Энг яхши кўрсаткич
  • 24 Март 2016

Энг яхши кўрсаткич

Италиядаги энг йирик суғурта компанияси — “Generali”нинг ўтган йилдаги соф даромади 22 фоиз ошиб, 2 миллиард еврога етди. Бу кейинги саккиз йилда эришилган энг яхши натижадир.

Лекин шу йил бошида унинг раҳбари Марио Греко кутилмаганда бошқа бир рақобатчиси “Zurich Insurance” компаниясига ишга ўтиб кетди. Итальян брендини бошқариш эса франциялик мутахассис Филипп Доннега ишониб топширилди.
Айтиш жоизки, “Generali” 500 миллиард евролик активларни муваффақиятли бошқариб келмоқда.

Фойдаси камайди
Ла-Манш бўғози остидан ўтган темир йўл қатновини амалга оширувчи оператор — “Eurostar”нинг 2015 йилда кўрган фойдаси 5 фоиз қисқарди.
Компания раҳбариятининг изоҳлашича, бу “кўҳна қитъа”даги қатор ижтимоий-сиёсий муаммолар таъсирининг оқибатидир.

Савдодаги ўсиш
Европа Иттифоқига аъзо давлатларда февраль ойида автомашиналар савдоси 14 фоиз ўсди.
Экспертларнинг таъкидлашича, бундай ижобий ҳолат сўнгги 30 ой давомида барқарор сақланаяпти. Ўтган ойда, айниқса, “Ford”, “Opel” каби автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг кенг оммага мўлжалланган русумлари, “BMW” ҳамда “Mercedes-Benz”нинг премиум маркалари энг кўп харид қилинган.

Ижобий натижа
Германиянинг “Lufthansa” авиаташувчиси ўтган йили рекорд даражада ижобий натижага эришди.
Яъни у мазкур даврда 1,82 миллиард евро ишлаб олиб, акциядорлари дивидендларини тиклашнинг ҳам уддасидан чиқди. Ушбу ютуқни қўлга киритишда нефть хом ашёси ҳамда авиация ёнилғиси нархи арзонлашгани, шунингдек, хизматларига талабнинг ортгани катта аҳамият касб этди. Бироқ жорий йилда юқоридаги кўрсаткични сақлаб қолиш қийин кечиши билдирилмоқда.

Улкан денгиз қўриқхонаси
Эквадор ҳукумати Галапагос ороллари атрофида умумий майдони 38 минг квадрат километрга тенг улкан денгиз қўриқхонаси барпо этилишини маълум қилди.
Сабаби, айнан шу жойда ноёб эндемик фауна, хусусан, камёб акула турлари энг кўп хавф-хатарга дуч келаётир. Шу боис келажакда у ерда балиқчилик каби фаолият турлари билан шуғулланиш тақиқланади.
Мазкур лойиҳа ташаббускорларидан бири Энрик Саланинг айтишича, ушбу маскан сув усти ва ости муҳофазаланадиган ҳамда илмий тадқиқотлар олиб бориладиган дунёдаги энг йирик ҳудудлардан бирига айланади.

Меъёр сақланади
Буюк Британия ҳукумати яқин икки йил ичида алкоголсиз ичимликлар таркибига қўшилган шакар учун солиқ солишни режалаштираяпти.
Шу асосда давлат болалар ўртасида тарқалиб кетаётган семириш касаллигининг олдини олмоқчи. Чунки айни шу турдаги маҳсулотларни ёшлар кўпроқ истеъмол қилади. Бинобарин, ушбу мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 10-11 ёш оралиғидаги ҳар беш ўғил-қизнинг бир нафари (19 фоизи) вазни ошиб кетганлигидан азият чекади.
Гап шундаки, шифокорлар уларга бир кунда 30 граммдан ортиқ шакар истеъмол қилмасликни тавсия этади. Ваҳолонки, энг кўп сотиб олинадиган дунёга машҳур ширин ичимликлар таркибида сахароза миқдори етти чой қошиқ ёки 35 граммга тенг. Уларнинг қиймати ҳам арзон — 70 пенс атрофида. Агар солиқ солинса, бу каби товарлар таркибида меъёр сақланади ёки уларнинг нархи ўз-ўзидан ошиб, ёш харидорлар сони камаяди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn