Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Наврўз шукуҳи
  • 29 Март 2016

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Наврўз шукуҳи

БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Наврўзга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, дипломатия корпуси, халқаро ташкилотлар ҳамда АҚШ жамоатчилиги ва ишбилармон доиралари вакиллари қатнашган мазкур тадбирда БМТ Бош котиби Пан Ги Мун байрам мурожаатини маросим меҳмонлари ҳамда делегациялар эътиборига ҳавола этди.

У дўстлик, бирдамлик ва атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишдек эзгу фазилатлар рамзи бўлган ушбу айёмнинг ўрни алоҳида эканлиги ҳамда бундай қадриятлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тамойил ва мақсадларига ҳамоҳанглигини таъкидлади.  

— Наврўз шодиёналари сарҳад билмайди, миллат танламайди, у кишиларни эзгуликка йўғрилган ришталар билан бирлаштириб, турли  тафовутларни бартараф этади, — деди ташкилот раҳбари.  

Ушбу байрамни анъанавий равишда нишонлайдиган БМТга аъзо давлатлар вакиллари ҳам тадбирда сўзга чиқишди.    

Баҳор, уйғониш ва табиат янгиланишининг рамзи ҳисобланадиган мазкур айёмга мамлакатимизда катта эътибор қаратилиши Ўзбекистон вакиллари томонидан қайд этилди. Унинг энг кўҳна, чуқур мазмун-моҳиятга эга бўлган ва том маънодаги умумхалқ байрами эканлиги, республикамизда қадимги ҳамда шонли тарихга, бой маданият ва аждодлар меросига ғамхўрлик билан муносабат мавжудлиги таъкидланди.

Шу билан бирга, Наврўз байрами  кунлари мамлакатимиз аҳолиси ўз хурсандчилигини оила аъзолари, дўстлари билан баҳам кўриши, анъанавий баҳор таомлари ила меҳмон қилиши, бир-бирига мустаҳкам сиҳат-саломатлик, бахту иқбол ва -фаровонлик тилаши, кексалар ҳолидан хабардор бўлиб туриши билдирилди.

Айтиб ўтилганидек, соғлом ҳамда баркамол авлод тарбияси, оила, оналик ва болалик ҳимояси мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ Ўзбекистоннинг энг муҳим устувор вазифаларидан бири бўлиб келмоқда. Тадбирда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан 2016 йил мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани алоҳида таъкидланди.  

Расмий маросим меҳмонлари ва БМТга аъзо давлатлар миссияларининг вакиллари эътиборига ўзбек халқининг бой маданий анъаналари ҳамда юртимизда Наврўз байрамининг нишонланиши ҳақида ҳикоя қилинувчи ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.

«Жаҳон» АА.

Нью-Йорк

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Энг яхши кўрсаткич Тахмин ўзини оқлайдими? »