Энг салбий натижа
  • 05 Март 2016

Энг салбий натижа

Лотин Америкасидаги иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлардан бири — Бразилияда ўтган йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулот ҳажми 3,8 фоиз камайган.

Бу сўнгги 25 йил ичидаги энг кескин пасайиш ҳисобланади. Изоҳланишича, мамлакат тараққиётида хом ашё маҳсулотлари экспорти муҳим ўрин тутади. Аммо жаҳон бозорида ана шундай товарлар нархининг сезиларли даражада арзонлашгани унинг иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатди.
Қолаверса, 2015 йилнинг биргина тўртинчи чорагида инвестициялар миқдори 4,9 фоиз камайгани туфайли 1,5 миллион нафардан ортиқ фуқаро иш жойидан айрилган.

Фойда кўрмаяпти
Буюк Британиянинг “Royal Bank of Scotland” банки саккиз йилдан буён фойда нималигини билмай келаяпти. Масалан, у ўтган йили 1,97 миллиард фунт стерлинг зиён кўрди.
Мазкур молия муассасасида реструктурализация ва айрим ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш учун мос равишда 2,9 миллиард ҳамда 3,6 миллиард фунт стерлинг миқдорида маблағ сарфлангани юқоридаги каби салбий натижа келиб чиқишида асосий омил бўлди.

Уммонлар сатҳи кўтарилмоқда
Иқлимшунослар океанлар сатҳи йигирманчи асрда бундан 2700 йил аввалгига нисбатан тезроқ кўтарилганини аниқлашди. Ньюфаундленд ороли яқинидаги денгиз қатламлари ўрганилганда ана шундай хулосага келинди.
“Proceedings of the National Academy of Sciences” илмий журналида чоп этилган мақолада шу хусусда атрофлича сўз юритилган.
Масалан, 700-йилгача Ер юзидаги ўртача ҳаво ҳарорати ошгани туфайли сув сатҳи йилига 0,1 миллиметр кўтарилган. 700 — 1400 йилларда эса у 0,2 миллиметр тезликда пасайиб, якунда 8 сантиметргача тушиб кетган. 1900 — 2000 йилларда бу кўрсаткич мутлақо қарама-қарши томонга ўзгариб, 14 сантиметрга етган. Ҳозирги кунда эса уммонлар сатҳи ҳар йили 2,5-3 миллиметрга баландлаяпти. Агар дунё мамлакатлари глобал исиш жараёнини ўз вақтида тўхтата олмаса, 2100 йилгача юқоридаги рақам 1,3 метрни ташкил этиши мумкин.

Тахмин ўзини оқлайдими?
Спорт либослари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Adidas” компанияси (Германия)нинг жорий йилдаги савдо ҳажми 10 — 12 фоиз атрофида ошиши тахмин қилинаяпти.
Шунинг эвазига у 800 миллион евро ҳажмида соф фойда кўриши мумкин. Бу 2015 йилдагига нисбатан 10 фоиз кўпдир. Компания фаолиятида кутилаётган ижобий натижалар жорий йил ўтказиладиган Европа чемпионати ҳамда ёзги Олимпиада ўйинлари билан бевосита боғлиқ. Гап шундаки, “Adidas” мазкур нуфузли мусобақаларнинг бош ҳомийси ҳисобланади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn