«Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда»
  • 18 Март 2016

«Ўзбекистон минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда»

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида ташкилотнинг олти расмий тилида Ўзбекистон Республикасининг халқаро тизимлар билан ҳамкорлиги тўғрисидаги ахборот материали БМТ Бош Ассамблеяси 70-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Унда 1992 йили БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сафига кирган мамлакатимизнинг мазкур ташкилот билан ҳамкорлиги натижалари ҳам ўз ифодасини топган. Ҳужжатда 24 йил давомида Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг турли йўналишлардаги ихтисослаштирилган муассасалари билан самарали алоқалари ҳақида батафсил маълумот берилган. Хавфсизликка замонавий таҳдид ва хавф-хатарлар, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экология муаммоларини ҳал қилиш, жумладан, Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ва рағбатлантириш ўзаро ҳамкорликнинг асосий устуворликлари сирасига кириши санаб ўтилган.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, унинг минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатлари БМТ фаолияти билан ҳамоҳангдир. Республика амалда қуролсизланиш ва ядро қуролларини тарқатмаслик соҳасидаги барча муҳим халқаро битим ҳамда шартномаларнинг иштирокчиси ҳисобланади. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан, биринчи бўлиб БМТ минбаридан жаҳон ҳамжамияти эътиборига ҳавола этилган ғоя туфайли Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудудга айланди.  

Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш БМТ фаолиятида муҳим ўрин тутадики, улар сўнгги ўн беш йил давомида барча давлатлар учун мажмуавий мўлжал бўлиб келди. Барқарор ривожланиш мақсадлари — келажак учун янги кун тартибидир. Шу боис мазкур ҳужжатда маълум қилинганидек, Мингйиллик ривожланиш мақсадларининг амалга оширилиши даврида Ўзбекистон ўз Ҳаракат режасини муваффақият билан бажарди ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида янги марраларга эришилишига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишга интилмоқда.

Шунингдек, материалда жорий йилда 15 йиллигини нишонлайдиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан мамлакатимизнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар ифодасини топган. Унда айтиб ўтилганидек, ШҲТнинг асосчи давлатларидан бири бўлган Ўзбекистон ушбу ташкилот фаолиятида муносиб қатнашиб келмоқда.

“Ўтган йиллар давомида расмий Тошкентнинг саъй-ҳаракатлари туфайли ШҲТ фаолиятининг турли қирраларига алоқадор бўлган, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга доир муҳим ҳужжат ва қарорлар қабул қилинди, — дейилади ахборотда. — Айнан Ўзбекистон пойтахти — Тошкентда терроризм, айирмачилик ва экстремизмга қарши кураш борасида ташкилотга аъзо давлатлар мутасадди органларининг ҳамкорлигини мувофиқлаштиришга масъул бўлган ШҲТнинг ўта муҳим органларидан бири — Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолият кўрсатаётир”.

Унда қайд этилганидек, 2015 йил 11 июлдан буён Ўзбекистон ШҲТ раиси ҳисобланади. Ўз раислиги доирасида республика ташкилот фаолиятининг самарадорлигини оширишга катта ҳисса қўшди. Ўзбекистоннинг ШҲТ халқаро алоқаларини ривожлантириш, унинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга йўналтирилган ташаббуслари ишлаб чиқилган ҳамда ҳаётга татбиқ қилинаяпти.  

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги ташқи сиёсий фаоллигига юқори баҳо берилган. Таъкидланганидек, Тошкентнинг саъй-ҳаракатлари боис 2010 йили ШҲТ ва БМТ котибиятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма декларация имзоланди. Расмий ҳамкорлик ибтидосини бошлаб берган ушбу муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши замонамизнинг долзарб масалалари ҳал этилишида икки йирик тизим ишини бирлаштиришга мустаҳкам пойдевор қўйди.

«Жаҳон» АА. 

Нью-Йорк

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn