Миеко Ябута: Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг доимий ва устувор йўналишидир
  • 06 Март 2016

Миеко Ябута: Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг доимий ва устувор йўналишидир

Мамлакатимизда БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Болалар жамғармаси, Аҳолишунослик жамғармаси, Тараққиёт дастури, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури каби тузилмалари ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар билан ҳамкорликда 440 дан зиёд лойиҳа амалга оширилган. 

Бугунги кунда 70 дан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ этилаётир. Хусусан, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси — ЮНФПА 1993 йилдан буён мамлакатимизда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, юқумли касалликларнинг олдини олишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ЎзА мухбири БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Миеко ЯБУТА билан суҳбатлашди.

— Ябута хоним, Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз. 

— Ўзбекистонда иш фаолиятимни яқинда бошлаганимга қарамай, гўзал юртингиз мени ўзига буткул мафтун этди. Қадимдан турли маданият ва цивилизациялар чорраҳаси бўлган Ўзбекистон бой тарихга эга. Пойтахтингиздан ташқари қадимий Самарқанд, Бухоро ва Термиз шаҳарларида бўлдим. Ўзбекистон ва менинг ватаним Япония кўплаб ўхшаш жиҳатларга эга, деб ҳисоблайман. Масалан, камтарлик ва меҳнатсеварлик халқларимизга хос олижаноб фазилатлардир. Шу сабабли мен Ўзбекистонда ўзимни ўз уйимдагидек ҳис этмоқдаман ва юртингизнинг бошқа шаҳарларида бўлиш, самимий одамлар билан учрашишни интиқлик билан кутмоқдаман. 

— 2016 йил Ўзбекистонда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинди. Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр билдирсангиз. 

— Оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш мамлакатингиз мустақиллигининг илк йиллариданоқ Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши бўлиб келмоқда. Ўтган даврда ушбу соҳада қатор давлат дастурлари амалга оширилди. Улардан бири — Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастуридир. 2016 йилнинг “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилингани ушбу муҳим Давлат дастурини рўёбга чиқаришда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Саломатлик одамлар бахт-саодатининг асосий шартларидан биридир, шу боис ЮНФПА номидан Ўзбекистон Республикаси Президентига оналар ва болалар соғлиғини мустаҳкамлаш йўлидаги доимий ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдираман.

1993 йилдан буён ЮНФПА мамлакатингизга репродуктив саломатликка доир хизматлар кўрсатиш соҳасида кўмаклашиб келаётир. 

— Ўзбекистон билан ЮНФПА ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва келгуси режалар тўғрисида сўзлаб берсангиз.

— Ўтган йили тўрт йўналишни қамраб олган Мамлакатга доир учинчи беш йиллик дастури якунланди. Репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш ва бу соҳадаги хизматлар сифатини ошириш дастурнинг асосий қисмини ташкил этди. Дастурнинг ёшларга оид йўналиши уларнинг репродуктив саломатлик ва соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги билимларини кенгайтиришга қаратилди. Дастурнинг яна бир йўналиши гендер тенглигини таъминлаш, жумладан, мамлакатингизда CEDAW (БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси) тавсияларини жорий этиш ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва маҳалла маслаҳатчиларининг бу борадаги билимини оширишни қамраб олди. Амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида бирор хулосага келиш учун тегишли тадқиқотлар ўтказиш зарур. Шу сабабли ЮНФПА репродуктив саломатлик, гендер тенглиги ва ёшлар эҳтиёжларига доир маълумотлар тўплашга ҳар томонлама кўмаклашди.       

ЮНФПАнинг Мамлакатга доир тўртинчи дастури аввалги дастурлар ютуқларига асосланади. Бунда тиббий хизмат кўрсатиш ва гендер тенглиги соҳасида қонунчилик базасини мустаҳкамлашга эътибор қаратилади.

— Жамиятда хотин-қизлар мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган кенг кўламли тадбирлар ва саъй-ҳаракатлар ҳақида қандай фикрдасиз? 

— Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўплаб соҳалар, айниқса, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимида салмоқли даражада ўсишга эришилди. Айни пайтда гендер тенглиги ҳам тўла таъминланган. Қизлар бошланғич, ўрта ва ўрта махсус таълим олиш ҳуқуқига эга.    

Гендер тенглигини мустаҳкамлаш мақсадида қонунчилик ва институционал база яратилган. Ўзбекистонда қонунчилик ва ижро ҳокимиятида аёллар иштирокини кенгайтиришнинг миллий механизмлари мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. 

1991 йилда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг миллий механизмини ифодалаган Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси ташкил этилган. 2005 йилдан бошлаб ижро ҳокимиятида хотин-қизлар сафи кенгайиб бораётганини кузатмоқдамиз. Хотин-қизлар учун меҳнат бозорида тенг имконият ва қўшимча рағбатлар яратилмоқда. Хусусан, тадбиркор аёллар учун махсус микрокредитлар ажратилаётир.   

— Ўзбекистонда хотин-қизлар турмуш шароитларини яхшилаш, улар учун янада қулай шароитлар яратишга йўналтирилган қатор дастурлар амалга оширилмоқда... 

— Дарҳақиқат, бу борадаги саъй-ҳаракатлар изчил амалга оширилаяпти. Масалан, хотин-қизларга мўлжалланган махсус микрокредитлар ажратилаётгани, аёллар спортининг оммалашаётгани, замонавий тураржой мажмуалари барпо этиш кўламининг кенгаяётганини алоҳида таъкидлаш керак. Ўзбекистон келгусида ҳам ушбу йўналишда кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишига ишончимиз комил.  

— Суҳбатимиз 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бўлиб ўтмоқда. Байрам муносабати билан Ўзбекистон хотин-қизларига тилакларингиз? 

— Ўзбекистон аёлларининг Халқаро хотин-қизлар кунини шод-хуррамлик билан нишонлашига тилакдошман. Улар жуда меҳрибон ва меҳнатсевар. Ўзбекистондаги барча эркаклар ўз оналари, турмуш ўртоқлари, опа-сингиллари ва аёл ҳамкасбларига янада кўпроқ меҳр-муҳаббат кўрсатишини тилайман. 

 

ЎзА мухбири 

Ирода УМАРОВА 

суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn