Ўзбекистон «ITB Berlin» халқаро сайёҳлик ярмаркасида
  • 16 Март 2016

Ўзбекистон «ITB Berlin» халқаро сайёҳлик ярмаркасида

Жорий йилнинг 9 — 13 март кунлари Германия пойтахтида нуфузи жиҳатидан дунёда етакчи ўринлардан бирида турадиган “ITB Berlin” халқаро сайёҳлик ярмаркаси ўтказилди. Мазкур анъанавий тадбирда жаҳоннинг 180 давлати қаторида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этди.

“Буюк Ипак йўли мамлакатлари” павильонидан жой олган секциялардан бирида “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ҳамда юртимизда фаолият кўрсатаётган “Central Asia Travel”, “Olympic Tour”, “Culture du Monde”, “Sitara International”, “Havas Tour”, “Aznur” сингари 25 дан зиёд туроператорларнинг қўшма экспозицияси ҳам намойиш қилинди.

Ўзбек халқ амалий санъати намуналаридан фойдаланилган ҳолда, миллий услубда безатилган бўлмада ноёб ёдгорликларимиз, халқимиз маданияти ва урф-одатлари, диққатга сазовор масканларимиз ҳақидаги батафсил маълумотлар билан яқиндан танишиш имконияти яратиб берилдики, улар ярмаркага ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди. 

Айни чоғда форум кунлари юртимиз санъат усталарининг чиқишлари ҳам томошабинларга унутилмас таассуротлар туҳфа қилди.

“ITB Berlin” давомида вакилларимиз Германия, Испания, Франция, Болгария сайёҳлик маъмуриятлари раҳбарлари, тармоқ компаниялари етакчилари ҳамда Европа оммавий ахборот воситалари мутасаддилари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди.  

Тадбир доирасида юртимизнинг Германиядаги элчихонасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими ҳам ташкил этилди. “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси билан ҳамкорликда уюштирилган ушбу тадбирда мезбон давлат вазирлик ва идоралари, дипломатия корпуси, туризм ташкилотлари, фирмалари, компаниялари ҳамда ОАВ вакил-лари қатнашди.

Бинобарин, шу аснода мамлакатимизнинг бой сайёҳлик имкониятлари кенг намойиш қилинди. Таъкидланганидек, ўзбек замини жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири ҳисобланиб, асрлар давомида Шарқ ва ўарб ўртасида кўприк бўлиб келган.

“Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатлашган маросим қатнашчилари ҳам буни алоҳида эътироф этди.

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Ипак йўли бўйича дастури менежери Алла Перессолова мазкур халқаро ярмаркадаги муваффақиятли иштироки билан делегациямизни алоҳида қутлади. У миллий секциямиз ранг-баранг ва сермазмун бўлгани, бу Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари билан яқиндан танишиш учун жуда қулай имконият яратганини айтиб ўтди. 

— Юртингизда сайёҳликни янада ривожлантиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар диққатга сазовордир, — деди у. — 2014 йил октябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ -Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси юқори савияда ўтказилгани шу йўлдаги саъй-ҳаракатларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Фурсатдан фойдаланиб, ўзбекистонликларни Шарқ халқлари маънавий-маданий хазинасининг ажралмас қисми бўлган ҳамда тобора яқинлашиб келаётган Наврўз байрами билан самимий қутлайман.

Буюк Ипак йўли йўналиши бўйича сайёҳлик лойиҳасини рўёбга чиқараётган “China-Tours-Hamburg” компанияси раҳбари Гуо Шенг Лиу Ўзбекистон бу борадаги энг жозибали ва муҳим масканлардан бири эканлигига урғу берди. 

— Мамлакатингиз европаликлар учун катта қизиқиш уйғотаётган улкан сайёҳлик салоҳиятига эгадир, — деди у. — Гап шундакаи, “ITB Berlin” анжуманидаги секциянгизни айландим. Республикангизнинг Германиядаги элчихонасида ташкиллаштирилган маросимда қатнашдим ва Ўзбекистонни ўзим учун, том маънода, қайта кашф этдим. Дарҳақиқат, диёрингиз бой тарихи, ноёб маданияти ҳамда бебаҳо меъморий обидаларга эга. Қолаверса, у ерда туризмнинг замонавий турларини равнақ топтириш, хорижлик меҳмонларга зарур шароитларни муҳайё қилиш учун катта куч-ғайрат сарфланаётганидан яхши хабардормиз. Биз ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликни изчил давом эттираётганимиздан мамнунмиз.  

Ипак йўли бўйича немис эксперти Андреас Блезернинг фикр билдиришича, Ўзбекистон хорижликларни нафақат осориатиқалари, балки анъана ва урф-одатлари, меҳмондўстлиги, самимияти, кенг кўламли бунёдкорлик жараёнлари билан ҳам ўзига жалб қилмоқда.

— Мустақил ривожланишнинг қисқа даври мобайнида юртингизда барча соҳада улкан ишлар амалга оширилди, — деди у. — Шаҳару қишлоқлар қиёфаси тобора замонавий кўриниш касб этиб, обод бўлиб бораяпти. Халқингизнинг битмас-туганмас тарихий-маданий мероси борган сари кўпчиликнинг эътиборини тортаётир. Бу бетакрор -заминдаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро дўстлик ҳамда бағрикенглик муҳити туризмни жадал тараққий топтириш учун муҳим асос бўлаяпти.

Ҳадемай юртингизда яшариш ва янгиланиш айёми — Наврўз байрами кенг нишонланади. Шу муносабат билан Ўзбекистон халқини чин дилдан табриклаб, ўзимнинг энг эзгу тилакларимни йўллайман. Ишончим комилки, яқин истиқболда мамлакатингиз халқаро сайёҳлик марказларидан бири сифатида янада равнақ топади.

 

«Жаҳон» АА.

Берлин

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn