Акцияларини сотиб олди
  • 05 Апрель 2016

Акцияларини сотиб олди

Электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Sharp” (Япония) корпорациясининг 66,6 фоизлик акциялар пакетига эгалик ҳуқуқини Тайваннинг “Foxconn Technology Group” компанияси сотиб олаяпти. 

Бунинг учун харидор қарийб 3,5 миллиард АҚШ доллари тўлайдиган бўлди. Бундан юз йил олдин механик қаламлар чиқариш орқали ўз фаолиятини бошлаган “Sharp” ўтган даврда суюқ кристалл экранли телевизорларни етказиб бериш бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирига кўтарилганди. Буни қарангки, “смартфонлар инқилоби” уни инқирозга олиб келди.

Қизиқарли тадқиқот

Океанортидаги тўртта университет олимлари биргаликда “Дўконга боришдан олдин зарур маҳсулотлар номини қоғозга тушириб олган маъқулми ёки хотирада сақлаган афзалми?” деган савол юзасидан тадқиқот ўтказишди.

Бунинг учун 700 нафар харидор танлаб олинди. Уларнинг бир гуруҳига сотиб олинадиган йигирма турдаги мева ва сабзавот номи ёзма тарзда берилди. Қолганларга эса шулар оғзаки айтилди. Натижада қўлида эслатмаси борлар топшириқни тез ҳамда аниқ бажаришди. Фақат хотирага ишонганларда бу кўрсаткич нисбатан камлиги аниқланди. Хулоса: бозор-ўчарга зарур товарлар номи туширилган рўйхат билан боринг.

Таркибини аниқлайдиган қурилма

“Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибини аниқловчи сканер яратилди”, дея хабар қилинади “Washington Post” нашрида. 

Мазкур қурилма маҳсулот таркиби, хусусан, унда қанча миқдорда витамин, қанд ва бошқа моддалар борлиги ҳамда егуликнинг сақланиш муддатларини кўрсатиб беради. Ўз навбатида, у нон маҳсулотларидаги оқсил ҳажмини ҳам аниқлай олади. 

Ушбу кашфиёт, айниқса, қандли диабет касаллигига чалинган одамлар учун жуда -асқатади.

Ялпиз, апельсин...

Жорий йил мода оламида ёрқин қизил, ялпиз, олов, апельсин, нефрит, неон, оч кўк  ва сиёҳ ранглар яна урфга киради. 

Бу ҳақда “Vogue” нашри хабар берди.

Айни пайтда “Moschino”, “Akris”, “Hermes” каби машҳур брендлар ана шу туслар кенг қўлланилган янги коллекцияларини намойиш этаяпти. 

Мазкур жабҳага ихтисослаштирилган Пантон институти томонидан аниқланишича, бу мавсумда ёрқин чақмоқтош ва оч само ранглари ҳам кенг оммалашади.

 «Маслаҳатчи» билагузук

“Ringly” компанияси томонидан жисмоний фаолликни назорат қилувчи “ақлли” -билагузук яратилди.

Замонавий ахборот-коммуникация ютуқларини ўзида уйғунлаштирган мазкур тақинчоқ заргарлик нуқтаи назаридан ҳам нафисдир. Сабаби, унинг турлари ичида яримқимматбаҳо тошлар билан безатилганлари ҳам бор. 

Ушбу буюм қадамлар сони, босиб ўтилган масофа, сарфланган калорияни ҳисоблаб, тегишли тавсиялар беради. У бир марта қувват олдирилса, 24 — 28 соат ишлайди.

Энг бой  собиқ спортчилар

“Forbes” журнали тузган рейтинг бўйича, АҚШлик машҳур баскетболчи Майкл Жордан профессионал фаолиятини якунлаганлар орасида энг кўп ҳақ оладиган спортчи -сифатида эътироф этилди. 

У ўтган йили реклама роликларида суратга тушгани учун 110 миллион доллар ишлаб топган.

Иккинчи ўринни 2013 йилда бутсисини “михга илган” англиялик футболчи Дэвид Бекхэм эгаллаган. Унинг бу борадаги даромади 65 миллион долларни ташкил қилган. Учинчи поғонадан таниқли гольфчи Арнольд Палмер жой олди. Эътиборлиси, у узоқ йиллик фаолияти давомида 1,8 миллион доллар топган бўлса, ўтган йилда рекламалардаги чиқиши учун 

40 миллион доллар эгасига айланди. Аёллардан биргина хитойлик Ли На рўйхатга киритилди. Икки йил олдин катта спортдан кетган ракетка устаси ҳисоб рақамига 2015 йилда 14 миллион доллар келиб тушган.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn