«Ўзбекистонда замонавий фикрлайдиган ва  рақобатлашишга қодир бўлган ёшлар тарбияланмоқда»
  • 27 Февраль 2016

«Ўзбекистонда замонавий фикрлайдиган ва  рақобатлашишга қодир бўлган ёшлар тарбияланмоқда»

Республикамизда ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида улардан кенг фойдаланилаётгани мазкур соҳага мутахассислар тайёрлайдиган экспертларда катта қизиқиш уйғотмоқда. “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири Тошкентдаги Инха университети вакиллари билан мамлакатимиз технологик тараққиётининг истиқболлари юзасидан суҳбатлашди.

Жумладан, ушбу олий ўқув юртининг профессори Парк Се Гэн ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси глобал иқтисодиётда муҳим ўрин тутишини қайд этди. Унинг айтишича, мазкур тармоқ шитоб билан ривожланмоқда, бозорда янгидан-янги маҳсулотлар ҳамда хизматлар пайдо бўлаяпти. Бугунги кунда дунё хўжалигида ахборот-коммуникация технологияларининг ҳиссаси 5,5 фоизни ташкил этаётгани, 2020 йилга бориб эса жорий кўрсаткич 9 фоизга етиши кутилаётгани бунинг тасдиғидир. 

— Ўзбекистон ушбу жараёндан четда турмаётгани ҳолда, мазкур жабҳани тараққий эттириш борасида катта салоҳиятга эгадир, — деди у. — Мен 1,5 йилдан буён мамлакатингизда яшаяпман. Шу боис  эришилаётган муваффақиятлардан яхши -хабардорман. Айтайлик, смартфонлар учун янги таклифлар ишлаб чиқилмоқда, ўтказилаётган турли IT-танловларида ёш авлод вакиллари фаол иштирок этаяпти. Бу, албатта, диққатга сазовор.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратишни истардим: Ўзбекистон ҳам худди Корея Республикаси сингари таълим ва малакали кадрлар тайёрлашга фаол сармоя йўнал-тираётир. Шубҳасиз, бу АКТ ҳамда иқтисо-диётдаги инновациялар ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. 

Ишончим комилки, Жанубий Кореядаги Инха университетининг Тошкентда филиали очилгани дунёга янги маҳсулот ва хизматларни таклиф этадиган мутахассислар етказиб беришга кўмаклашади. 

Ўз навбатида, Тошкентдаги Инха университети проректори Чо Во Суг бугунги даврни “Ахборот асри”, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида юқори малакали мутахассисларга бўлган талаб кун сайин ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат пойтахтида Жанубий Кореядаги университет филиалини очиш тўғрисидаги қарори жуда тўғридир.

— Маълумки, Инха университети ахборот-коммуникация технологиялари ва инжиниринг соҳаларида халқаро мезонлар даражасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлайдиган етакчи олий ўқув юртларидан биридир, — деди Чо Во Суг. — Унинг Тошкент филиалида Корея Республикасидаги асосий университетда бўлгани каби замонавий услублар қўлланиладиган ўқув дастурлари бўйича таҳсил йўлга қўйилган. Улар халқаро андозаларга тўла мосдир. Мутахассисликка оид асосий фанлар хорижлик профессорлар томонидан ўқитилади. Ўқув жараёни инглиз тилида олиб борилади. 

Университет энг замонавий ўқув хоналари ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Физика бўйича махсус лаборатория Корея Республикасидан олиб келинган. Ҳамма қаватларга Wi-Fi тармоғи ўрнатилган. Олий ўқув юртида етакчи мутахассислар ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият кўрсатадиган компаниялар -вакиллари билан учрашувлар тез-тез ташкил этилади. Бундай тадбирлар ишлаб чиқариш ҳамда ўқув жараёни интеграциясини таъминлаши билан бирга, талабаларга индустриянинг сўнгги янгиликларидан хабардор бўлишларига кўмаклашади.

Чо Во Суг ҳозирги пайтда Тошкентдаги Инха университетида янги ўқув биноси қурилиши устида иш олиб борилаётганини ҳам маълум қилди. У ерда 500 кишига мўлжалланган конференция зали, 200 ўринли аудитория, бир неча янги ўқув хонаси ва лаборатория жойлашади. Шунингдек, таҳсил жараёнида масофадан туриб таълим бериш ва “FLIP Learning” сингари ўқитиш услубларини қўллаш ҳам режалаштирилмоқда. 

— Умуман олганда, Ўзбекистонда замонавий фикрлайдиган ва рақобатлашишга қодир бўлган ёшлар тарбияланмоқда, — деди Тошкентдаги Инха университети проректори. —  Бу йўналишда кенг қамровли ислоҳотлар ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани алоҳида эътиборга сазовордир.

«Жаҳон» АА.

Сеул

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn