Ўсиш суръати паст
  • 17 Март 2016

Ўсиш суръати паст

2015 йилнинг тўртинчи чорагида Италия ялпи ички маҳсулоти ҳажми ундан аввалги уч ойлик натижа билан қиёслаганда 0,1 фоиз ўсган.

Умуман, йил якунлари бўйича бу борадаги кўрсаткич 0,8 фоизни ташкил қилган. Бунда истеъмол талаби ортгани, инвестициялар ҳажми кўпайгани, экспорт миқдори кенгайгани муҳим омил бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, мазкур мамлакат иқтисодиёти ижобий томонга ўзгармоқда. Бироқ евроҳудуддаги ўртача ҳолатга (2015 йилда 1,5 фоиз) қараганда барибир нисбатан пастлигича қолаяпти.

Режасини ўзгартирди

Ўтган ойда Германиянинг “Volkswagen” автоконцерни маҳсулотлари савдоси 4,7 фоиз пасайган.

Хусусан, мазкур ишлаб чиқарувчи учун энг йирик бозор ҳисобланган Хитойда бу борада 3 фоизлик тушиш қайд этилган. Шу боис немис компанияси фақат жорий йилнинг ўзида инвестициялар ҳажмини 1 миллиард еврога қисқартириб, камида 3000 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилмоқчи.

Йирик шартнома

Чамадон ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ва маъмурий биноси Гонконгда жойлашган “Samsonite International” компанияси сумкалар ҳамда аксессуарлар тайёрлайдиган “Tumi” (АҚШ) брендини сотиб олишни режалаштираётганини билдирди.

Шартнома қиймати 1,7 миллиард еврони ташкил қилиши айтилмоқда.

“Tumi” даромадининг учдан икки қисми океанорти бозоридан олинади. “Samsonite International” маҳсулотлари, табиийки, Осиёда машҳур. Масалан, 2014 йилда унинг чамадонлари савдосининг 38 фоизи шу минтақа улушига тўғри келганди. Икки йирик компаниянинг бирлашуви уларга ўз бозорларини янада кенгайтириш имконини беради.

Кемалар учун рояль

Буюк Британиянинг “Goldfinch” фирмаси томонидан кемалар учун ихчам рояль яратилди.

Дунёдаги энг кичкина мазкур қурилманинг узунлиги 127 сантиметрга тенг. Унда мусиқани инсон ижро этмайди, балки оҳанглар автоматик тарзда таралади. Ноодатий соз манбаси “iPod” ёрдамида масофадан туриб бошқарилади.

Ноёб топилма

АҚШнинг Шимолий Каролина университети олимлари томонидан Монтана штати ҳудудида тираннозавр қолдиқлари топилди. Унинг ёши тахминан 60 миллион йилни ташкил этади. Мазкур топилма тарихчиларга қадимги судралиб юрувчиларнинг жинсини аниқлаш мезонларини яратиш имконини бериши мумкин, деб ёзилади “Nature” илмий журналида.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn