«Қора олтин» баҳоси ўзгарди
  • 07 Апрель 2016

«Қора олтин» баҳоси ўзгарди

Жаҳон бозорларида нефть нархи бир оз кўтарилди, дея хабар тарқатди “Блумберг” ахборот агентлиги. 

Жумладан, Лондон биржасида ўтказилган сўнгги савдолар чоғида “Brent” типидаги “қора олтин”нинг бир баррели 1,61 фоиз ошиб, 38,48 АҚШ долларидан сотилган. Нью-Йорк хом ашё биржасида эса “WTI” маркали нефть баҳосида 2,48 фоизлик ўсиш кузатилган ва бир баррель учун 36,78 АҚШ долларидан фьючерс шартномалари тузилган. 

Бу ҳолат ОПЕК вакилларининг углеводород хом ашёсини қазиб олишни вақтинчалик тўхтатиш ҳақидаги қарорга келиши мумкинлиги билан боғлиқлиги айтилмоқда.

 

Брендидан фойдаланади

Япониянинг “Toshiba” концерни маиший техника воситалари ишлаб чиқарувчи -бўлимининг 80,1 фоиз акциясини Хитойнинг кондиционер ва музлаткичлар тайёрлашга ихтисослаштирилган “Midea” компаниясига сотиш бўйича келишувга эришди.

“Ассошиэйтед пресс” ахборот агентлиги хабарига қараганда, ушбу савдонинг қиймати 473 миллион АҚШ долларига тенг. “Midea” шартномада кўзда тутилган маблағни ўтказгач, 40 йил давомида “Toshiba” брендидан фойдаланиш ва 5 мингдан ортиқ интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни қўлга киритади. Фақат мазкур олди-сотдига монополияга қарши курашиш органлари ҳам ўз розилигини билдириши керак.

 

Яна хизмат кўрсата бошлади

Брюссель аэропорти икки ҳафталик танаффусдан сўнг яна фаолият юрита бошлади.

Бу ҳақда мазкур мажмуа ижрочи директори Арно Фейст маълум қилди. Дастлабки парвоз Португалиянинг Фаро шаҳрига амалга оширилди.

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 22 март куни мазкур аэропорт биносида содир этилган қўпорувчилик ҳаракати оқибатида унга жиддий зарар етганди. Айни пайтда аэропорт соатига 800 йўловчига хизмат кўрсата олади. Тез орада рўйхатдан ўтказиш жойлари, учиш зали таъмирдан чиқарилгач, мажмуа фаолияти тўлиқ тикланади. 

Машина ҳиди зарарлими?

Бир гуруҳ олимларнинг фикрича, автосалонлардан сотиб олинган янги машиналарнинг ҳиди инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин.

Хусусан, АҚШнинг Мичиган штатидаги экология маркази директори Жеф Гирхартнинг сўзларига кўра, янги автоуловлардаги исни аксарият одамлар ёқтиради. Бироқ улар бу соғлиқ учун хавфли эканини билишмайди. Чунки бундай ҳид бир қанча токсин моддалардан таркиб топган. Унинг таъсирида томоқда, бошда оғриқ пайдо бўлади, кўнгил айниши кузатилади, аллергик касалликлар қўзғалиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Хўш, қандай йўл тутган маъқул? Бунинг ечими, албатта, ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Яъни автомобилсозлик компаниялари кимёвий моддалардан фойдаланиш миқдорини камайтириши лозим. Айни шу масалада тадқиқотчилар йирик корхоналарга ўз тавсияларини тақдим этган. 

Маълумотлар ошкор бўлди

“Apple” компанияси ўзининг янги маҳсулоти — “iPhone 7” русумидаги смартфони тақдимотини шу йилнинг куз ойларида ўтказишни режалаштирган.

Аммо интернетда мазкур алоқа воситасининг расмлари тарқалиб кетди. Маълум бўлишича, смартфон иккита видеокамерага эга. Бу суратларни жуда аниқ ва юқори сифатда олиш имконини беради. Мутахассислар келгуси йилда айнан икки видеокамерали қўл телефонлари урфга айланиши мумкин, деган тахминларни илгари суришмоқда. Ҳозирча ушбу янгилик юзасидан “Apple” вакиллари бирор муносабат билдирмади.

99 йил ўйиндан ташқарида

Аргентина регби федерацияси “Пукара” жамоаси вакили Киприан Мартинесни 99 йилга ушбу спорт туридан четлатди.

Гап шундаки, “Сан-Альбано” жамоасига қарши кечган баҳсда Мартинес рақиб ўйинчисининг юзига оёғи билан тепган. У жиддий жароҳат олган, аммо ҳаёти хавф остида эмас. 

Регби федерацияси ҳодисани атрофлича ўрганиб, қарорини эълон қилгач, “Пукара” жамоаси жабрланувчи ҳамда унинг клубидан расман узр сўраган.

 

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn