо, Киото университети профессори, темурийшунос тадқиқотчи, “Амир Темур ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни” асари муаллифи (Япония):

— Соҳибқирон буюк саркарда ва давлат арбоби ҳисобланади. У Марказий Осиёда қонун устуворлигига асосланган марказлашган кучли давлат барпо этди. Амир Темур тарих зарварақларида бунёдкор шахс сифатида ўчмас из қолдирган. Унинг ҳукмронлиги даврида дунёнинг буюк олим ҳамда мутафаккирлари, энг яхши меъмор ва ҳунармандлари маданият ҳамда санъат марказига айланган Самарқанд шаҳрига интилганлар. Уларнинг юксак маҳорат билан бунёд этган улкан меъморчилик намуналари бугунги кунга қадар дунё аҳлини лол қолдириб келмоқда.

Ўша даврда хаттотлик ҳамда миниатюра санъати, шеърият ва халқ оғзаки ижоди сингари маданий соҳаларни ривожлантириш ҳар томонлама қўллаб-қувватланган. Амир Темур ҳамда унинг авлодлари ҳукмронлик қилган ёрқин ўзгаришлар даври тарихда “Темурийлар Ренессанси” дея эътироф этилади.

 

Такужи Кавагучи, Фужи университети профессори, “Амир Темур давлати” асари муаллифи (Япония):

— Соҳибқирон фидойилик, мардлик ва адолат рамзига айланган. У ўз даврида энг йирик давлатни идора этиш баробарида, барчани ҳамжиҳатликка чорлаган ҳамда илм-фан ва -маданият вакилларига ҳомийлик қилган. Амир

Темур фармонига биноан, шаҳару қишлоқларда қатор масжид ҳамда мадрасалар, хонақоҳ ва касалхоналар бунёд қилинган.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, соҳибқирон саъй-ҳаракати билан Шарқ ҳамда Fарб ўртасида маданий ва савдо-сотиқ алоқалари йўлга қўйилиб, қадимий Буюк Ипак йўли қайта тикланиб, янги ривожланиш босқичига кўтарилган. Умуман, буюк саркарда ҳамда бунёдкор етакчи сифатида Амир Темур инсоният тарихида ўчмас из қолдирган, десак, муболаға бўлмайди.

 

Муҳаммад Юсуф Ҳасан, Малайзиянинг “ТВ Ал-Ҳижраҳ” медиа-корпорацияси продюсери:

— Амир Темур ва темурийлар даври жаҳон тарихининг “олтин аср”ларидан бири бўлди. Юксак ақл-идрок ҳамда тафаккур соҳиби, доно сиёсатчи ҳисобланган соҳибқирон Осиё “юраги”да жойлашган, кўп асрлар давомида жаҳон ва минтақа сиёсатига ўзининг улкан таъсирини ўтказган буюк давлатни бошқарган.

Унинг кучли давлат ҳамда адолатли жамият барпо этиш ва олижаноблик ҳамда эзгулик муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга асосланган тамойиллари бугун ҳам мустақил Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим мезон бўлиб хизмат қилмоқда.

Айни пайтда “ТВ Ал-Ҳижраҳ” медиа-корпорацияси соҳибқироннинг буюк жасоратига бағишланган ҳужжатли фильмни тасвирга олиш устида ишламоқда. Мазкур буюк тарихий шахс ҳаёти ва маданий мероси акс этган асар малайзиялик томошабинлар учун ажойиб совға бўлишига ишончим комил.

 

Евгений Гончаров, Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ халқлари қўлёзма ёдгорликлари бўлими илмий ходими, археолог:

— Амир Темурнинг ҳаёти ҳамда ижтимоий-сиёсий фаолиятини ўрганишда “Темур тузуклари” асари алоҳида ўрин тутади. Мазкур қўлёзма соҳибқироннинг давлат ва қўшинни бошқариш борасидаги бебаҳо тажрибасини ўз ичига олган. Кўп асрлар давомида давлат бошқарувида фойдаланилган ушбу асарнинг асосий қонун-қоидалари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

2009 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган халқаро конференцияда тадқиқотчи сифатида қатнашиб, мамлакатингизда Амир Темур меросини асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга етказишга катта эътибор қаратилаётганининг гувоҳи бўлдим. Бугунги кунда кўплаб шаҳарларда соҳибқирон хотирасига бағишлаб ҳайкаллар ўрнатилган. Шунингдек, -Тошкент шаҳрида Темурийлар тарихи Давлат музейи фаолият юритмоқда. Унда улкан тарихий аҳамиятга эга ноёб экспонатлар сақланаётир. Олий давлат унвонини акс эттирувчи орденга саркарда номи берилган. Шубҳасиз, буларнинг барчаси ўзбек халқининг миллий -ифтихори ҳисобланади.

Бу буюк шахснинг ҳаёт йўли дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги шарқшунос олимлар эътиборини жалб қилишда давом этмоқда. Айрим Европа солномаларида уни “Европа халоскори” деб аташган. Россияда кўплаб тарихчи мутахассислар ўз фаолиятини ушбу даврга бағишлаган. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан қўшма илмий тадқиқотлар олиб -боришдан манфаатдормиз. Бу, ўз навбатида, тарихнинг янги манбаларини кашф қилиш ва ўрганишга кенг замин яратади.

 

Профессор Насим Аҳмад Шоҳ, Кашмир университетининг ижтимоий фанлар факультети декани (Ҳиндистон):

— Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий-маданий қадриятлар ҳамда анъаналар, шунингдек, ўзбек халқининг дунё маданияти ва илм-фани ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодлари номлари ҳамда улар қолдирган бой меросни қайта тиклаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Мамлакат раҳбари бир неча бор таъкидлаганидек, тарихий хотира ва она-Ватан, халқнинг холисона ҳамда ҳаққоний тарихини сақлаб қолиш жамиятнинг маънавий қайта тикланишида улкан аҳамиятга эга. Қонун устуворлиги ва анъаналарга ҳурмат билан қарашга асосланган буюк давлатни барпо этган улуғ саркарда ҳамда давлат арбоби соҳибқирон Амир Темурнинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилиши бу борадаги энг муҳим қадамлардан бири бўлди, деб ўйлайман.

Зеро, Амир Темур ҳаёти нафақат Ўзбекистон тарихи, балки барчамиз учун ўз Ватанини қандай севиш лозимлигини кўрсатиб берадиган ибрат намунасидир.

«Жаҳон» АА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn