«Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 25 йиллигини катта сиёсий ва иқтисодий муваффақиятлар билан қаршиламоқда»
  • 01 Апрель 2016

«Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 25 йиллигини катта сиёсий ва иқтисодий муваффақиятлар билан қаршиламоқда»

Польшанинг Лодзь шаҳрида юртимиз иқтисодий ва сармоявий салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди. Тадбирда Лодзин воеводаси губернатори Артур Багенски ҳамда минтақанинг “Samopomoc Chlopska”, “Tex-Pol PNU”, “Forum Pracodawcow”, “Lodz Business Assistance”, “Lus-Europae”, “Delekta”, “Bakalland” сингари йирик саноат, ишлаб чиқариш, савдо компаниялари ва бошқа фирмалар вакиллари иштирок этди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Польшанинг марказий қисмида жойлашган Лодзин воеводаси мамлакатнинг 16 минтақасидан бири бўлиб, бу ерда қарийб 3 миллион аҳоли истиқомат қилади. Лодзь шаҳри унинг асосий маъмурий маркази ҳисобланади. Ҳудудда тўқимачилик, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат, мебелсозлик саноати ҳамда қишлоқ хўжалиги яхши ривожланган.

Тақдимот чоғида қатнашчилар Ўзбекистоннинг мустақиллик даврида қўлга киритган ютуқлари, шунингдек, 2015 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2016 йилдаги энг муҳим устувор вазифалар билан яқиндан танишдилар.

Маросим доирасида республикамиздаги жозибали сармоявий ва ишбилармонлик муҳити, хорижлик сармоядорлар учун берилган кафолат ҳамда имтиёзлар ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва банк соҳасида рўй бераётган ўзгаришлар, мамлакатимизнинг халқаро молия институтлари билан муваффақиятли ҳамкорлиги ҳам польшалик ишбилармонлар эътиборига ҳавола этилди.

Польша томони вакиллари республикамиз иқтисодий салоҳиятига юқори баҳо бериш баробарида, ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорлик ўрнатиш ва мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш юзасидан фикр билдирдилар.

Жумладан, Лодзин воеводаси губернатори А. Багенски Ўзбекистон бугунги кунда шитоб билан ривожланаётган давлат саналишини эътироф этди.

— Мамлакатда саноат, технологик жиҳозланиш, таълим ва илм-фан соҳаларида катта муваффақиятлар қўлга киритилмоқда, — деди у. — Бунда интеллектуал салоҳият ва инсон ресурслари муҳим аҳамият касб этаётир. Бутун дунёда молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 25 йиллигини катта сиёсий ва иқтисодий муваффақиятлар билан қаршилаяпти.

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирини тўғри тушуниш асосида тобора ривожланиб бораётгани бизни қувонтиради. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳамда Польша иқтисодиёт, сайёҳлик, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилмоқда. 

Ўзбекистонни ҳеч иккиланмасдан янги саноатлашган давлатлар гуруҳига киритиш мумкин. Чунки мамлакат бу соҳанинг асосий мезонларига мос келади — ялпи ички маҳ-сулотдаги саноат товарларининг юқори даражадаги солиштирма ҳажми мавжуд, тайёр маҳсулотларнинг экспортдаги фоизи катта, аҳоли жон бошига даромадлар ҳажми ҳам юқори.

Хенрик  ШОДАСЕВИЧ, “Samopomoc  Chlopska” тўқимачилик компанияси президенти:

— Лодзин воеводаси Польшанинг тўқимачилик марказидир, — деди у. — Бу ерда мазкур тармоқнинг Европа ва жаҳонга машҳур ишлаб чиқариш корхоналари жуда кўп. Лодзин компаниялари Ўзбекистонда ҳар йили ўтказиладиган, юқори сифатли пахта -толасини таклиф этувчи халқаро пахта ярмаркасида доимий қатнашади. Ўзбек пахтаси борган сари Польша фабрикалари учун асосий хом ашё базасига айланиб қолмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи энг қулай давлатлардан бири ҳисобланади. Кейинги йилларда республикада оқилона ва ҳар томонлама пухта ўйланган аграр сиёсат юритилаётир. Қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар эса ижобий натижаларни қўлга киритишга асос бўлаяпти.

«Жаҳон» АА.

Варшава

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn