«Ўзбекистоннинг аёллар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ютуқлари минтақа мамлакатлари учун намунадир»
  • 11 Март 2016

«Ўзбекистоннинг аёллар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ютуқлари минтақа мамлакатлари учун намунадир»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакат хотин-қизларига йўллаган байрам табриги халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Хусусан, “Европа аёллари лоббиси” ташкилотининг Италия бўлинмаси Бош котиби Мария Людовика Боттарелли Транкуилли-Леале “Жаҳон” ахборот агентлигининг Римдаги мухбири билан суҳбати чоғида бу борадаги фикр-мулоҳазаларини баён этди.

— Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига йўллаган байрам табриги менда катта таассурот уйғотди. Ушбу юксак савияли мурожаат аёлларга нисбатан чексиз ҳурмат ва эҳтиром билан йўғрилганини таъкидламоқчиман. 

 Дарҳақиқат, Ўзбекистонда аёлларнинг оила ҳамда жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича салмоқли меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилган. Фуқаролар тенглиги тамойили давлатингиз Конституциясида белгилаб қўйилган ҳамда бу  Президент ва ҳукумат қарорларида ўз ифодасини топиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялашнинг самарали юридик механизми сифатида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон раҳбарининг аёлларнинг таълим олиши нақадар муҳимлиги ҳақидаги сўзлари ҳам алоҳида эътиборга молик. Бугунги кунда таълимнинг барча йўналишида аёллар сафининг кенгайиши давлат иқтисодий ва сиёсий бошқарувининг ҳамма босқичида хотин-қизлар эркин фаолият юритишига замин яратдики, айни пайтда улар маҳалладан то олий қонунчилик органигача ўз вакилларига эгадирлар. Ўтган йили сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида “Фуқаролик жамиятини шакллантириш, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизлар роли: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ўтказилган халқаро конференциядаги иштироким чоғида мамлакатингизда ушбу соҳада эришилган ютуқларга яна бир бор гувоҳ бўлдим.

Юртингизда 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши ҳамда унинг доирасида амалга оширилаётган ишлар кўлами эътирофга лойиқ. Бу борада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган чора-тадбирлар, жумладан, аёллар саломатлигини янада мустаҳкамлашга оид инновацияларнинг жорий қилиниши, тиббиёт масканлари, энг аввало, қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техника базаси такомиллаштирилиши билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилишига ишончим комил. 

Ўзбек аёлларига, давлат бошқаруви соҳасида билим ва тажрибасини ошириши учун яратиб берилган имкониятлардан ташқари, уларга микрокредитлар ажратишнинг самарали тизими ишлаб чиқилгани ҳам диққатга сазовор. Зеро, бу орқали хотин-қизлар оилавий корхоналар ташкил қилиб, бизнес соҳасида ўз салоҳиятини намоён қиладилар. 

Халқаро хотин-қизлар кунининг байрамона шукуҳи кезиб юрган айни дамларда Ўзбекистон аёлларини самимий муборакбод  этаман. 

Маълумот учун: “Европа аёллари лоббиси” Европа Иттифоқи Аёллар уюшмаси таркибига киради. Ташкилотнинг мақсади аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

 

«Жаҳон» АА.

Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn