Иқтисодиётига оид тахмин
  • 01 Апрель 2016

Иқтисодиётига оид тахмин

“Standard & Poor’s” халқаро рейтинг агентлиги Европа Иттифоқи иқтисодиётига оид прогнозини ўзгартирди, дея хабар берди “Евроньюс” телеканали.

Таҳлилчиларнинг айтишича, жорий йилда молиявий шароитларнинг ёмонлашуви туфайли евроҳудуд иқтисодиёти аввалроқ тахмин қилинганидек 1,8 фоиз эмас, балки 1,5 фоиз ўсади. 

Ҳозирча Европа Марказий банки томонидан соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кутилганидек самара бермаяпти. Мутахассислар фикрича, хом ашё -нархининг кескин тушиб кетиши ва чуқур ислоҳотлар амалга оширилмаётгани юқоридаги каби ҳолат келиб чиқишида асосий омил бўлаётир.

 

Буюртмалар камайди

АҚШнинг “Boeing” корпорацияси йил ўртасига бориб, тижорат лайнерлари ишлаб чиқарувчи бўлинмасидаги 4 мингта ва самолётларни синовдан ўтказиш бўлимидаги 550 та иш ўрни қисқартирилишини маълум қилди.

Боиси, у жорий йилда мижозларга 740 — 745 та атрофида ҳаво кемаларини етказиб беришни режалаштирмоқда. Бу ўтган йилдагига нисбатан 

22 дона камдир. Ўз навбатида, корпорация бир қатор кўрсаткичлар бўйича “кўҳна қитъа”даги асосий рақиби — “Airbus” (Франция)дан ортда қолаяпти. 

 

Нуқсонлари борлиги учун

Италиянинг спорт машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Maserati” компанияси Хитойга сотилган қарийб 

21 мингта маҳсулотини таъмирлаш учун қайтариб олади.

Сабаби, 2013 — 2015 йилларда йиғилган “Quattroporte” ва “Ghibli” люкс моделларидаги ҳайдовчи ўриндиғи дизайнида нуқсонлар борлиги ҳамда газ бериш педали қотиб қолиши ҳолатлари аниқланган.  

Маълумот сифатида айтиб ўтиш жоиз, итальян бренди Чин ўлкаси бозорларида ўн йилдан зиёдроқ вақтдан бери фаолият юритиб келади. 

 

Жиддий зарба

Ҳиндистоннинг “Tata Steel” корпорацияси Буюк Британиядаги пўлат қуйиш бизнесини сотишга қарор қилди. 

Мазкур савдо белгиси 2007 йилда “Corus” (Англия/Голландия) компаниясини харид қилиш йўли билан “Туманли альбион” бозорига кириб борганди. 

Дунёда пўлат қийматининг арзонлашиши ва унга бўлган талабнинг камайиши “Tata Steel” экспорт салоҳиятига жиддий зарба берди. Шу боис корпорация ўтган йил октябрь ойидан бери 2200 нафар ходимини ишдан бўшатишга ҳам мажбур бўлди.

Хориж матбуоти хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn