«Ўзбекистон ўз олдига қўйган барча стратегик  вазифаларни изчиллик билан амалга оширмоқда»
  • 12 Март 2016

«Ўзбекистон ўз олдига қўйган барча стратегик  вазифаларни изчиллик билан амалга оширмоқда»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси Буюк Британия экспертлар ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Мазкур маъруза юзасидан, жумладан, “Британия — Ўзбекистон жамияти” раиси Хартли БУТ қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдирди:

— Ўзбекистон билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик туфайли кўп йиллардан буён юртингиз тараққиётидан хабардор бўлиб келаяпман. Эътиборлиси шундаки, кейинги йилларда жаҳонда мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараён кузатилаётган бўлса-да, Ўзбекистон рақобатдош ҳамда диверсификациялашган иқтисодиётга асосланган замонавий демократик давлатни барпо этиш йўлидан оғишмай олдинга қараб дадил ҳаракатланмоқда. 

Дунёда ўз олдига шундай мақсадни қўйган мамлакатлар кўп. Аммо Ўзбекистоннинг ўзига хослиги шундаки, сўнгги пайтларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишда салмоқли муваффақиятлар қўлга киритилиши баробарида, бу йўналишдаги жараён изчил давом эттирилаяпти. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кейинги ўн бир йил давомида юртингизда иқтисодий ўсишнинг барқарор суръатлари сақланиб келинаётгани 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар ошириш имконини беради.

Фикримча, ўтган йили Президентингиз ташаббуси билан бошланган давлат корхоналарини хусусийлаштириш дастури, унда давлат активларини хусусийлаштириш, аввало, чет эллик инвесторларга сотиш вазифалари қўйилгани ўз вақтида ташланган қадамдир. Бинобарин, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида давлат иштирокини қисқартириш ва корпоратив бошқарувнинг замонавий тамойилларини қўллаш бозор иқтисодиёти шароитида компанияларнинг рақобатдошлигини оширишга кўмаклашади.   

Яна бир муҳим жиҳат. Ўзбекистонда мулкчилик тизимини тубдан ўзгартириш борасидаги саъй-ҳаракатлар хусусий мулк ҳимоясини кафолатлаш ва бизнесни ривожлантиришга оид маъмурий тўсиқларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштиришдек мажмуавий чора-тадбирлар билан бирга олиб борилмоқда. Шуниси аёнки, республика раҳбарияти тадбиркорлар фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратилиши соғлом иқтисодиётнинг гарови ҳамда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омили эканлигини жуда яхши билади.  

Кўпгина мамлакатларда ишлаб чиқаришнинг пасайиши ва истеъмол ҳажмининг қисқариши кузатилаётган ҳозирги пайтда Ўзбекистонда саноат корхоналари ҳамда -инфратузилма иншоотлари қурилиши, шу жумладан, чет эл сармояси иштирокидаги объектларни барпо қилиш ишлари изчил давом эттирилаётгани диққатга сазовордир. 2015 йилда умумий қиймати 7 миллиард 400 миллион долларлик 158 та йирик ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилгани ана шундан -далолат беради.  

Ўз навбатида, 2015 — 2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури доирасида автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, темир йўллар тармоғини янада такомиллаштириш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳам алоҳида эътиборга молик.

Демак, Ўзбекистон ўз олдига қўйган барча стратегик вазифаларни изчиллик билан амалга оширмоқда.

«Жаҳон» АА.

Лондон

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn